Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:49

Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовадан жавоб кутмоқда


Швейцария прокуратураси юзлаб миллион "ўзбек пуллари"ни музлатиб қўйганидан бери¸ Гулнора Каримова Ўзбекистондан чиқмай¸ мамлакат ичидаги фаолиятини кучайтириб юборди.
Швейцария прокуратураси юзлаб миллион "ўзбек пуллари"ни музлатиб қўйганидан бери¸ Гулнора Каримова Ўзбекистондан чиқмай¸ мамлакат ичидаги фаолиятини кучайтириб юборди.

Швейцария Бош прокуратураси чоршанба куни тўрт Ўзбекистон фуқаросининг мамлакат банкларида музлатилган пуллари юзлаб миллион долларни ташкил этишини эълон қилди. Пул ювиш амалиëти бўйича бораëтган бу терговда швейцар прокурорлари сўроқ қилмоқчи бўлганлар орасида Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ҳам бор.

Швейцария прокуратураси тилга кирди

Чоршанба куни Швейцария Бош прокуратураси матбуот котиби Жанетт Балмер мамлакат тергов тизимларида бораëтган “миллионлаб долларлик ўзбек пуллари” манбасини қидириш жараëни юзасидан баëнот берди.

Балмернинг айтишича¸ Бош прокурор Швейцария банкларидаги бир неча ҳисобдаги юзлаб миллион франк (доллар) ни музлатиш ҳақида буйруқ берган.

Айни пайтда¸ Швейцариядаги RTS канали ушбу молиявий жанжал марказида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга яқин одамлар тургани ҳақида хабар тарқатди. Озодлик қўлган киритган ҳужжатларда бевосита президентнинг тўнғичининг исм фамилияси келтирилган.

Расмий лавозими Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ташкилотларидаги доимий намояндаси бўлган Гулнора Каримова¸ Швейцария прокуратураси пул ювиш амалиëтига алоқадорликда гумонланаëтган икки Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олганидан бери¸ Тошкентдан чиқмай қолди.

Ўзбекистон махсус хизматларига яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ Швейцария прокуратураси доимий хизмат жойи Женевага қайтмаëтган Гулнора Каримовага аталган саволларни Ўзбекистон Бош прокуратурасига жўнатган.

Швейцария прокурорлари Каримова хонимнинг пул ювиш операциялари юзасидан бораëтган тергов жараëнида туғилган 54 та саволга аниқ жавоб беришини сўраган.

Аммо Озодлик манбаси¸ ҳозирча Ўзбекистон Бош прокуратураси вакилларининг юрак ютиб бу саволларни Гулнорага узатган-узатмагани борасида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Швейцария прокуратурасининг Озодлик боғланган терговчиси¸ Тошкентга 54 бандлик саволлар рўйхати жўнатилганига оид Тошкентдан сиздирилган хабарни на тасдиқлади¸ на инкор қилди.

30 июл куни Женевада ҳибсга олинган Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашевлар Швейцария прокуратураси ўтказаëтган терговнинг асосий фигурантларидир.

Бу иккала маҳбус¸ Гулнора Каримовага қарашли Coca-Cola ширкати бошқарувчиларидир. Швейцар терговчиларини бу иккала шахс банк ҳисоблари орқали ҳаракатланган юзлаб миллион долларнинг қайдан келиб¸ қайга кетгани¸ қолаверса¸ уларнинг асл эгаси кимлиги қизиқтирмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон махсус хизматларига яқин манбасига кўра¸ ҳозирда Гулнора Каримова бу иккала маҳбусдан бирининг Швейцария прокуратураси билан ҳамкорликка рози бўлиб¸ “сирлар”ни очиб қўйишидан қаттиқ хавотирда.

Швейцариядаги банк ҳисоблари пул ювиш операцияларига алоқадорлик айби билан музлатилган яна бир Ўзбекистон фуқароси¸ “Ўздунробита” ширкатининг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовдир.

Ҳозирда қаерда экани номаълумлигича қолаëтган Беҳзод Аҳмедов узоқ йиллар Гулнора Каримованинг энг яқин одами бўлган ва президент қизининг молиявий амалларини бошқариб келган. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ ҳозирда Аҳмедов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланмоқда. Айни пайтда¸ Озодлик билан суҳбатда МТС бошқарувчилари Ўзбекистон прокуратураси томонидан ҳам турли молиявий жиноятларда айбланаëтган Беҳзод Аҳмедовнинг қаерда экани ҳақида аниқ маълумот йўқлигини билдирди.

Калаванинг учи

Озодлик манбаларига кўра, Швейцария прокуратураси томонидан “пул ювишда” айблаётган тўртинчи шахс 27 яшар Ўзбекистон фуқароси¸ Гулнора Каримованинг яқин гумашталаридан бири Гаянэ Авакияндир.

Расман Фонд Форум уюштирадиган Style.uz маданият ҳафталиклари бош директори ҳисобланган миллати арман бўлган Гаянэ Авакиян ҳам, Озодлик манбалари таъкидича¸ Гулнора Каримованинг молиявий ишларини бошқариб келган.

Швеция телевидениесида 19 сентябр куни намойиш этилиши кутилаëтган "Вазифа: Текшириш" номли ҳужжатли филмда Швейцарияда бораëтган тергов марказидаги бу қизнинг Швециядаги TeliaSonera телекоммуникация ширкатининг ҳам швейцар терговчилари назарига тушишига сабаб бўлгани ҳақида гапирилади.

Улушининг 37 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги UCell мобил операторининг 94 фоиз улушига эгалик қилади.

Швейцария терговчилари¸ қолаверса Швеция журналистлари TeliaSoneraнинг айнан Гулнора Каримовага яқин аëл воситасида президент қизига миллионлаб доллар “откат” берганини тахмин қилмоқда.

Айтилишича¸ TeliaSonera Ўзбекистонда 3G мобил телефон алоқа хизматини йўлга қўйиш учун рухсат олиш эвазига Гибралтарда қайд қилинган Takilant Ltd ширкатига 320 миллион долларга тенг пул ўтказган. Бу ширкат эгаси¸ айни пайтда 2007 йилда Швеция ширкатининг Ўзбекистонда иш бошлашига асос бўлган юзлаб миллион долларлик контрактга воситачилик қилган бу қиз эса¸ Озодлик манбаларига кўра¸ айнан Гаянэ Авакияндир.

Тахминларга кўра¸ Гулнора Каримова TeliaSonera ўзига тўлаган "хизмат ҳаққи" - юз миллионлаб доллар пулни Авакияннинг Швейцария банкидаги ҳисоблари орқали ўзлаштирган бўлиши мумкин.

Озодлик манбаларига кўра¸ Швейцария банкларидаги ҳисоблари пул ювишда тахмин этилиб¸ музлатилган тўрт шахснинг бу банклар орқали қилган олди-бердиси уларнинг бир шахс – Гулнора Каримовага бориб тақалишини кўрсатган ва бу операцияларнинг асос эгаси айнан Ўзбекистон президентининг қизи экани юзасидан жиддий шубҳалар туғдирган.

Гулнора Каримова бу шубҳаларни тарқатиш учун Швейцарияга қайтиб¸ бу мамлакат прокуратураси билан ҳамкорлик қиладими¸ ëхуд швейцар терговчилари саволларига Тошкентдан туриб бўлса ҳам¸ жавоб берадими¸ буниси ҳозирча номаълум.

Айни пайтда¸ Гулнора Каримова тергов билан ҳамкорликдан мутлақ бўйин товлаши ҳам мумкин. Фақат бундай вазиятда¸ Каримованинг Ғарбдаги эмин-эркин ҳаëтига хотима берилиб¸ у Ўзбекистондан чиқа олмай қолиши мумкин.

Ҳар қалай¸ чоршанба куни Швейцария Бош прокуратурасининг матбуотга “ўзбек пуллари” бўйича бораëтган терговга оид¸ ўта қисқа бўлсин¸ маълумот беришга мажбур бўлгани¸ Швейцарияда “ўзбек пуллари” тагига етиш бўйича жиддий ишлар бораëтганидан ишоратдир.
XS
SM
MD
LG