Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Гулнора билан келишув TeliaSoneraга қимматга тушиши мумкин


TeliaSonera юзлаб миллион доллар пул ўтказган оффшордаги Takilant ширкати эгаси сифатида Гулнора Каримованинг яқин гумаштаси Гаяне Авакян қайд этилган.
TeliaSonera юзлаб миллион доллар пул ўтказган оффшордаги Takilant ширкати эгаси сифатида Гулнора Каримованинг яқин гумаштаси Гаяне Авакян қайд этилган.

Учдан бир қисм акциялари Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганликда айбланмоқда. Бу айблов ортидан Швецияда юзага чиққан жанжал ширкат раҳбарлари истеъфоси ва унинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши билан тугаши мумкин.


TeliaSonera Ўзбекистондан чиқиб кетиши мумкин

Ўзбекистондаги йирик мобил алоқа оператори UCell эгаси Швециянинг TeliaSonera президенти ширкатнинг Ўзбекистонда давомли қолиши учун тижорий ва бошқа шароитларнинг қанчалик рағбатли экани мунтазам ўрганилаëтгани ва бу шароит мақсадга мувофиқ деб топилмаса¸ ширкат Ўзбекистонни тарк этиши мумкинлигини билдирди.

TeliaSonera президенти Ларс Нюбергнинг бу баëноти 20 сентябр куни ўтказилган матбуот анжуманида янгради.

Айни шу анжуманда TeliaSonera президенти 2007 йилда Ўзбекистон ҳукуматидан лицензия олиш учун режим¸ аниқроғи Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора берганлик айблари юзасидан жавоб беришга мажбур бўлди.

Швеция жамоатчилик телевидениесининг 19 сентябр кунги “Вазифа:Текшириш” деб номланган кўрсатувида намойиш этилган "TeliaSonera - ўзбек иши" деб номланган ҳужжатли филмда учдан бир қисм акциялари Стокҳолм ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera шаънига ўта жиддий айб қўйилди.

Филмда швед ширкати 2007 йилда ўзбек мобил алоқа бозорига кириб¸ UCell корхонасини очиш учун Гулнора Каримовага 337 миллион АҚШ доллари миқдорида “откат” берганликда айбланмоқда.

TeliaSonera айбловларни рад қилди

20 сентябр кунги матбуот анжуманида TeliaSonera президенти Ларс Нюберг ҳужжатли филмдаги айбловларини кескин рад этди.




Айни пайтда¸ TeliaSonera бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ширкатдан мустақил одамлар ëлланиши¸ агар ширкатнинг Ўзбекистонда ғайриқонуний ва ғайриахлоқий ишларга аралашгани исботланса¸ ўзининг истеъфога кетажагини эълон қилди.

Стокҳолмдаги матбуот анжумани тугаши билан Озодлик саволларига жавоб берган TeliaSonera ширкати вице-президенти Сисилия Эдстром ҳам ўз бошлиғи баëнотини сўзма-сўз такрорлади:

- Бизнинг нуқтаи назаримиздан¸ ҳеч кимга пора бермаганимиз¸ ҳеч қандай пул ювиш операциясига аралашмаганимиз борасида ишончимиз комил. Аммо бу журналистлар бизга қарши ўта жиддий айблов қўймоқда. Биз пул ўтказган ширкат рисоладагидай рўйхатдан ўтган ва биз сотиб олган частота ва лицензиянинг эгаси сифатида ҳуқуқий мақомга эга эди. Биз шартнома тузган шахснинг бу ширкат номидан иш кўриш ваколати бор эди. Биз ўтказган суриштирувдан шулар аниқланди ва бундан бошқа нарса чиқмади¸ дейди 20 сентябр куни TeliaSonera президенти билан матбуот анжумани ўтказган ширкат вице-президенти Сисилия Эдстром хоним.

Швецияда можаро пишиб етилмоқда

19 сентябр куни Швециянинг SVT жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган ҳужжатли филм¸ шу куниëқ мамлакатда шов-шувга сабаб бўлди ва ҳукумат ва TeliaSonera коридорларида жиддий можаро бошланишига асос бўлди.

- Бу ҳозирда Швециядаги жуда-жуда катта воқеага айланди. Кеча филм намойиш қилиниши ортидан Жамоатчилик ҳолдинглари бўйича давлат вазири телевидениеда чиқиш қилиб¸ қўйилаëтган айбловларнинг ниҳоятда жиддий экани ва бу саволларга аниқ жавоб берилиши лозимлиги ҳақида баëнот берди. Айни пайтда¸ Швецияда жиддий молиявий фирибгарликларни тафтиш қилувчи махсус давлат идораси бор. Бу идора ҳам вазиятни яқиндан кузатмоқда ва тез орада TeliaSoneraнинг Ўзбекистон ҳукуматидан қандай қилиб частота ва лизенцияни сотиб олгани юзасидан расмий жиноий иш очилса керак¸ дейди ҳужжатли филм муаллифларидан бири Фредрик Лаурин Озодлик билан суҳбатда.


“TeliaSonera - ўзбек иши” хулосалари

Фредрик Лауринга кўра¸ учдан бир қисми Швеция ҳукуматига қарашли бўлган ва ўз бизнес этикаси билан мунтазам мақтаниб келадиган TeliaSonera ширкати қандай қилиб Ўзбекистон каби сиëсий коррупция ботқоғига ботган диктаторлик давлатига кириб¸ бу давлатда “тоза” бизнес қилаëтгани борасида туғилган саволлар¸ олти ой муқаддам ўзи ва икки ҳамкасбини кенг кўламли суриштирув ўтказишга ундайди.

Филм муаллифлари билан суҳбатда Марказий Осиë бўйича швед таҳлилчилари¸ Ўзбекистонда пора бермасдан бизнес қилишнинг деярли имконсиз ҳолат эканини айтадилар.

Мустақил ҳисоботларда¸ дунëнинг энг коррупциялашган режими деб келинадиган Ўзбекистон ҳукумати билан TeliaSoneraнинг илк келишуви 2007 йилда амалга оширилган.

Аммо швед ҳукумати учдан бир қисм мулкдори бўлган TeliaSoneraнинг Ўзбекистон бозорига киришга йўл очган бу келишув Тошкент ëки Стокҳолмда эмас¸ Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва TeliaSonera ўртасида эмас¸ балки Тошкентдан 6300 километр узоқликда жойлашган Гибралтардаги Takilant Ltd. ширкати билан имзоланади.

TeliaSoneraдан чиққан миллионлаб доллар пул¸ ҳужжатли филм эгалари таъкидича¸ охир-оқибат Гулнора Каримовага қарашли қўғирчоқ ширкатлар ҳисобига бириб тушмоқда.
TeliaSoneraдан чиққан миллионлаб доллар пул¸ ҳужжатли филм эгалари таъкидича¸ охир-оқибат Гулнора Каримовага қарашли қўғирчоқ ширкатлар ҳисобига бириб тушмоқда.
Гибралтар каби оффшор ҳудудлар эса солиқдан қочиш ëхуд ҳақиқий эгалари кимлигини яширишни мақсад қилганлар учун жаннатмакон ердир¸ дейди Takilant тагига етиш учун у рўйхатдан ўтган Гибралтарга саëҳат қилган швед журналистлари.

Регистрация қоғозларида манзили 26 Main Street деб кўрсатилган Takilantни бу манзилдан топа олмаган мухбирлар¸ Гибралтарда ширкатларни рўйхатдан ўтказиш идорасига бориб¸ Takilantга оид бир неча варақлик қоғозларни олади. Бу қоғозларда Takilant эгаси сифатида биргина шахс – 1985 йилда туғилган Гаяне Авакян кўрсатилган.

27 яшар Гаяне Авакян эса¸ Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримованинг яқин одамларидан бири ва у ўтказиб келадиган турли мода лойиҳалари директори ҳамдир.

Айни Гаяне Авакян¸ ҳозирда Швейцария Бош прокуратураси бошлаган ўзбек пулларининг ювилишига оид кенг кўламли жиноий ишдаги асосий шахс ва Швейцария томонидан халқаро қидирувга берилган.

Тўрт Ўзбекистон фуқаросига нисбатан очилган бу жиноий иш фигурантлари юзлаб миллион долларни ўз ичига олувчи йирик пул ювиш операцияларини амалга оширганликда айбланмоқда ва улар ҳисобидаги бу пуллар ҳозирда Швейцария Бош прокурори буйруғи билан музлатиб қўйилди. Швейцар терговчилари тахминича¸ бу тўртала шахс банк ҳисоблари орқали ҳаракатланган юзлаб миллионнинг асл эгаси Гулнора Каримова бўлиши мумкин.

Излар Гулнора Каримовага етганда йўқолмоқда

Шундай қилиб бир-биридан мустақил суриштирув ва текширув ўтказаëтган швед журналистлари ва Швейцария терговчилари ихтиëридаги маълумот ва ҳужжатлар бир шахс - Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова келиб тақалмоқда.

Takilantни бевосита рўйхатга олган агент Жонатан Стагнетто швед мухбирлари билан суҳбатда¸ оффшор қоидасига кўра¸ ширкатларнинг нима билан шуғулланишию¸ уларнинг асл эгалари кимлигини суриштириш ўз ишига кирмаслигини айтади.

Айни пайтда¸ бу соҳада 23 йиллик тажрибага эга Стагнетто Takilant эгаси деб қайддан ўтказилган Авакян каби шахсларнинг шунчаки қўғирчоқ экани¸ бу ширкатлар ва улар орқали қилинадиган молиявий операцияларнинг асл эгаси¸ айниқса Ўзбекистон шароитида¸ бошқалар бўлиши ҳақиқатга жуда яқин эканини айтади.

Журналистик суриштирув давомида¸ TeliaSoneraнинг Takilantга тўлагани айтилган 2 миллиард 200 миллион кроннинг Takilant кирим-чиқим дафтарида мутлақ қайд этилмагани аниқланади.

Takilantнинг изи Гибралтардан Россияга элтгани¸ аммо Россияда изсиз йўқолганини ўрганган филм муаллифлари қўлга киритганлари молиявий ҳужжатларни шарҳлашни сўраб Швециядаги молиявий жиноятларни тергов қилиш борасидаги энг нуфузли мутахассис Ларс Ҳаммарга мурожаат қиладилар.

- Бу ерда гап ë пул ювиш ëки откат тўлаш ҳақида бормоқда. Бу қоғозлар Takilantга тўланган пулларнинг амалда президентнинг қизига берилганини кўрсатиши мумкин. Бу келишувнинг тоза эмаслигини айтаëтган ягона швед мен бўлмасам керак. Бу келишувнинг сассиғи чиқаëтир¸ дейди Takilant билан TeliaSonera келишувини ўргангач Ҳаммар.

Швейцариядаги банк ҳисобларидан ҳам қўланса ҳид чиқмоқда

- Июл ойида икки ўзбек фуқароси Женевада қамоққа олинди ва шундан сўнг Швейцария адлия тизимлари ниҳоятда кенг кўламли тергов жараëнини бошлади. Бу ерда гап юзлаб миллион доллар пул ҳақида бормоқда ва бунинг кўлами “араб баҳори” даврида швейцар ҳукумати музлатган пуллар билан айнидир¸ дейди Швейцария суриштирув журналистикаси намояндаси Yves Steiner.

Бу журналистга кўра¸ ҳозирда Швейцария Бош прокуратураси олиб бораëтган бу тергов жараëнига халқаро майдондаги йирик телекоммуникация ширкатлари ва бир неча давлат молиявий тизимлари тортилган.

- Бу ҳозирга келиб Франция¸ Ўзбекистон¸ Россия¸ Буюк Британия ва Швецияни ўз ичига олган халқаро терговга айланди. Бу терговдаги марказий фигуралардан бири Гаяне Авакяндир. Швеция Адлия вазирлиги ва TeliaSonera ҳам бу терговда бор. Аммо бу тергов ўта махфий бўлгани боис¸ ҳозирча унга оид тафсилотларни олиш қийин¸ дейди Швейцария банк тизимлари фаолиятини яқиндан ўрганиб келаëтган Steiner.

Тошкент "айбдор"ни топди

Ҳозирча на Тошкент ҳукумати ва на Гулнора Каримова Швеция ва Швейцариядан чиқаëтган айбловларга муносабат билдирганича йўқ.

Швеция журналистлари¸ Швейцарияда эса¸ терговчилар Гулнора Каримованинг юзлаб миллион долларлик пул ювиш операцияларига алоқадорлигини синчковлик билан ўрганиб¸ ундан бу борада жавоб кутаëтган бир пайтда¸ президентнинг эркаси Тошкентда ғарблик зодагон дугоналари учун навбатдаги кўнгилхушлик уюштиришга ҳозирланмоқда. Шу кунларда 4-9 октябрда Тошкентда ўтказиладиган ArtWeekStyle.uz мода ҳафталигига келадиган меҳмонлар рўйхати устида қизғин иш бормоқда.

Айни пайтда¸ бу жанжал саси Тошкентда ҳам билвосита аск-садо берди - 20 сентябр куни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг собиқ директори ва Ўзбекистон телекоммуникация бозорининг узоқ йиллар расмий эгаси бўлиб келган Абдулла Ориповга қарши жиноий иш очилгани маълум бўлди.

Тошкент МТС¸ айни пайтда¸ TeliaSonera билан боғлиқ можаролар учун Абдулла Ориповни балогардон қилди.

Кузатувчилар фикрича¸ пул ювиш ва откат учун бутун айбни телекоммуникация соҳасидаги расмий ваколатлар эгаси Абдулла Ориповга тўнкаш билан Гулнора Каримова яна сувдан қуруқ чиқишга уринаëтган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG