Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:36

2011 йил: Биринчи қизлар найранглари


Дунёнинг қатор мустабидларини ағдарган 2011 йилда авторитар режимлар эркатойлари учун ҳатто халқаро миқёсдаги базми-жамшидлар эшиклари ёпилди.
Дунёнинг қатор мустабидларини ағдарган 2011 йилда авторитар режимлар эркатойлари учун ҳатто халқаро миқёсдаги базми-жамшидлар эшиклари ёпилди.

2011 йил Ўзбекистон биринчи оиласи учун бирмунча ёқимсиз воқеалар билан эсда қоладиган бўлди, дейиш мумкин. Бу ходисалар биринчи оиланинг икки қизи Гулнора Каримова ва Лола Каримова-Тиллаевалар билан боғлиқдир. Тугаб бораётган йилда қизларнинг кенжаси ўзи истамаган ҳолда отаси - Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг суд қарори билан диктатор дея тан олинишига сабабчи бўлди. Тўнғич қиз Гулноранинг эса, Ўзбекистон жаҳон мода оламида ўзига яраша ўринга эгалигини кўрсатиш уринишлари, унинг Нью Йоркдаги модалар шоусидан ҳайдалиши ва яна Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосининг халқаро майдон кун тартибига чиқиши билан тугади.


Швейцариянинг энг бадавлат кишилари Гулнора ва Лола


2011 йил президент қизлари учун, умуман олганда, ёмон бошланмади. Ҳам Гулнора Каримова, ҳам Лола Каримова-Тиллаева 2010 йилда Швейцариядан баҳоси ўн миллионлаб АҚШ долларига тенг данғиллама ҳовлиларни сотиб олгани 2011 йил бошида маҳаллий матбуотда ёритилди ва швейцарияликларнинг Ўзбекистон биринчи қизларини яхшироқ таниб олишларига ҳисса қўшди. Швейцария матбуоти 2010 йилда иккала қизни мамлакатда истиқомат қилаётган энг бадавлат кишилар рўйхатига ҳам қўшган эди.

Бунда ҳокимиятни тергаб туришни одат қилган швейцарияликларда дуёндаги энг авторитар режимлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон президенти қизлари “бунча пулни қаердан олдийкин”, деган шубҳалар ҳам пайдо бўлди, албатта.

Бундан ташқари, расман дипломат бўлишларига қарамасдан, ҳар иккала қизнинг гламур оламидаги энг сара кишилар бўлиш истаги панд берди шекилли, ғарб матбуоти уларни йил давомида тинч қўймади.

30 минг евролик "диктатор"


Кўпдан бери Гулнора ва Лоланинг отаси - Ўзбекистон раҳбарини танқид қилиб келадиган Франциядаги Rue89 интернет нашри йил бошида эълон қилган мақолаларидан бирида яна “диктатор Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова” Ўзбекистоннинг имижини безаб кўрсатиш мақсадида “Ғарб, хусусан, француз зодагонлари, кино ва санъат юлдузлари иштирокида ҳашаматли зиëфатлар ва хайрия кечалари уюштирмоқда”, деб ёзди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили Лола Каримова-Тиллаева француз зодагон ва санъат юлдузлари учун зиёфат уюштириб туриши рост. Бу суратда француз кино юлдузи Ален Делон яна италян кино юлдузи Моника Белуччи (чапда) ва мезбони Лолахонни қучиб турибди.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили Лола Каримова-Тиллаева француз зодагон ва санъат юлдузлари учун зиёфат уюштириб туриши рост. Бу суратда француз кино юлдузи Ален Делон яна италян кино юлдузи Моника Белуччи (чапда) ва мезбони Лолахонни қучиб турибди.
Хизмат лавозими боис Парижда яшайдиган Лола Каримова-Тиллаева отасини “диктатор”, деб атаган француз журналистини апрел ойида судга берди. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили “туҳмат маълумот тарқатиш орқали ўз обрўсига путур етказган” Rue89 нашри мухбиридан маънавий зарар учун 30 минг евро ундирилишини талаб қилди.

Президент қизидан бу ҳақда изоҳ олишнинг иложи бўлмади, лекин Rue89 нашридаги Ўзбекистон ҳақида мақолалар муаллифи Агустен Скалбер Озодлик билан апрел ойидаги суҳбатда ўз мақолаларини ёқлаб бундай деган эди.

- Сайтимизда Лола Каримова ҳақида учта мақола чоп этилди. Бу мақолаларда Лола Каримованинг ОИТС каби касалликлар ëки дунë бўйлаб қашшоқликка қарши кураш, ëхуд инсон ҳақларини қўллашга оид хайрия кечалари ўтказиш орқали Ўзбекистоннинг Франциядаги имижини бўяб-бежаб кўрсатишга уринаëтганини ëзган эдик. Аслида Лола Каримованинг диктатор отаси Ўзбекистонда бу масалалар бўйича қизи тарғиб қилаëтган ишларнинг мутлақ аксини қилмоқда¸ деган эди журналист Агустен Скалбер.

Лола Каримова-Тиллаеванинг отасини "диктатор" деб атаб, сўзини судда исботлаган француз журналисти Агустен Скалбер.
Лола Каримова-Тиллаеванинг отасини "диктатор" деб атаб, сўзини судда исботлаган француз журналисти Агустен Скалбер.
Дарвоқе, Лола Тиллаева-Каримова француз нашрини судга берганидани кейин Америкада чиқадиган Newsweek журнали ва CBSNews медиа ширкати ҳам, Ислом Каримовни дуёнинг энг мустабид диктаторлари ўнлигига қўшди.

Май ойида Париж суди президент қизининг француз журналисти устидан шикоятини кўриб чиқишни бошлади. Албатта, Марказий Осиёдаги давлатларнинг биттасида ёки, айтайлик, Қадимги Византияда суд “нега давлатимиз раҳбарини бундай деб атайсан”, деб журналистни жарима у ёқда турсин, қамоқ жазосига ҳукм қилиб юбориши ҳам мумкин эди.

Лекин Франция суди мустақил бўлгани учун маҳкама ишини “бошқачароқ” олиб борди. Журналистни жаримага тортиб қўя қолиш ўрнига суд аввал Ислом Каримовнинг ҳақиқатан ҳам диктатор ёки диктатор эмаслигини аниқлашга киришди.

Жавобгар томон гувоҳ сифатида Каримов режими қурбонлари, жумладан, ўзбек қамоқларида қийноққа солинганлар, собиқ сиёсий маҳбусларни жалб қилди.

Судда Лола Каримованинг ўзи қатнашмади. Уни ҳимоя қилган адвокат Антуан Жерме Rue89 нашри ҳимоячилари иддаоларини эшитгач “мен тухмат билан боғлиқ маҳкамага келувдим, бу ерда режим устидан халқаро маҳкама ўтказилаётганга ўхшайди”, дея тарвузи қўлтиғидан тушди.

Rue89 нашри адвокати Антуан Комте Озодлик билан суҳбатда Каримовани француз нашри ҳақоратлагани ҳақида унинг адвокати келтирган аргументларни “жуда заиф”, деб атади.

- Лола Каримова адвокати жуда заиф аргументларни келтирди. Бу ерда у ҳақоратланганлиги даъво қилиняпти, лекин буни исботловчи далилларни улар келтира олишмади. Rue89 нашри сўз эркинлиги меъёрларига зид келадиган ҳаракат қилмаган ва прокурор ҳам буни эътироф этди,- деди Антуан Комте.

Ҳукм 1 июл куни чиқди. Лола Каримова-Тиллаева адвокатининг ўз мижози талаб қилаётган 30 минг еврони ҳайрия мақсадларига ишлатиш ниятида, деган даъволари ҳам ёрдам бермади. Суд Rue89 нашри фойдасига ҳукм чиқарди.

Шундай қилиб, Лола Каримова-Тиллаева ўзи ва отаси шаънини ҳимоя қиламан, деб “қош қўйиш ўрнига, кўз чиқарди” – Фарнция суди қарори билан ўзи “диктаторнинг қизи”, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса “диктатор” дея тан олинди.

Лекин Лола Каримова-Тиллаевага у истаган 30 минг евро келтирмаган бу кўнгилсиз ходиса кўп ўтмай бошқа бахтли воқеа билан қопланди. Президент қизи турмуш ўртоғига учинчи фарзанд, отасига бешинчи набирани тухфа қилди.

New York, New York


Тўнғич қиз Гулнора ҳам тинч ўтиргани йўқ. У ҳам Ўзбекистоннинг ўзида турли томошаларни уюштиришдан ташқари гламур олами орқали халқаро майдонда Ўзбекистон имижини яхшилаш уринишлари билан машғул бўлди.

Бу томошалар орасида энг эсда қолгани Ню Йоркни забт этиш ҳаракати бўлди.

Август ойида Гулнора Каримова ўзининг Guli брэнди остидаги кийимлар билан Ню Йоркдаги нуфузли модалар кўргазмасида қатнашиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бу хабар норозилик намойишлари ҳамда "Ню Йорк пост" газеатсида "Қотил диктаторнинг қизи мода кўрсатмоқда" номли мақола билан қарши олинди.

Гулнора Каримованинг Ню Йоркни забт этиш уриниши бу йил фиаскога учради.
Гулнора Каримованинг Ню Йоркни забт этиш уриниши бу йил фиаскога учради.
Агар бу тадбир Марказий Осиёдаги битта давлат ёки Қадимги Византияда ўтказилганида норозилару "Ню Йорк пост" газетаси кўрадиганини кўрарди.

Лекин Ню Йоркда Ўзбекистон Халқ ҳаракати, Халқаро меҳнат жамғармаси ва бошқа ташкилотлар иштирокида ўтган норозилик қатнашчилари бемалол “Эй Гулнора, 4 йил олдин мен терган пахта ҳақини бермовдинг”, “Эй Гулнора, бола меҳнатидан фойдаланишни тўхтат!” каби шиорларни кўтариб Mercedes Benz ширкати ҳомийлигидаги IMG Fashion Week тадбири ўтказиладиган Lincoln Center олдига чиқди.

- Биз бу ерга, Гулнора Каримова Guli номли моделлари билан қатнашиши кутилаётган модалар ҳафталиги ўтказиладиган бино олдига келишимиздан мақсад Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосига эътибор қаратишдир. Гулнора бундай тадбирда қатнашмаслиги керак, унинг отаси Ислом Каримов ҳар йили икки миллион ўзбек болаларини пахта далаларида ишлатади ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳамон аянчилигича қолмоқда. Шунинг учун америкаликларга бу ҳақда билдириш учун бу ерга келдик, деган эди тадбир ташкилотчиларидан бири Америка ўқитувчилари уюшмаси вакили Эбби Миллс.

Фаолларнинг саъй ҳаракатлари натижа берди ва Гулнора Каримова IMG Fashion Week тадбиридан қувилди.

Бу қарор нуфузли ташкилотлар томонидан олқишланиб, келгусида бу каби тадбирларда мустабид режимлар вакилларига ўрин берилмаслигига умид қилинди.

Жумладан Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Ҳю Уилямсон Озодлик билан суҳбатда бундай деди:

"Гулнора Каримова, тўрт йил аввал терган пахтам учун ҳаққимни ҳалигача ололганим йўқ."
"Гулнора Каримова, тўрт йил аввал терган пахтам учун ҳаққимни ҳалигача ололганим йўқ."
- Болаларни қул қилиб ишлатиш, диссидентларни қийноққа солиш ҳеч қачон безак бўлмаган. Мода ҳафталиги шоҳсупасида репрессив ҳукумат вакилига ўрин берилмагани бу режим учун тўғри мужда йўллайди, деб умид қиламиз. Гулнора Каримова, инсон ҳуқуқлари энг абгор бўлган ўзбек режимининг асосий намояндаларидан бири ҳисобланади. Бу каби тадбирлар унинг ўзи ва отаси бош бўлган ҳукумат имижини оқлашга ёрдам беради. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, дея ўз муносабатини билдирган эди Гулноранинг IMG Fashion Week тадбиридан ҳайдалишига ҲРУ вакили Ҳю Уилямсон.

Гулнора ҳам бўш келмади ва IMG Fashion Week кўргазмасига муқобил тарзда ўз томошасини Ню Йоркдаги "донғи" шубҳали бўлган Cipriani ресторанида ўтказди.

Лекин инсон ҳуқуқлари фаоллари у ерда ҳам Ўзбекистон биринчи қизини тинч қўймади. Норозилик тадбирлари у ерда ҳам давом этди.

Шундай қилиб, тўнғич қизнинг ҳам Ўзбекистон обрўсини кўтараман, деб қилган ҳаракатлари Ўзбекистоннинг халқаро майдонда болалар меҳнати муаммоси билан танилишига ҳисса қўшди.

Гулнора Каримова 2011 йилги Канн кинофестивал доирасида ўтказиладиган “Кино ОИТСга қарши” тадбирида ҳам қатнаша олмади. АҚШдаги amfAR ОИТСга оид тадқиқотлар жамғармаси ташкил қиладиган тадбирнинг аввалги икки мавсумида Гулнора Каримова катта пул ҳайрия қилиш эвазига унда ҳамраис сифатида қатнашиш имконини қўлга киритга эди.

Халқаро ташкилотларнинг бу хусусида билдирган танқиду норозиликлари amfAR нинг бу йил Гулнорани таклиф қилмаслик қарорига сабаб бўлгани айтилди.

2011 йилда икки қизнинг ўз оталари Ўзбекистонда қурган тузумни жаҳонга овоза қилиш ҳаракатлари унчалик ўхшамади. Лекин йил охирида уларни овунтириши мумкин бўлган бир хабар чиқди – Швейцариядаги Bilan журнали яна Гулнора ва Лолани Швейцарияда яшовчи энг бадавлат кишилар рўйхатига киритди.
XS
SM
MD
LG