Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Гулнора Каримова Швейцария бойлари рўйхатида


Гулнора Каримова Швейцариянинг дунëга машҳур Chopard заргарлик брэнди учун махсус тақинчоқлар ҳозирлаш билан ҳам Европа матбуоти оғзига тушган.
Гулнора Каримова Швейцариянинг дунëга машҳур Chopard заргарлик брэнди учун махсус тақинчоқлар ҳозирлаш билан ҳам Европа матбуоти оғзига тушган.

Швейцарияда Гулнора Каримованинг қарийб 700 миллион доллар пули бор. Бу маблағ билан Каримова хоним Bilan иқтисодий журнали ҳозирлаган швейцариялик ва бу мамлакатда яшайдиган бошқа чет эллик бойлар рўйхати тепасидан жой олди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг қизи журнал тузган “Янги бойлар” рўйхатининг 6-поғонасини, “Бой аёллар” рўйхатининг 9-поғонасини эгаллаган.

Швейцариядаги бойлар рўйхатини тузган Bilan (французча “Якун” дегани) журнали билан боғландик.

Нашр вакилининг айтишича, журнал тузган икки рўйхатга камида 100 миллион франки (1 Швейцария франки = 1 АҚШ $) бор швейцариялик ва бу мамлакатда истиқомат қиладиган чет эллик бадавлатлар киритилган.

- Гулнора Каримова журналимиз ҳар йили тузадиган рўйхатга бу йил биринчи марта киритилди, деди Bilan журналининг исмини айтмаслигимизни сўраган вакили.

Маълумки, Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова БМТ ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотларнинг Женевада жойлашган ваколатхоналаридаги Ўзбекистон вакили сифатида Швейцарияда истиқомат қилади.

Каримова хонимнинг бу мамлакат бойлари рўйхатига киритилиши шундан.

Президент қизи яшаётган Швейцарияда бошқа бир ўзбекистонлик – собиқ дипломат ва мустақил журналист Алишер Таксанов ҳам истиқомат қилади.

Bilan журнали Гулнора Каримова киритилган рўйхати эълон қилиниши биланоқ унга муносабат тарзида Алишер сайтлардан бирида мақола эълон қилди.

Биз “Бойлар ҳам йиғлайдими?” деган сарлавҳали мақола муаллифига бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Bilan журнали эълон қилган рақам – 600 – 700 миллион франк Гулнора Каримованинг шахсий маблағими?

Алишер Таксанов: Бу унинг шахсий ҳисобида сақланаётган пулдир.

Озодлик: Қаердан келган бунча пул Гулнора Каримовага?

Алишер Таксанов: "Зеромакс" ширкатиданми, олтин, нефт ёки пахта савдосиданми, бошқа соҳаларданми – қаердан келиб тушгани маълум эмас.

Озодлик: Келтирилган маблағ Каримованинг ҳамма пулими?

Алишер Таксанов: Менимча, бу журналистлар излаб топган маълумотлардангина пайдо бўлган рақам. Каримова бойлигининг асл кўлами маълум бўлганидан анча катта бўлса керак. Менимча, келтирилган рақам Гулнора Каримованинг ўзи қандайдир бир кўринишда эълон қилган маълумотлардир.

Озодлик: Каримова хоним бойлигининг асл кўлами қанчалик бўлиши мумкин?

Алишер Таксанов: Реал кўламни ҳеч ким билмайди. Масалан, Марказий разведка бошқармаси (АҚШ) маълумотлари билан таниш бир киши билан гаплашганман. Унинг айтишича, Каримовлар оиласи чет элда жойлаштирган, қўшма корхоналарга сармоя сифатида ётқизган, банкларда сақлаётган пуллар 4 миллиарддан 7 миллиард долларгачадир.

Озодлик: Оддий тингловчи бунча пулни тасаввур қилолмайди...

- Ўзбекистон учун бу жуда катта рақам. Бу Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажмидир. Ва у бир кишининг қўлида. Бу Ўзбекистон ички ялпи маҳсулотининг бешдан бир қисмидир, дейиш мумкин, деди ўзбекистонлик собиқ дипломат ва мустақил журналист, ҳозирда Швейцарияда яшаётган Алишер Таксанов.

Биз Bilan журналининг Гулнора Каримова киритилган бойлар рўйхати юзасидан фикр билдиришини сўраб, бир неча йил муқаддам Каримова хоним бошқарган ширкатда масъул лавозимда ишлаган, ҳозирда Ўзбекистондан ташқарида яшаётган Фарҳод Иноғомбоевга ҳам мурожаат қилдик.

Озодлик: 600 миллиондан 700 миллион франккача пули бор экан. Сиз шу рақамга ишонасизми? Бу рақам камми кўпми?

Фарҳод Иноғомбоев: Ишонаман, деб ўйлайман. Энди бу пулнинг озми кўплиги қандоқ ўлчашингизга¸ Гулноранинг яшаш даражасига ëки унинг шароитига қараб айтасиз уни.

Озодлик: Мен сизгача бошқа бир эксперт билан гаплашдим. У киши “Бу Гулнора Каримованинг пулининг бир қисми холос. Журналистлар излаб топган маълумот бўлиши мумкин. Аслида бир неча бор кўп бўлиши мумкин” деди. Сиз нима деган бўлардингиз?

Фарҳод Иноғомбоев: Мен энди ҳаммасими ëки ҳаммаси эмасми, айта олмайман. Лекин битта нарсани аниқ айтса бўлади. Швейцарияда ҳам буни очиқ ëзишни бошлашаяпти. Гулнора Каримова ҳам аста-секин Европага қулай жойлашиб олган олигархлар рўйхатидан ўзига ном қилган. Пули 600 миллионми¸ 700 миллионми¸ бир миллиардми¸ муҳими шундаки¸ Гулнора ўша ерда ном чиқариб¸ олигарх дейсизми¸ дипломат дейсизми¸ ўшалар қаторида ўзига жой эгаллаган. Ўзини Европанинг юқори жамияти¸ ҳозирги тил билан айтганда эстаблишментининг аъзоси деб билади. Энди бу қанчалик кулгили¸ Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида мос келадиганми ëки йўқми¸ кўпчилик ўзбекистонликлар учун кулгили деса кулгили деб бўлмайдиган¸ ачинарли деса ачинарли деб бўлмайдиган бир ҳол.

Озодлик: Мана биласиз, Гулнора Каримова давлат хизматчиси. Давлат хизматчисининг ҳисоб рақамида шунча пул қаердан пайдо бўлиб қолган?

- Собиқ иттифоқ ҳудудида¸ нафақат Ўзбекистонда балки бир қатор бошқа мамлакатларда¸ Россияда¸ Қозоғистонда бу оддий ҳолатга айланган. Оддий ўзбекистонликлар учун бу, албатта, нотўғри нарса. Ўзбекистоннинг ҳозирги замонавий шароитида юқори лавозимдаги шахснинг маоши 100-150 долларга боради. Мансабдорнинг бунча орттирган бойлиги¸ қолаверса Швейцарияда эълон қилинган миллионлаб пуллар, албатта, катта савол туғдиради. Ҳамма бу пулларнинг қаердан келганини очиқ ва аниқ билади¸ дейди Гулнора Каримованинг собиқ ҳамкори Фарҳод Иноғомбоев.

Ўзининг бойлар рўйхатига Ўзбекистон президенти тўнғич қизини қўшган Bilan журнали вакилининг айтишича, “Гулнора Каримова сентябр ойида Женеванинг бадавлат оилалар истиқомат қиладиган мавзеида ҳовли-жой сотиб олган. У сотиб олган кўчмас мулк тақрибан 16-17 миллион франк туради”.

Бошқа бир манбадан олинган маълумотга қараганда Гулнора Каримова сотиб олган уй 2471 квадрат метрли ер участкасида жойлашган.
XS
SM
MD
LG