Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:56

"Катта дода" "одамхўр"дан кўра мустабидроқ


Ислом Каримов диктатор ва мустабидлар ўнлигига биринчи марта тушаётгани йўқ.
Ислом Каримов диктатор ва мустабидлар ўнлигига биринчи марта тушаётгани йўқ.

Нуфузли Newsweek журнали эълон қилган мустабидлар рейтингидан ана шундай хулоса қилиш мумкин.


АҚШда чиқадиган Newsweek журнали дунёнинг энг мустабид ҳукмдорлари ўнлигини эълон қилди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов тўққизинчи ўринга қўйилган рейтингга кириш сўзида: “Дунё бўйлаб 400 миллиондан ортиқ одамлар бу золим мустабидлар ҳукмронлиги остида яшамоқда”, дейилади.

Ўзбекистонда “катта дода” лақаби билан танилгани ва 21 бир йилдан бери ҳокимиятда қолаётгани айтилган рейтингда Ислом Каримовга шерик бўлганлар орасида Британиянинг Локерби шаҳарчаси устида йўловчи самолётда террорчи хуружини уюштиргани исботланган Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий, мактаб ёшидаги қизлар билан кўнгилхушликка ружу қўйган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир, Экваториал Гвинеянинг одамхўрлиги билан танилган раҳбари Теодоро Обианг, аёллар кийимини кийишдан мазза қиладиган Бирма хунтаси раиси Тан Швелар бор.

Newsweek рейтингига кириш сўзида бу мустабидлар “ўз халқини ўққа тутишдан тап тормайди” дейилади ва Ислом Каримовнинг энг мудҳиш жиноятлари орасида 2005 йил 13 май куни Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилгани эсланади.

Ислом Каримовнинг бошқа давлат раҳбарларини мазах қилиб, уларнинг устидан кулишни одат қилгани, калини сочи билан ёпиб юришини Newsweek унга берган сифатлар орасида кўриш мумкин. Гуноҳлари орасида одамларни тириклайин қайноқ сувга солиб ўлдирганини ёзган Newsweek журналига кўра, бу рейтинг бўйича шерикларидан, масалан, одамхўр Обианг ёки "хажи қиз" Шведан фарқли ўлароқ, Каримовнинг келажагини некбин деб бўлмайди. Уни келажакда соғлиғининг ёмонлашиши кутмоқда ва ўрнини босадиган вориси йўқ, дейилади президент Каримовга берилган қисқача характеристикада.

Newsweek журналининг мустабидларга бағишланган саҳифаси.

Newsweek журналидек нуфузли нашр Ўзбекистон президентини энг золим мустабидлардан бири деб аташи Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўз отасини диктатор, деб атаган нашрни судга берган пайтга тўғри келди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон вакили Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 Интернет нашри устидан берган шикояти бўйича суд 19 май куни бошланади.

Rue89 Интернет нашрининг Ўзбекистон раҳбарини диктатор, аниқроғи Каримова-Тиллаева хонимни диктаторнинг қизи, деб атаган мухбири Огустин Скалбер Newsweek журналининг мустабидлар рейтингидан хабар йўқ бўлса-да, Ислом Каримовнинг бундай рўйхатга тушиши табиий ҳолдир, дейди. Франциялик журналист Скалбер судда ҳам ютиб чиқишига шубҳа қилмайди.

- Бу факт. Қонун бўйича биз буни исботлашимиз керак, бу эса бизга жуда осон. Олти йил аввал Андижонда оммавий қирғин бўлди, ҳукумат мухолифлари ўзбек қамоқхоналарига ташланди, қийноққа солинди. Шундай экан унинг диктатор эканини исботлаш қийин эмас,- дейди Огустин Скалбер.

Париж суди Каримовнинг диктатор эканини инкор қилувчи ҳукм чиқарадими, ё унинг диктатор эканини эътироф этадими, бу ҳақда башорат қила олмаймиз.

Ҳар қалай Newsweek журнали эълон қилган рейтинг президентнинг қизи жонига оро кирмайди, дейиш мумкин. Агар Лола Каримова-Тиллаева ғолиб чиқса, отаси диктатор эмаслиги ҳақидаги ишончи янада кучайиши ва энди Newsweek журналигининг тухматларига қарши Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мустабид эмаслигини исботлашга ҳаракат қилишини кутиш мумкин.

Дарвоқе, Newsweek ўтган ой эълон қилган рейтингда мустабидлар қуйидагича жойлашган:

1. Ливияни 41 йилдан бери бошқариб келаётган Муаммар Қаддафий.

2. Шимолий Кореянинг умрбод президенти Ким Чен Ир.

3. Беларуснинг яқинда қайта сайланган президенти Александр Лукашенка.

4. Зимбабвени 23 йилдан бери бошқариб келаётган Роберт Мугабе.

5. Сурия президентлигини отасидан мерос қилиб олган Башар ал-Ассад.

6. Бирма ҳарбий хунтаси раиси ва аёллар модаси иштиёқманди Тан Шве.

7. Суданнинг халқаро қидирувга берилган президенти Умар ал-Башар

8. Туркманистоннинг асл касби тиш духтири бўлган президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов.

9. Ўзбекистоннинг “катта дода” лақабли президенти Ислом Каримов.

10. Экваториал Гвинея президенти, одамхўр ва 40 фарзанд отаси Теодоро Обианг.

Эътибор берган бўлсангиз, Newsweek рейтингига кўра, “катта дода” мустбидликда “одамхўрдан” ҳам ўзиб кетган.
XS
SM
MD
LG