Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:55

Ўш воқеаларига 11 йил тўлди. Ўшда қирғин қурбонлари хотирланди


Фожиа қурбонлари хотирасига ўрнатилган “Оналар кўз ёши” мемориал комплексида ўтказилган тадбирда яқинларини йўқотган инсонлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва сиёсатчилар иштирок этди.
Фожиа қурбонлари хотирасига ўрнатилган “Оналар кўз ёши” мемориал комплексида ўтказилган тадбирда яқинларини йўқотган инсонлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва сиёсатчилар иштирок этди.

Қирғизистон жанубида 500га яқин киши ўлимига сабаб бўлган Ўш воқеаларига 10 июнь куни 11 йил бўлди. Фожианинг 11 йиллиги муносабати билан Ўшда хотирлаш маросими ўтказилди.

Фожиа қурбонлари хотирасига ўрнатилган “Оналар кўз ёши” мемориал комплексида ўтказилган ушбу тадбирда яқинларини йўқотган инсонлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва сиёсатчилар иштирок этди.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур фожиада камида 446 одам вафот этган, 2 мингга яқин одам турли жароҳатлар олган.

Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги мухтор вакили биринчи ўринбосари Бақтибек Алайчиев бу воқеаларда Ўш вилоятида 192 киши ҳалок бўлганини билдирди. Ўш шаҳри вилоят таркибига кирмагани учун шаҳарда ҳалок бўлганлар расмий статистикаси алоҳида юритилган.

“Ўш вилояти бўйича 2010 йилги июнь фожиасида 192 одам вафот этган, 26 одам бедарак йўқолган. Уларнинг ДНКлари Россия Федерацияси ва Хитойга юборилиб, 21 одамнинг шахси аниқланган. Ҳозиргача яна 5 одам бедарак йўқолган деб ҳисобланади”,- деди Бақтибек Алайчиев.

Тадбирда иштирок этган айрим жабрланганлар Ўш воқеалари миллатлараро низо бўлган деган иддаони қораладилар. Уларга кўра, Ўш воқеалари ҳокимият учун кураш асносида юзага келган фожиадир.

“2010 йили миллатлараро жанжал бўлди, деган гап айтиляпти. Масалан, ўзбек, қирғиз ёки бошқа миллат вакиллари, шу Ўш, Қирғизистон ҳудудида яшаётган халқ иноқликда яшаб юрибмиз. Урушиб талашган жойимиз йўқ. Мен 2010 йили бўлган воқеа ҳокимият учун курашдан келиб чиққан деб ҳисоблайман. Сабаби, ўшандан бери 11 йил вақт ўтди. Ҳақиқатни тан оладиган бўлсак, ўтган 11 йил давомида ҳокимият учун кураш ортидан одамлар ўлиб, қароқчиликлар давом этяпти”, -деди тадбирда сўзга чиққанлардан бири.

Июнь воқеаларининг 11 йиллиги муносабати билан Қирғизистон президенти Садир Жапаров мурожат йўллади.

Мурожаатда президент жанжални тўхтатишда ёрдам берган халқаро ташкилотларга миннатдорчилик билдирди.

"Қон-қардош халқларни қирғин қилдирган бу каби воқеалар бошқа такрорланмаслигига умид қиламиз. Айниқса, сабрга чақирган, жабр кўрганларга қўл чўзиб ёрдам берган доно ва меҳрибон халқимизга алоҳида таъзим қилгим келади. Бизга ҳар томонлама қўллов кўрсатган ҳалқаро жамоатчиликка ҳам яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, - дейилади президент баёнотида.

Фожиада жабрланганларга ёрдам бериш учун бир қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистонга кўмак кўрсатган.
Бу йил президент Садир Жапаров мамлакат махсус хизматига июнь воқеасини қайта тергов қилиш бўйича топшириқ берган.

Расмий маълумотларга кўра, қирғинда 446 одам вафот этган, 2 мингга яқин одам турли жароҳатлар олган. 57 одам бедарак йўқолган. Шу кунгача улардан 19 нафари топилмаган. Оммавий тартибсизликка алоқадорликда айбланган 100дан ортиқ одам халқаро қидирувга берилган.

Фожиада ҳуқуқ тартибот органлари ва ҳарбий қисмларга тегишли 1058 ўқ отувчи қурол, юз мингдан ортиқ ўқ-дори йўқолган. Улардан 632 та қурол ва турли калибрдаги 90 мингга яқин ўқ-дори топилган.

Қирғизистонда июнь воқеалари 2010 йилнинг 7 апрелида президент Қурмонбек Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Бакиев тарафдорлари ва муваққат президент Роза Ўтунбаева бошқарган Муваққат ҳукумат тарафдорлари ўртасида юзага келган зиддиятдан сўнг бошланиб кетганди.

Ўш воқеаларини ўрганган парламент ва миллий комиссия ҳулосаларида Ўш воқеаларига контрабанда каналлари ва гиёҳванд моддалар савдосини назорат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун кураш ҳам сабаб бўлгани айтилади.

Қолаверса, Ўш воқеаларини ўрганган барча комиссиялар ҳулосасида, воқеалар 2010 йилнинг 11 июнига ўтар кечаси Ўш шаҳридаги “Олой” меҳмонхонаси ёнидаги қиморхонадаги жанжалдан бошлангани қайд этилади.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, номаълум қуролланган шахслар қора рангли “Жип” машинасида келиб, низолашаётган томонларга ўқ отган.

Ўш воқеаларини ўрганган Киммо Кильюнен раҳбарлигидаги Халқаро комиссия ва “Human Rights Watch”, “Мемориал” каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот ҳулосаларида икки томоннинг ҳам жиноий гуруҳлари зўравонлик, одам ўғирлаш, гаровга олиш ва вахшийлик билан одам ўлдириш каби жиноятларни содир этиб, миллатлараро низони кучайтириш билан вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилганига мисоллар келтирилган.

XS
SM
MD
LG