Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Ўш қирғини ҳақидаги филм экспертлар кўригидан ўтмади


Ўш қирғини ҳақидаги филм, унда президент Ислом Каримовнинг роли кўрсатилмагани сабабидан қайтарилди.
Ўш қирғини ҳақидаги филм, унда президент Ислом Каримовнинг роли кўрсатилмагани сабабидан қайтарилди.

“Ўтмиш ва келажак оралиғида” фильмини таниқли ўзбек кинорежиссёри Абдулазиз Маҳмудов ўтган йилнинг 8 ойи давомида суратга олган. Бу филмга қирғизистонлик фуқаролар ҳомийлик қилган.

Режиссёр Абдулазиз Маҳмудовнинг Озодликка айтишича, у филмда Ўшда 1990 ва 2010 йилларда бўлиб ўтган қонли воқеаларнинг келиб чиқиши ва тарихини таҳлил қилиб, холислик мезонидан чекинмасликка ҳаракат қилган:

- Мен бу филмни асосан Москвада суратга олдим. Бундан мақсад, холис сиёсатчилар, экспертлар, тарихчилар ва мутахассисларни жалб қилиш бўлди. Фақат ўзбеклар гапирса ўзимизни ўзбеклар гапираверади экан-да, демасликлари учун учинчи нигоҳни бу фактларга қаратдим. 52 минутлик кино бўлди. Кино уч тилда — ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган,- дейди Абдулазиз Маҳмудов.

Режиссёр ҳужжатли филмни ўзбекистонлик томошабинларга кўрсатиш учун “Ўзбеккино” қошидаги экспертлар гуруҳига тақдим қилган. Бироқ, экспертлар гуруҳи нуқсонлари кўп эканлигини важидан филмни қайта ишлаш учун қайтарган:

- Биринчи нуқсон, нега Ислом Каримовнинг роли филмда кўрсатилмагани экан. Иккинчиси, нега гастарбайтерлар ҳақида гапиряпсиз, Ўзбекистонда унақа муаммо йўқ, Ўзбекистон гастарбайтерлар ҳисобига яшамайди, дейишди. Учинчи нуқсон эса бу маънавиятга тўғри келмаслиги экан. Бу умуман кино эмас, бориб ишлаб келинг, дейишди,- дейди Абдулазиз Маҳмудов.

Режиссёрнинг фикрича, кинода кўтарилган асосий масала экспертлар эътиборидан четда қолган. Ваҳоланки, дейди режиссёр, биз бу кинода Ўшда рўй берган иккала қонли воқеа ортида кимлар турганини ошкор қилишга ҳаракат қилганмиз:

- Биз буни бутун дунёга ошкор қилмоқчимиз. Бунинг тепасида кимлар турган, мақсад нима бўлган, буни айтишимиз керак. Кинода айтилган, 90 йилдаги воқеаларда ҳам, 2010 йилда ҳам бунинг тепасида Қирғизистон раҳбарлари турган, деб. Бу ҳам экспертлардан бирига ёқмади,- дейди Абудлазиз Маҳмудов.

Озодлик “Ўзбеккино” ижодий бирлашмаси раиси ўринбосари, экспертлар гуруҳи аъзоси Манноп Қўчқоров билан боғланиб, ундан филмнинг қайтарилиши сабабларини сўради. Бироқ жаноб Қўчқоров саволларга фақат расмий мактуб орқали жавоб беришини билдирди.

XS
SM
MD
LG