Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Тошкентдаги пластик жарроҳлик клиникасида ўлган аёл экспертизасиз дафн этилди


Гулшан Шарифова Молия институтининг 3 курс талабаси бўлган
Гулшан Шарифова Молия институтининг 3 курс талабаси бўлган

Жорий йилнинг 24 августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида жарроҳлик амалиётидан ўтаётган 20 яшар самарқандлик Гулшан Шарифова вафот этди. Гулшан Mont Blanc врачлари хатоси билан 10 кун ичида нобуд бўлган иккинчи мижоздир.

Ушбу клиника фаолиятидан хабардор мутахассислар Mont Blanc клиникасидаги ўлимлар юзасидан ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган, иш ёпти-ёпти қилиб юборилган демоқда. Клиника ўлимлар ортидан ўз номини ўзгартирган.

Гулшан Шарифовани операция қилган врач Фахриддин Облоқулов айбни анестезиологга тўнкади ва "юзлаб қилинаётган тиббий жарроҳлик амалиётлари давомида организми кучсиз бўлган 1-2 бундай мижозлар ўлими одатий ҳолатдир" деди.

2019 йилнинг 24 августида Тошкентнинг Бунёдкор проспектида жойлашган Mont Blanc хусусий пластик шифохонасига самарқандлик 20 яшар Гулшан Шарифова мурожаат қилади: Гулшаннинг бурнида чиққан майда ўсимта унинг нафас олишига халақит бериб келган.

Гулшан Шарифованинг отаси Умид Абдушукуровнинг Озодликка сўзлашича, кўринишидан оддий бўлган ва бошқа клиникаларда 500 минг сўм турадиган бу жарроҳлик амалиётига у 8 миллион сўм пул берган:

- Дўхтир 14 августда кўриб, “Бўлди, 20 минутлик операция. Шундоқ операция қиламиз – уйингизга олиб кетаверасиз!”, деди. 24 август куни операцияга олиб киришдан олдин дўхтирига ҳам, анестезиологига ҳам айтдим – “Фақат текшириб олинглар – аллергияси бор!”, десам “Биз ишимизни биламиз, хавотир олманг, пулини тўланг”, дейишди. 20 минут ўтмасдан “Қизингиз комага тушиб қолди!”, деб айтишди.

Гулшан Шарифовани комадан чиқаришга 2 соат уринган врачлар, уни “AKFA МедЛайн” шифохонасига жўнатади. Аммо у ерда ҳам врачлар аёлни ўзига келтира олмади.

Умиднинг айтишича, қизи ўлимидан бир неча кун олдин бу клиникада худди шу врачлар қўлида яна бир аёл нобуд бўлган:

- 3 кун комада ётган қизим ўша ерда тамом бўлди. Биз текшириб кўрсак, 19 август куни худди шунақа операция пайтида 42 яшар аёлни ўлдиришган экан. Прокуратура келди, жиноят иши очамиз, деди, фақат “Иш очилса ўлик шу ерда қолади, уни ёриб текширамиз!”, дейишгандан кейин Самарқандга олиб бориб кўмдик, - деди Умид.

Жасаднинг экпертизага қолдирилишига кўнмаган яқинлари врачларга эътирози йўқлиги тўғрисида ҳужжатларга қўл қўйиб берган ва ўлим муносабати бошланган терговгача суриштирув иши тўхтатилган.

Гулшан Шарифовадан бир ўғил қолди
Гулшан Шарифовадан бир ўғил қолди

Самарқандлик Гулшан ва қозоғистонлик Лилияни жарроҳлик амалиётидан ўтказган хирург Фахриддин Облоқулов Озодлик саволларига жавоб бериб, буларни деди.

- Ҳа, Шарифова менинг пациенткам бўлган, фақат операция бўлмасдан, наркоз бериш пайтида нимадир бўлдию, операция қилинмасдан, “AKFA МедЛайн”га олиб бордик “Тез ёрдам” машинасида. Тахминларимизга кўра, ё доридан реакция бериб “анафилактик шок” ёки юрак системасидаги фибрилляция, яъни қалтираб қолиши оқибатида нобуд бўлди. Бу саволларнинг ҳаммасини анестезиологга бериб кўриш керак.

Врач Лилияни ҳам операция қилганини, у ҳам ўлганини тан олди.

Фахриддин Облоқуловнинг айтишича, "юзлаб қилинаётган тиббий жарроҳлик амалиётлари давомида организми кучсиз бўлган 1-2 бундай мижозлар ўлими одатий ҳолатдир".

Врач Гулшаннинг отасидан олинган пуллар қайтариб берилгани, аммо бошқа ҳеч қандай компенсация берилмаганини маълум қилди.

Озодлик марҳумалар Гулшан Шарифова ва Лилия Апостоловаларни анестезияси билан шуғулланган врач-анестезиолог Ўлмас Холбековга ҳам айни саволлар билан мурожаат қилиб, ундан жавоб ололмади.

Mont Blanc хусусий пластик хирургияси клиникаси расмий сайтида кўрсатилган телефон рақамлари орқали уланишнинг иложи бўлмади.

Озодликка врач Облоқуловнинг маълум қилишича, бу ҳодиса ортидан унга ва врач-анестезиолог Ўлмас Холбековларга хайфсан эълон қилиниб, улар клиникадан ишдан бўшатиб юборилган.

Озодликка Умид Абдишукуровдан маълум бўлишича, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Гулбаҳор Нуриддинова Mont Blanc клиникасида бир муддат ишлаб, клиника талабга жавоб бермаслиги учун ишдан бўшаб кетган ва ўшандан бери мазкур муассаса фаолиятини тақиқлашни талаб қилиб келади.

Гулбаҳор Нуриддинованинг иддао қилишича, ҳозирда “Мукаммаллик” (илгариги “Mont Blanc”) номи билан танилган пластик хирургия клиникаси раҳбарияти зарурий тиббий маълумоти йўқ врачларсиз ва зарурий тиббиёт ускуналарисиз пациентлар ҳаётини хавф остида қолдириб операциялар ўтказмоқдаки, бир ойнинг ичида икки пациент ҳалок бўлди.

Гулбаҳор Нуриддинованинг фикрича, Гулшан Шарифова ва Лилия Апостоловаларни клиника врачлари олдиндан реакцияга текширтирмасдан, нормал тиббий муолажа бермасдан наркоз ҳолатига киритишга уринган.

У бу ҳолатларнинг олдини олиш мумкинлиги, аёллар врачлик хатосидан ўлганини иддао қилди:

- Негадир прокуратура иккала ўлим юзасидан текширув ўтказмади, ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Шарифова бурнига укол қилинганидан кейин комага тушган, Апостолованинг ҳам дорига бўлган реакциясини ҳисобга олишмасдан комага тушириб қўйишган. Иккала ҳолатда ҳам битта хирург ва битта анестезиолог бўлган. Клиника раҳбарлари ҳатти-ҳаракатлари туфайли мен август ойининг ўзида 3 киши ўлган деяпман – кейинроқ Гулшан Шарифова ҳомиладор экани аниқланган. Буни ота-онаси ҳам билмаган.

Гулбаҳор Нуриддинова пластик жарроҳлик амалиёти вақтида ўлган иккала аёлнинг жасади Ўзбекистон қонун-қоидаларига хилоф равишда суд-тиббий экспертизасиз яқинларига дафн этишга бериб юборилганидан афсусланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳозирча Ўзбекистон Республикаси прокуратурасидан жавоб олишнинг иложи бўлмади.

Тошкент Молия институтининг 3- босқич талабаси бўлган 20 яшар Гулшан Шарифованинг бир ўғил фарзанди етим қолди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG