Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:53

Қўқонда 23 бемор кўр бўлиб қолишига бир баҳя қолди


"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги ҳусусий клиникада кўзини операция қилдирган 23 нафар бемор кўр бўлиб қолишига бир баҳя қолган. Ушбу воқеа май ойи бошида Қўқондаги "Уржуза Нур сервис" кўзни даволаш клиникасида рўй берган.

"Эзгулик" фаоллари муваффақиятсиз операциядан азият кўрган беморларнинг айримлари билан суҳбатлашган.

Ташкилотнинг исми сир қолишини истаган фаолининг Озодликка айтишича, "Уржуза Нур сервис" хусусий клиникасида кўз пардасини олиб ташлаш бўйича бир кунда 23 та операция бўлган ва амалиётни бошдан кечирган беморларнинг барчаси кўзига шу куни инфекция тушган.

- Бир кунда бўлганми десам, ҳа бир кунда, дейишди. Булар ҳозир молни олиб кириб сўйгандай операция қиляпти шекилли-да. Кўзку бу, қулоқ ё бурун эмас, - дейди "Эзгулик" фаоли.

"Эзгулик" фаолига кўра, у билан суҳбат давомида беморлар қўқонлик Ислом Каримов исмли офтолмологнинг хатоси туфайли кўр бўлиб қолишига бир баҳя қолганини иддао қилишган.

Ислом Каримов айбдорми?

Қўқонлик шифокор-офтолмолог Ислом Каримов Озодлик билан суҳбатда "Уржуза Нур сервис" хусусий клиникасидаги беморларнинг кўзига инфекция тушиши билан боғлиқ жарроҳлик амалиётига мутлақо алоқаси йўқлигини айтди.

- Бунга мени ҳеч қанақа алоқам йўқ. Бу "Уржуза Нур Сервис" клиникасида бўлган. Мен у ерда ишламайманку. Уржуза билан умуман алоқамиз йўқ, - деди Ислом Каримов.

"Уржуза Нур сервис" клиникаси шифокорларидан бири эса, бир ой аввал жарроҳлик амалиёти пайтида 23 нафар бемор кўзи тўр пардасига инфекция тушганини тасдиқлади.

- Кўз пардасини бир қисмини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш амалиёти пайти инфекция тушиш ҳолати бўлади. Ҳозир уларни ҳаммаси тузалиб кетди, - деди "Уржуза Нур сервис" шифокори.

Лекин, "Эзгулик" фаолининг иддао қилишича, жарроҳлик амалиёти ортидан "кўзи кўрмай қолган" беморлар Тошкентдаги еткачи офтолмологлар ёрдамида қайтда даволанганлар.

- Бир операция 2-3 миллион сўм туради. Қўқондаги клиника қилғиликни қилиб, буларга товон ҳам бермаган. Беморлар Тошкентга бориб даволатишди. Ҳозир кўзлари кўряпти, лекин барибир асоратлари қолган, - дейди "Эзгулик" фаоли.

Ўзбекистон касалхоналарида беморларнинг инфекция юқтириши кўп учрайдиган ҳолат.

Ўтган ой тошкентлик она Озодлик билан суҳбатда туғруқхона врачларининг масъулиятсизлиги оқибатида фарзанди инфекциядан нобуд бўлганини айтганди.

Намангандаги шифохонада 2008 йилда 40 дан ошиқ гўдакка ОИТВ юқтирилгани шов-шув бўлганди.

Ўшанда касаллик гўдакларга шприцлардан нотўғри фойдаланилгани туфайли юққани айтилганди.

XS
SM
MD
LG