NYT: Яқинларгача ëпиқ ва репрессив бўлган Ўзбекистон дунëга очилмоқда!

Ўтган бир йил ичида Шавкат Мирзиëев аксар қўшни давлатлар¸ шунингдек¸ Хитой¸ Россия ва Туркияга сафар қилди.

АҚШдаги нуфузли The New York Times газетаси 25 октябрь куни эълон қилган мақола шундай номланади. Нашрнинг бевосита Ўзбекистонга сафар қилган мухбири Andrew Kramer дунëда энг узоқ қамоқда ўтирган журналист деб эътироф этилган Муҳаммад Бекжон тақдири мисолида Ислом Каримов ўлимидан сўнг мамлакатда бошланган “музларнинг эриши” жараëнини тасвирлашга уринган.

Урганчга бориб¸ умрининг 18 йилини қамоқда ўтказган Муҳаммад Бекжон билан суҳбатлашган АҚШ журналисти¸ “президент Каримовни ҳақорат қилганлик”да айбланган собиқ сиëсий маҳкумнинг озодликка чиқишини Каримов ўлимидан кейин бошланган “ўзбек баҳори” билан боғлайди.

“Жорий йил давомида секин-аста шакллана бошлаган “эриш” оқибатида аҳоли устидан ўрнатилган сиëсий назорат сал юмшади ва босқичма-босқич сиëсий ўзгаришлар кўлами синовдан ўтмоқда”¸ деб ëзади АҚШ нашри.

Муҳаммад Бекжоннинг бу жараëнга умид билан қараëтганини қайд эта туриб муаллиф¸ ҳукумат маҳаллий кенгашлар ваколатини кенгайтиргани¸ инсон ҳақлари кузатувчилари билан учрашгани¸ талабаларни пахта териш мажбуриятидан озод қилгани ва матбуот устидан назоратни юмшатиб¸ айрим жонли ток-шоуларга изн берганини Каримовдан қолган “музларнинг эриши”га мисол ўлароқ келтиради.

Собиқ иттифоқнинг аҳоли сони бўйича учинчи йирик давлати Ўзбекистон¸ Каримов даврида репрессия ва қашшоқликнинг “қора ўпқони” сифатида кўрилганини таъкидлай туриб The New York Times мухбири¸ мамлакатдаги бу ўзгаришлар тепасида 13 йил Каримовга бош вазирлик қилган Шавкат Мирзиëев тургани аксар сиëсий шарҳловчиларни ҳайрон қолдирганини эътироф этади.

“Бу – умид онлари. Асосий савол бу ўзгаришларнинг қанчалик структуравий ва давомли бўлишидир”¸ дейди АҚШ нашри суҳбатлашган Human Rights Watch таҳлилчиси Стив Свердлов.

Айни пайтда муаллиф¸ Ўзбекистонда бошланган “очилиш”нинг айримлар томонидан либерализм томон ëлғондакам ҳаракат ва мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган пахтага жорий этилган савдо чекловлари олиб ташланиши учун ўйлаб топилган алдов сифатида кўрилаëтганини ҳам таъкидлайди.

“Иқтисодий муаммолар Мирзиëевни Каримов системасини нозиклик билан бузиш лозимлиги фикрига олиб келди. Улар сиëсий соҳани очмасдан фақат иқтисодни хориж сармояси келиши учун лозим даражада очишни ўйлаëтган бўлиши мумкин”¸ дейди The New York Times мухбири гаплашган Жорж Вашингтон университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори Sean R. Roberts.

Мақолада¸ Ўзбекистоннинг ташқи дунë¸ хусусан¸ ўз қўшниларига очилиши минтақавий муносабатларда ҳам ўзгаришлар қилиши айтилади.

Сув ва чегара борасидаги келишмовчиликларнинг можароларсиз ҳал этилиши¸ ўзаро савдонинг кенгайиши¸ нафақат Ўзбекистон ¸балки қўшни давлатлар тараққиëти учун ҳам муҳимлигини таъкидлаган муаллиф¸ келаси ой 2001 йилги АҚШ ишғолидан бери биринчи марта Афғонистон президентининг Ўзбекистонга келиши кутилаëтганини минтақавий алоқалардаги ўзгариш намунаси сифатида тақдим этади.

Валюта эркин конвертациясидаги чекловлардан айримларининг олиб ташлангани¸ замонавий ислом¸ маърифатли ислом ғояларига миллий тус берилаëтганини қайд этган АҚШ нашри¸ айни пайтда¸ мустақил ноҳукумат ташкилотлари ëки сиëсий партияларга йўл берилмаëтганини таъкидлайди.