Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:44

Шавкат Мирзиёев: Биз бу кунни 25 йил кутган эдик!


Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги "Ала Арча" резиденциясида, 5 сентябрь, 2017 йил.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги "Ала Арча" резиденциясида, 5 сентябрь, 2017 йил.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ҳамкасби Атамбаев билан учрашувдан сўнг “Катта халқимизнинг орзу-ниятлари амалга ошадиган бу кунни биз 25 йил кутган эдик”, деб баёнот берди. Шавкат Мирзиёев ўзбек ва қирғиз халқига тез кунда Ўзбекистон ўз чегараларини ҳеч қандай тўсиқларсиз борди –келди учун очишига ваъда берди. Мирзиёев Ўзбекистон узоқ йиллардан бери қарши чиқиб келаётган Қамбарота ГЭСи лойиҳасини Қирғизистон билан бирга амалга оширишга ҳамда Хитойдан Ўш орқали Андижонга автомобил йўлини ҳамкорликда қуришга тайёрлигини билдирди.

Шавкат Мирзиёев: Биз бу кунни 25 йил кутган эдик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00

Мирзиёев 5 сентябрни тарихий кун деб атади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида 5 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланди.

- Бу катта халқимизнинг орзу-ниятлари эди. Биз бу кунни 25 йил кутган эдик,- деди Ўзбекистон президенти чегара тўғрисидаги шартнома имзоланганидан сўнг.

Мирзиёев сўзида давом этар экан:

– Биз бу кунга Алмазбек Шаршенович билан жуда катта сабр-тоқат ва ирода билан келдик. Шунинг учун мен барчаларингизни мана шундай тарихий кун билан табриклайман, - деб айтди.

Мирзиёев ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан ҳамкорликда Бош вазир бўлиб турган пайтда ҳам икки давлат ўртасидаги муаммоларни ҳал этиш йўналишида ҳаракат қилганини таъкидлар экан:

-У пайтларда кўп нарса бизнинг ихтиёримизга боғлиқ эмас эди. Худо хоҳлаб, бугун кўп нарса бизнинг ихтиёримизга боғлиқ бўлган шу кунга етиб келдик. Мен буни бошимни мағрур кўтариб айтаётганимнинг сабаби, биз тарихимизни қайта тиклаяпмиз,- деб билдирди.

Мирзиёев тез кунларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегаралари чекловларсиз борди-келди учун очилишини ваъда қилди:

- Бугун 20-25 дақиқа қирғиз телевидениесини кўрдим. Унда одамлар “Наҳотки Ўзбекистон президентининг келиши билан мен яна Андижонга аввалгидай бориб келиш имкониятига эга бўламан? Наҳотки, бу иш амалга ошади?” деб гапиришаяпти. Мен сизларга жавоб бериб, шуни айтишни ҳоҳлардимки, ҳа, бу иш амалга ошади, -деб айтди.

Атамбаев октябрда Тошкентга боради

Президентлар имзолаган ҳужжат Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 85 фоизига оид бўлиб, икки давлат ўртасида яна 15 фоиз чегара аниқланмай қолмоқда.

Мирзиёев ва Атамбаев чегаранинг қолган 15 фоизига оид шартнома октябрда Қирғизистон президентининг Тошкентга қиладиган сафари доирасида имзоланишига умид билдирдилар.

- Менинг Ўзбекистонга ташрифимгача, мен бу ташриф октябрь ойида бўлади, деб умид қиламан, бугун имзоланган шартномаларнинг амалга тадбиқ этилишини кўришимиз лозим. Шавкат Миромонович айтгандай, чегарадаги ўтказиш пунктлари максимал даражада очиқ бўлсин, ватандошларимиз кимнингдир ўлгани тўғрисидаги телеграммани кутмай, авваллари бўлганидай бемалол бир- бирлариникига меҳмонга борсин, -деди Атамбаев.

Президент Мирзиёев эса чегараларни аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия аъзоларига қарата:

- Биз тор доирада ҳал қилиниши мумкин бўлган масалалар ва нозик масалалар бўйича Алмазбек Шаршенович билан келишиб бўлдик. Сизлар ўйлайдиган нарса қолмади, фақат чегарани қандай баён этиш устида меҳнат қилишингиз керак. Йигирма йилдан бери ечилмай келаётган муаммоларни бундан буён ҳам ҳамкорликда ҳал этамиз, -деб билдирди.

Мирзиёев: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий ишонч мустаҳкамланди

Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилишида иштирок этади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00

Президент Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбаев билан ўтказган учрашув пайтида “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий ишонч мустаҳкамланди”, деб билдирди.

Ўз сўзида давом этган Мирзиёев бу сиёсий ишончни иқтисодий алоқалар билан мустаҳкамлаш зарурлигини айтди:

- Икки давлат ўртасида савдо-сотиқ бўлишини истаймиз. Савдо бўлиб турса, бизнес муҳити бўлса, ўзаро тушуниш бўлса ва биз уларга халақит бермасак, биласизми, бизнинг ўртамизда қандай катта савдо айланмаси бўлади? Бу эса одамлар ўртасида дўстлик ва ишчи ўринлари бўлади деганидир, - деди Мирзиёев.

Унга кўра, сўнгги 7 ойда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан савдо айланмаси 2016 йилдагига қараганда 60 фоизга кўпайди. Айрим маълумотларга қараганда¸ доллар ҳисобида бу кўрсаткич 200 миллион долларга яқинни ташкил этган. Мирзиёев икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини 500 миллион долларга етказиш ниятида эканини айтди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилишида иштирок этишини ҳам билдирди:

- Алмазбек Шаршенович бирорта станция Ўзбекистон иштирокисиз қурилмайди, деб айтди. Мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Биз Қамбарота ГЭСини қуришда молиявий жиҳатдан ҳам, заҳира жиҳатидан ҳам фаол иштирок этамиз, -деб айтди.

Ўзбекистон 2009 йилдан бери Қирғизистонда Қамбарота ГЭСи қурилишига кескин қаршилик қилиб келаётган эди. Ўзбекистон ҳукумати сув заҳираларини тўлиғича Бишкек назорат қилишига имконият яратиб берувчи бу лойиҳа минтақа экологиясига катта зарар етказади, деб билдириб келган.

Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга йўл

Мирзиёев Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши масаласига тўхталар экан, бу лойиҳани амалга ошириш жараёнини тезлаштириш учун Тошкент ҳам ҳаракат қилишини, бироқ бу лойиҳани амалга оширишдан олдин Андижон-Ўш-Эргаштом -Хитой автомобил йўлини қуриш долзарб бўлиб турганини таъкидлади.

Алмазбек Атамбаев муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган норматив база ўзининг октябрда Тошкентга қиладиган ташрифигача тайёрланиб бўлинишига умид билдирди:

- Октябргача бугун муҳокама қилган масалаларимизни тартибга солиб, уларни амалга ошириш учун норматив ҳужжатларни қабул қиламиз, -деди Атамбаев.

Маданий алоқалар ва Ўшга қуриладиган мактаб

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида икки давалат ўртасидаги маданий алоқалар ва миллий озчиликларга оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Мирзиёев Атамбаев билан учрашув чоғида ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон делегацияси Ўшга келганини, Қирғизистон делегацияси Андижонга борганини, Ўшдаги Бобур номидаги Академик ўзбек театрининг Фарғона водийсига, Тошкентдаги Муқимий номидаги давлат театрининг Ўш вилоятига гастролга келганини эслади.

Ўзбекистон президентига кўра, жорий ийлда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари ўтказилади. 2018 йилда эса Тошкентда Қирғизистон кунлари ўтказилади:

- Биз Ўшда мактаб қураяпмиз. Мен ўзим билан бу мактабнинг лойиҳасини олиб келдим. Бу мактаб бизнинг дўстлигимиз рамзи бўлиб хизмат қилади, -деган президент ўзбек ва қирғиз халқи жондош ва қондош эканини таъкидлади.

- Ўзбекистонда 300 минг қирғиз яшайди. Қирғиз тилида ўқитадиган 56 та мактаб бор, Андижон университетида қирғиз филологияси факультети ишлаб турибди. Мен туғилиб ўсган жойда миллати қирғиз бўлган 7 минг Ўзбекистон ватандоши яшайди. Мен улар билан бирга ўйнаб катта бўлганман. Қирғизлар орасида дўстларим кўп. Бизни қандай қилиб бир-биримиздан ажратиш мумкин? Ҳеч ким, ҳеч қандай йўл билан ажратолмайди, -деди Мирзиёев.

Халқ дипломатияси ҳақида

Давлат ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент шаҳарлари билан Қирғизистоннинг Ўш ва Бишкек шаҳарлари ўртасида ҳудудий ҳамкорликни ривожлантиришга оид шартномалар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев бу шартномаларга изоҳ берар экан:

- Мен бу учрашувимиз кун тартибига бу масала ҳам киритишини дипломатларимиздан қаттиқ талаб қилдим. Чунки бу халқ дипломатиясидир. Бу энг муҳим масаладир. Бундан буён ҳар бир ҳудуд раҳбари бош вазир патронажи остида ҳар чоракда бир марта қўшни ҳудуд раҳбари билан учрашиб, йиғилиб қолган муаммоларни ўзлари ҳал қилади. Токи улар юқорига қараб: “Буни қилсак мумкинми, буни қилсак қандоқ бўларкин”, деб сўрашавермасин. Халқ талаб қилаяптими, демак ўзингиз мустақил бу муаммони ҳал қилинг, -деди Мирзиёев.

Атамбаев ўзининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини Қирғизистоннинг янги президенти ҳам давом эттиришига ишонтирди

Алмазбек Атамбаев ўзининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати кейинги президентга мерос бўлиб ўтишини ва бу президент Тошкент билан эришилган келишувлар амал қилишини кафолатлашига ишонишини айтди:

-Тор доирадаги учрашувда ҳам, кенгайтирилган таркибдаги учрашувда ҳам Шавкат Миромонович Атамбаев курсининг вориси томонидан давом эттирилиши масаласида ташвишланаётганини ҳис қилдим. Мен ишонтириб айтаманки, Ўзбекистон билан дўстлик алоқалари курси давом эттирилади. Қирғизистон ватандошлари сайловда бу курсни давом эттирадиган одамга овоз беришларига ишонаман, -деб билдирди.

Қирғизистонда президентлик сайлови 15 октябрда бўлиб ўтади. Қирғизистон Конституциясига кўра, бир одам фақат бир марта президент бўла олади. Мазкур ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, Алмазбек Атамбаев бир неча ойдан сўнг ҳокимиятни янги президентга топширади.

XS
SM
MD
LG