АҚШ: Ғазаб отига минган Путин урушни авж олдириши мумкин

Russia -- Vladimir Putin. Collage

Россия президенти Владимир Путин икки кунда тугашини кутган уруш икки ҳафтадан ошиқ вақтдан бери давом этмоқда. АҚШ разведка хизматлари расмийлари сўзларига кўра, Россия армияси муваффақиятсизликлари туфайли Путин ғазаб отига минган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

АҚШ разведкаси ходимларининг айтишича, Путин Украинада янада кўпроқ зўравонлик ва вайронагарчиликларга қўл уришга тайёр.

Сўнгги кунларда АҚШ расмийлари Россия президенти Украина қаршилигига барҳам бериш илинжида можарони кучайтириб юборишидан хавотирда эканликларини айтишмоқда. Россия Украинага нисбатан йирик ҳарбий устунликка эга ва мамлакатни яна бир неча ҳафта давомида бомбардимон қилишга қодир.

Мавзуга алоқадор НАТО собиқ бош котиби: Путин Украина билан чекланмайди

Бутун дунё бўйлаб одамлар Путин бошлаган урушнинг даҳшатли тасвирларини кузатиб борар экан, Путин Россия ичида катта қаршиликка учрамаяпти. АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс Россия халқи «тарғибот пуфаги» ичида яшаётганини таъкидлади.

Путиннинг руҳий ҳолатини англаб етиш Ғарб учун жуда муҳим. Ғарб давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда. Айни дамда, бу мамлакатлар Путин НАТО мамлакатларига тўғридан-тўғри ҳужум қилиши ёки ядровий қуролларни ишга солиши олдини олишга курашмоқда. Ўтган ҳафта АҚШ Конгрессида икки кунга чўзилган эшитишлар давомида разведка ходимлари Путин нима қилиши мумкинлиги ҳақида ўз хавотирларини очиқчасига изҳор қилишди. Бундай хавотирлар АҚШ сиёсатчилари Украинага ёрдам бериш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақидаги мунозараларга тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда.

Путин йигирма йил давомида Россия ҳукумати ва хавфсизлик хизматлари устидан тўлиқ ҳукмронликни қўлга киритган бўлиб, ҳозирги кунда мамлакати оз сонли тарафдорлари билан бошқармоқда. Мамлакатда мухолифат вакиллари ёки ўлдирилган, ёки қамоққа олинган. Путин узоқ вақтдан бери Совет Иттифоқи парчаланганидан афсусланиб келади. Россия президенти, шунингдек, Украинанинг суверенитетга даъволарини рад этиб, руслар шаҳид бўлиши билан тугайдиган ядро уруши ҳақида гапириб келади. Бёрнс АҚШ Конгресси аъзолари олдида қилган чиқишида Путин «узоқ йиллардан бери ғазаб ва амбициянинг ёнувчи аралашмасида қовурилаётганини» айтди.

Бёрнснинг сўзларига кўра, Путин Киев икки кун ичида қўлга олиниши кутган. Аслида эса Россия армияси ҳануз йирик шаҳарларни қўлга ололгани йўқ ва бир неча минг аскарини йўқотди. Ғарб давлатлари Россияга қарши мисли кўрилмаган санкцияларни жорий қилди ва бошқа чораларни қўллади. Бу чоралар натижасида Россия иқтисодиёти таназзулга юз тутди ва ҳам олигархларнинг, ҳам оддий фуқароларнинг турмуш даражасини ёмонлашди. Россия санкцияларга қарши ҳимоя сифатида чет элдаги банкларда тўплаган хорижий валюталар захирасининг йирик қисми музлатиб қўйилди.

Бёрнс АҚШнинг Москвадаги собиқ элчиси бўлиб, Путин билан кўп марта учрашган. Бёрнс АҚШ қонунчиларининг Россия президентининг руҳий ҳолати ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Путин ақлдан озганига ишонмаслигини айтди.

- Менимча, Путин ҳозир ғазабланган ва дили хуноб. У ҳужумни икки баробар кучайтириб, тинч аҳоли ҳаётига парво қилмаган ҳолда Украина армиясини йўқ қилишга уриниши мумкин, - деди у.

Бёрнснинг сўзларига кўра, Россия АҚШ Украинага кимёвий ёки биологик қуроллар яратишда ёрдам бераётгани ҳақидаги асоссиз даъволарни тарқатар экан, Путин «сохта байроқ» стратегиясини қўллаб, Россия армиясининг ўзига бундай тақиқланган қуролларни ишга солишни буюриши мумкин.

Афтидан, ҳозирда урушни тугатишнинг аниқ йўли йўқ. Украинага маҳорат билан етакчилик қилаётгани учун бутун дунё бўйлаб шуҳрат қозонган Украина президенти Володимир Зеленский Россия Қримни аннексия қилиб олганини бирданига тан олиши ёки Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларга автономия бериши амри маҳол. Путин Киевни қўлга киритиб, Зеленскийни ҳокимиятдан ағдарган тақдира ҳам, Россия 40 миллиондан ортиқ аҳолига эга мамлакатда Ғарб дастаклаётган исёнчиларга қарши курашиши керак бўлади.

- Украиналикларнинг давом этиши кутилаётган қаршилигига унда барқарор сиёсий ечим йўқ, - дея Бёрнснинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Associated Press агентлиги

Президент Жо Байден маъмуриятининг миллий разведка бўйича директори Эврил Хэйнснинг айтишича, Путин бу урушни «ютқазиб бўлмайдиган уруш деб билади».

- Аммо уруш қимматга тушаётгани учун у ғалаба сифатида қабул қилишга тайёр нарса вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин, - деди у.

Разведка таҳлилчиларининг фикрича, Путин яқинда Россиянинг ядровий огоҳлик даражасини оширганидан мақсад Ғарб Украинага қўшимча ёрдам кўрсатишига тўсқинлик қилишдир.

Оқ уйнинг Украинадаги уруш кескинлашиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлари ва иккиланиб чора кўраётгани демократларни ҳам, республикачиларни ҳам хуноб қилмоқда. Байден маъмурияти дастлаб Польшанинг совет даврида ишлаб чиқарилган ҳарбий учоқларни Украинага етказиб беришни таклифини қўллади, аммо кейин фикридан қайтди. Бундан ташқари, маъмурият «Шимолий оқим – 2» газ қувурига қарши санкцияларни кечиктирди, аввалига Stinger ҳаво мудофаа ракеталарини Украинага юборишдан бош тортиб, кейин фикрини ўзгартирди.

Пайшанба куни сўроқ қилинган Хэйнс Путин учун Украинага учоқ элтиб берилиши танкка қарши ва зенит қуролларидан кўра каттароқ аралашувдек кўриниши мумкинлигини айтди. Хэйнс АҚШ бу хулосани тасдиқловчи разведка маълумотларига эга ёки йўқлигини очиқламади.

Мавзуга алоқадор “Путиндан воз кечиш ва ҳамма айбни унга тўнкаш керак”. Экспертдан Россия элитасига маслаҳат

Намоёндалар палатаси Разведка қўмитаси аъзоси демократ Майк Куигли Байден маъмурияти Путинни қўзғатишдан қўрқиб, бошидан бери «бир-икки қадам кечикиб» иш тутиб келаётганини айтди. Куигли Оқ уйни Украинага Польша учоқларини элтиб беришга тезда рози бўлишга чорлади.

Бу орада зўравонлик кучайиб, кўпроқ россияликлар нобуд бўлар экан, Ғарб Путиннинг «тарғибот пуфагида» тешик пайдо бўлишини кутмоқда. Россиялик мустақил сиёсий таҳлилчи Кирилл Рогов ўзининг Telegram каналида Украинадаги уруш Россия учун «эпик муваффақиятсизлик» экани ҳақида ёзди.

- Ғарб тажовузга қарши туришни хоҳламайди, ланж, очкўз ва бўлиниб кетган, деган тушунча хато бўлган, - деб ёзди Рогов.

- Россия иқтисодиёти ўзини-ўзи таъминлай олади ва хавфсиз, деган фикр хато бўлган. Россия армиясининг аҳволи ҳақидаги фикр хато бўлган. Ва Украина муваффақиятсиз давлат, украинлар эса миллат эмас деган, фикр энг катта хато бўлган.

- Битта қарорни қабул қилишда тўртта хатога йўқ қўйиш бу – жуда кўп, - дея қўшимча қилди у.

Босқиндан олдин Россиянинг энг йирик мустақил тадқиқот компанияси ҳисобланувҳcи «Левада-Центр» томонидан ўтказилган сўров натижалари респондентларнинг 60 фоизи АҚШ ва НАТОни Украина шарқидаги можарони бошлаган, деб ҳисоблашини кўрсатган эди. Сўровда қатнашганларнинг атиги 3% Россияни айблаган. Сўров январь ва февраль ойларида ўтказилган. Марказ уруш бошланганидан бери янги сўровлар натижаларини эълон қилган йўқ.

Чет элликлар оддий россияликлар турмуш даражасининг кескин пасайишига жавобан бирон чора кўришларига ҳамда уруш ҳақида қариндошлари ва интернет орқали, жумладан, VPN дастуридан фойдаланган ҳолда рост маълумот олишларига умид қилмоқда. Россия давлат телевидениеси АҚШ ва Украина ҳукуматлари ҳақида ёлғон ёки асоссиз айбловларни эфирга узатишда ва Россия урушда мағлуб бўла олмайди, деган ривоятни тарқатишда давом этмоқда.

Ўтган ҳафта «Россия-1» давлат телеканали бошловчиси Владимир Соловьёв ўзининг кундалик радио кўрсатувида.

Акс ҳолда, Соловьёвга кўра, бу "Россиянинг ўзи барбод бўлишига олиб келади".