Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

НАТО собиқ бош котиби: Путин Украина билан чекланмайди


 Андерс Фог Расмуссен 2009-14 йилларда НАТО бош котиби бўлган.
Андерс Фог Расмуссен 2009-14 йилларда НАТО бош котиби бўлган.

НАТО нинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида Владимир Путиннинг қарашлари йиллар давомида қандай эврилишларга юз тутгани ҳақида гапирди.

2009-14 йилларда бош котиб бўлган Расмуссеннинг айтишича, Путин Совет Иттифоқининг буюклигини тиклаш ғоясига берилиб, Россияни халқаро жамиятдан ихоталаб қўйди.

- Сиз Владимир Путин билан Дания бош вазири сифатида ҳам, НАТО бош котиби сифатида ҳам учрашгансиз ва у сизни ҳатто ўшанда суҳбатни яширинча ёзиб олганликда ҳам айблаган эди. Ўша пайтдаги ва ҳозирги Путин ҳақида нима дея оласиз?

Андерс Фог Расмуссен: Ҳа, Путин йиллар давомида ўзгарди. Мен у билан биринчи марта 2002 йилда учрашганман ва у Россия ва Ғарб ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида жуда ижобий фикр билдирган. Кейин аста-секин фикрини ўзгартирди. Тахминан 2005 йилдан 2006 йилгача унинг Ғарбга нисбатан муносабати салбийлашди. 2008 йилда эса у Грузияга ҳужум қилди. 2014 йилда у Қримни босиб олди, энди эса Украинага амалга оширилган кенг кўламли босқинни кўрдик. У йиллар давомида ҳақиқатан ҳам ўзгарди.

- Бунга нима туртки бўлганини биласизми?

Расмуссен: Менимча, 2004 ва 2005 йилларда Грузия ва Украинадаги инқилоблар унинг фикрини ўзгартиришга сабаб бўлди. Владимир Путин КГБда ўсганини унутмаслигимиз керак. Унинг фикрлашига ўша ўтмиш кучли таъсир қилган. Шунинг учун ҳам у ҳеч кимга ишонмайди деб ўйлайман. Грузия ва Украинадаги рангли инқилоблардан сўнг Ғарбнинг мақсади Кремлда ҳам ҳукуматни ўзгартириш деб ўйлади. Шу сабабли у Ғарбга қарши чиқди.

2009 йил 16 декабрда Москвада ўша пайтдаги Россия Бош вазири Владимир Путин НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан.
2009 йил 16 декабрда Москвада ўша пайтдаги Россия Бош вазири Владимир Путин НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан.

- Дунё етакчиларининг бутун Европа архитектураси бузилмоқда, деган гапларини эшитяпмиз. Ҳамма айб Путиндами ёки Ғарб ҳам бунинг олдини олиш учун яна нимадир қила оладими?

Расмуссен: Мен айбни бутунлай Путин ва Россияга юклайман. Россия қурбон эмас. Тарих давомида биз Россия билан бир неча бор алоқа қилганмиз. Дастлаб, 1997 йилда НАТО-Россия ҳамкорлиги тўғрисидаги қонунини тасдиқладик.

Кейинчалик, 2002 йилда НАТО-Россия кенгашини туздик. 2010 йилда эса биз НАТО-Россия саммитида Россия ва НАТО ўртасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қарор қилдик. Шу тариқа, биз Россия билан доимий мулоқот қилишга ҳаракат қилдик.

- Ғарб Путинни тўхтатиб туриш учун етарли ҳаракат қилдими? Агар шундай бўлганида Путин икки ҳафта олдин уруш бошламаган бўлармиди?

Расмуссен: Ўйлаб қарасам, йўқ. Биз Путинни тўхтатиш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак эди, деб ўйлайман. 2008 йилда у Грузияга ҳужум қилди, Абхазия ва Жанубий Осетияни де-факто эгаллаб олди. Биз ўша пайтда‑ёқ анча қатъийроқ муносабат билдиришимиз мумкин эди.

- Бунинг ўрнига сиз 2010 йилда НАТО-Россия ҳамкорлиги бўйича ишладингиз.

Расмуссен: Ҳа, 2009 йилда лавозимга киришганимда, мен Москва билан боғланиб, бир йил аввал Россия Грузияга ҳужум қилганига қарамай, бундай стратегик ҳамкорликни ривожлантириш менинг устувор вазифаларимдан бири эканини айтдим. Эҳтимол, Путин бизнинг фикримизни нотўғри тушунган бўлиши мумкин ва мен тарихдан сабоқ олдим, яъни диктаторлар билан тинчлантириш сиёсати тинчликка олиб бормайди, аксинча, уруш ва тўқнашувларга сабаб бўлади.

- Ҳатто кеч олинган сабоқ ҳам фойдали бўлиши мумкин. Кўпроқ нарса қилишимиз керак эди, деганингизда, нимани назарда тутдингиз?

Расмуссен: Масалан, 2014 йилдаги можародан сўнг, Путин Қримни Россия Федерацияси таркибига ноқонуний қўшиб олганида, биз Россияга нисбатан камтарона санкциялар қўлладик. Путин эса буни яна олдинга боришга таклиф деб нотўғри тушунди.

Тарихдан хулоса чиқариб, биз мисли кўрилмаган Европа ва трансатлантик бирликни кўрдик. Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар жорий этилганини кўрдик. Бу яхши. Аммо менимча, биз янада олдинга боришимиз керак. Мен Россиядан барча нефть ва газ импортини зудлик билан тўхтатишни таклиф қилган бўлардим.

- Биз Германиянинг бу истиқболга унчалик шошмаётганини кўрдик. Канцлер Олаф Шольц ҳатто Россия гази ҳозирча "Германия учун зарур" эканлигини айтди. Демак, бу бир кечада содир бўлмайди, шундай эмасми?

Расмуссен: Аввало, Германия канцлери ва Германия ҳукуматини “Шимолий оқим 2” қувурини тўхтатиш, Германия мудофаа бюджетини ошириш ва Украинага қурол жўнатиш бўйича жуда катта қарорлар қабул қилгани учун олқишлайман. Бу Германия ташқи сиёсати ва хавфсизлик сиёсатидаги кескин ўзгаришдир. Мен буни жуда қадрлайман.

Агар биз Россиядан нефть ва газ импортини бутунлай тақиқлаб қўйсак, бу қимматга тушади. Аммо биз бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Менимча, Украина халқининг ҳозирги азоб-уқубатлари ва ҳаракатсизлик туфайли Европада эркинликни йўқотиш харажатлари билан солиштирганда бу анча камроқ йўқотиш.

Энди ўйлаб қарасам, 2008 йилда Украина ва Грузияга аъзолик бўйича ҳаракат режаларини бермаслик хато бўлган деб ўйлайман. Чунки бу Путинга нотўғри сигнал берди”.

У НАТО ичида тарқоқлик бор деб ўйлади, буни ожизлик деб ҳисоблади ва Грузияга ҳужум қилиб, бу заифликдан фойдаланди.

- Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги пайтларда НАТОни кескин танқид қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, НАТО мунозарали масалалардан ва Россия билан қарама-қаршиликдан қўрқишини англаганидан кейин у альянсга қўшилиш истагидан "совиган". Президент Зеленскийнинг НАТО ҳақидаги танқидлари адолатданми?

Расмуссен: Мен у НАТОни нега танқид қилаётганини жуда яхши тушунаман. Бироқ, ҳаммамиз НАТО ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик хавфини тушунишимиз керак. Биз ҳарбий тўқнашувга киришадиган иккита ядро қуролига эга томонлар ҳақида гапиряпмиз ва агар жуда эҳтиёткор бўлмасак, бу зиддиятни кучайтириши аниқ.

Бошқа томондан, НАТО иттифоқчилари қурол ва бошқа ҳарбий техника етказиб беришни кучайтириши керак... Менимча, ҳозир бизга жанговар учувчисиз дронлар, танкка қарши зенит қуроллари, Украина армияси ва украин халқи мудофаа салоҳиятини ошириш учун ҳарбий ёрдамни зудлик билан етказиб бериш керак. Чунки бу Путин билан ҳозир тўқнаш келиш ёки кейинроқ курашиш ўртасидаги танлов эканини тушунишимиз керак. Чунки, Путин Украинада тўхтаб қолмайди.

- Россия ва Украина ўртасида музокаралар давом этмоқда. Зеленский агар НАТОга аъзо бўлишдан воз кечса ва бу унинг мамлакати дуч келаётган экзистенциал таҳдидни тўхтатишни англатса, кимдир уни айблайдими?

Расмуссен: Биз Зеленскийни у ва унинг ҳукумати қабул қилиши мумкин бўлган қарорлари учун айбламоқчи эмасмиз ва, менимча, Ғарб иттифоқидан ҳеч ким Украина ҳукуматига қарор қабул қилиш учун босим ўтказмайди.

Уларнинг ўзлари қарор қилишлари керак ва бу аниқ тўхтам. Агар Путин ўз қўшнилари НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилиши ёки қўшилмаслигини ўзи ҳал қиладиган бўлса, бу Европа учун мутлақо номақбул ҳолат бўлади.

- Агар шундай бўлса, бу Путиннинг ғалабасини англатади, тўғрими? Бу унинг урушдан олдинги асосий талабларидан бири эди.

Расмуссен: Албатта, Украина каби мустақил ва суверен давлатдан талаб қилинган нарсаларни қабул қилиб бўлмайди. Бу Украинани Беларус каби Россиянинг бир қисмига айлантиради. Бу аслида Путиннинг мақсади: у собиқ Совет Иттифоқини тиклаш ғоясига берилиб кетган. Яъни собиқ Иттифоқ ҳудудини қамраб олган яқин минтақада Россия ҳукмронлигини тиклаш.

- Агар Украина зўравонликни тўхтатиш учун Россия билан қандайдир келишувга рози бўлса, Россиядан санкциялар олиб ташланиши керакми?

Расмуссен: Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Чунки Путин Украинага қарши ноқонуний уруш бошлаган. У халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузди, шунинг учун мен санкцияларни бекор қилиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман.

- Путиннинг жавобгарлигига келсак. Бу амалга ошгач, Ғарб уни яна қабул қиладими? У қилган иши учун товон тўлайдими?

Расмуссен: Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Россия сиёсий безорилар томонидан бошқариладиган халқаро яккаланган давлат.

- У халқаро судга тортиладими?

Расмуссен: Билмайман. Чунки уни судга бериш қийин бўлади деб ўйлайман. Аммо агар у уруш жиноятларида айбланса, уни судга тортилишига ишониш учун жиддий сабаблар бор. Ўшанда, у дунё бўйлаб бемалол ҳаракатлана олмайди.

XS
SM
MD
LG