Андижонлик тадбиркор ҳокимга қип-яланғоч ечиниш билан норозилик билдирди

Воқеа гувоҳининг Озодликка айтишича¸ ўз норозилигини "ечиниб ëтволиш" орқали ифода қилган тадбиркор йигит¸ бу ишни кийимларини шошмасдан¸ бемалол ечиш орқали амалга оширган.

12 март куни Андижон вилоят, Асака туман марказидаги Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган Paynet будкасини бузиш​ талаби билан Асака шаҳар ҳокими ​келган пайтда​ дўконча эгаси бизнесини сақлаб қолиш учун норозилик тариқасида қип-яланғоч бўлиб ечиниб¸ йўлга ëтиб олди. ​

Воқеа гувоҳларидан бири бу ҳақда Озодликка хабар қиларкан, дўкончининг Ўзбекистонда ҳозирча кўз кўриб, қулоқ эшитмаган норозилик акцияси акс этган суратни ҳам жўнатди.

​Шундай воқеа содир бўлгани ва суратнинг ҳақиқийлигини маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ тизимида ишловчи бир-биридан мустақил мулозимлар тасдиқлади.

Асака шаҳар ҳокими Хурсандбек Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда¸ шаҳарда ноқонуний қурилишларни бузиш жараëни бораëтганини эътироф этгани ҳолда¸ бундай воқеа бўлганини инкор этишга уринди.

Маҳаллий ҳуқуқ тизими мулозими¸ Нажмиддин Кубро кўчасидаги бу воқеанинг ички ишларда рўйхатга олинмагани¸ будка эгасининг бу ҳаракатидан довдираб қолган ҳокимият расмийлари норозиликни босди-босди қилаëтганини билдирди.

Озодлик ҳозирча будка эгасининг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлмади.

Норозилик акцияси

12 март куни Асака марказидаги Нажмиддин Кубро кўчасида содир бўлган ғайриоддий воқеа ҳақида Озодликка хабар берган маҳаллий тадбиркор¸ уни оиласини боқиш учун эртаю кеч ишлаëтган кичик тадбиркорнинг ҳокимият тазйиқига норозилиги деб атади:

Ўша куни Асака шаҳар ҳокими Хурсанд ҳожи, ерда ёткан аканинг Пайнет (Paynet) будкасини олдираман¸ деб келган маҳал шу ҳолат бўлган. Бу йигит руҳан соғлом¸ ҳокимга сен будкамни буздириб мени “ечинтирмоқчи” бўлсанг¸ мана мен ўзим ҳамманинг олдида ечиниб қўяқоламан”¸ демоқчи бўлганда!”

Озодликка бу суратни юборган асакалик тадбиркорга кўра¸ олдириш талаб қилинган будка олдида телефон ушлаб турган шахс¸ ҳокимлик мулозимидир.

Озодлик билан исмини очиқламасдан гаплашган Асака ҳокимият тизимидаги мулозим¸ 12 март куни Асака туман ҳокимининг 1-ўринбосари¸ Асака шаҳар ҳокими Хурсандбек Йўлдошевнинг бошқа бир тадбиркордан тушган ариза бўйича Нажмиддин Кубро кўчасидаги Paynet будкасига борганини билдирди:

Билишимча¸ шу кўчадаги дўкон эгаларидан бири Paynet будкаси менинг дўконимни тўсиб қўйди¸ деб расман ариза топширган. Ҳоким шу шикоят бўйича бу будкани олдириш учун борган. Қандайдир жанжал чиқипти¸ деб эшитдимку¸ лекин шахсан мен бу воқеани кўрганим йўқ”.

Асакалик тадбиркор¸ Paynet будкасининг шу кўчадаги 21-дўкон олдида экани ва уни кўчиртириш талаби ҳам шу дўкон эгасидан чиққанини билдирди:

Бу одам маҳаллий бойлардан. Paynet будкачаси остановканинг шундоққина ёнида. Зўр жой – олдида Асака банк¸ Миллий банк, роддом¸ ДХХ идораси бор. Шуни олдириб ташласам¸ бойчачча дўкончи доля беради¸ деган шекилли булар. Расмга қаранг¸ гавжум кўчанинг чорраҳасида¸ пул тушадиган жой. Булар жуда яхши билади кимнинг бошини оғритишни”.

Матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис¸ шахсини очиқламаслик шарти билан воқеанинг айрим тафсилотларини қўшимча қилган Асака туман ҳуқуқ-тартибот тизимида ишловчи мулозим¸ 12 март кунги “ғайритабиий норозилик акцияси”нинг ҳеч қаерда рўйхатга олинмаганини билдирди:

Бу йигит бемалол ечиниб¸ ерга ëтиб олган. Шаҳар ҳокими 200 фоиз ўша жойда бўлган. Бу ҳудудга қарайдиган участковой келиб¸ тушунтириш ишлари ўтказган. Ечинган йигитга яхши гапирган. Ҳоким жанжал катталашишидан қўрқиб¸ қочиб кетган. Лекин бу ҳолат ҳоким аралашгани учун ҳеч қаерда регистрация бўлмаган”.

Озодлик манбалари¸ жанжални ëпиш уриниши сифатида ҳоким Paynet будкасини олдириш талабидан ҳозирча воз кечганини айтди.

Бу суратни юборган асакалик тадбиркор¸ унинг 15 март куни олингани ва сўз бораëтган Нажмиддин Кубро кўчасидаги Paynet дўконинининг 15 март куни ишлаëтганини билдирди.

Шу кўчадаги чинорлар кесилди¸ лекин будка бугун (15 март) ҳам жойида турипти¸ ишлаяпти. Қўрқиб кетган булар. Ўзбекистонда норозилик сифатида ечиниб ëтволишнинг биринчиси бўлди бу. Бу сенсация президентга етиб борса¸ анчасининг калласи кетиши мумкинда!” деди Озодлик гаплашган маҳаллий мулозим.

Ҳоким раддияси

Озодлик 12 март кунги воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида 15 март куни Асака шаҳар ҳокими Хурсандбек Йўлдошевнинг ўзи билан боғланди.

Асака шаҳри бўйлаб ноқонуний қурилган ¸ кадастр ҳужжати бўлмаган объектларнинг бузилаëтганини билдирган ҳоким¸ Нажмиддин Кубро кўчасидаги Paynet будкасини олдириш талабини ана шу жараëннинг бир қисми сифатида тушунтирди.

Айни пайтда¸ 12 март куни бу дўкон эгаси бўлган тадбиркорнинг мазкур талабга норозилик тариқасида қип-яланғоч бўлиб ечинганини мутлақ инкор қилди.

Бундай воқеа умуман бўлмаган”¸ деган гапни бир неча марта такрорлаган Йўлдошев¸ Озодликнинг “Бўлмаганми¸ ëки бундан сизнинг хабарингиз йўқми?” деган саволига:

- Мен шаҳар ҳокими сифатида бунақа воқеа бўлса¸ ундан хабар топган бўлардим. Умуман бўлмаган¸ деб жавоб берди.

Ҳозирги технология тараққий қилган замонда бундай воқеани бекитиб бўлмаслигини таъкидлай бошлаган ҳоким¸ Озодликнинг қип-яланғоч ерга ëтиб олган йигит суратларини қандай изоҳлаш ҳақидаги саволига жавоб бермасдан¸ телефонини ўчириб қўйди.

Раддия мавсуми давом этади...

Асакада рўй берган воқеа гувоҳи ва унинг тафсилотларидан хабардор мулозимлар¸ Йўлдошевнинг бундай раддиясидан ажабланмасликларини билдирдилар.

Биздаги муҳитни яхши биласизларку! Раҳбарлар кетини ёпишни ўйлайди видеосъёмкаси бўлса ҳам¸ урмадим¸ сўкмадим¸ деб тониб туриб олишаяптику! Ҳокимлар президентнинг ҳимоясида¸ буларга прокуратура¸ ДХХ ҳам тегишга қўрқади ҳозир”¸ деди маҳаллий ҳуқуқ тизимида ишловчи мулозим.

Асакалик тадбиркор эса¸ норозилик тариқасида ечиниб ëтиб олган дўкончи ҳам бу воқеа овоза бўлишидан манфаатдор эмас, деган фикрни айтаркан, деди:

Бу боланинг ҳам рўзғори бор. Битта ечиниш билан ўзининг дўконини ҳимоя қилди. Paynet будкаси бугун ҳам ишлаяпти¸ ўзим олдидан ўтдим. Раҳбарлар лавозимини сақлашга ҳаракат қилади, тадбиркор ҳам ўзини ҳимоя қилади – оила¸ бола-чақаси бор! Paynet дўкони керакку! Шунга бу хабар чиқиши билан¸ иккала томон ҳам¸ “бунақаси бўлмади”¸ деб дод-вой солса керагов!