Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Тошкентда дарахт "қирғини" давом этмоқда. Аҳоли норозилиги инобатга олинмаяпти (ВИДЕО)


Югнакий маҳалласида кесилган дарахтнинг тўнкаси.
Югнакий маҳалласида кесилган дарахтнинг тўнкаси.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Аҳмад Югнакий маҳалласи аҳолиси уйлари олдидаги дарахтлар кесилишидан норозилик билдирмоқда.

Маҳаллий мулозимларнинг айтишича, ушбу маҳаллада канални ободонлаштириш ва автотураргоҳ қуриш важи билан жами 31 та дарахтни кесиш режаланган.

“Дарахтларимизни кесишмасин!”

Озодликка боғланган Аҳмад Югнакий маҳалласи аҳли вакилига кўра, маҳаллада кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланмоқда.

“Аҳолини дам олиш маскани ва сайилгоҳига айланган жойда автотураргоҳ қурамиз деб, кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлашаяпти. Шу ерда яшовчилар дарахтларимиз кесилишига норозилик билдириб, бош кўтариб чиқдик. Шикоятимизни эшитиш ўрнига, икки кишини РОВДга обкетиб, 1 суткагача ушлаб туришди. Тўполон, жанжал қилманглар дейишди. Кеча, 29 июль кун кечқурун яна уйимиз олдига норози одамлар йиғилди. Прокуратурадан, ҳокимиятдан келишди. Яна арз қилдик. Фойдаси йўқ. Бугун эрталаб яна келиб кесишни давом эттиришди”, деди Озодлик билан боғланган Аҳмад Югнакий маҳалласида яшовчи киши.

Югнакий мавзесида дарахтлар кесилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:32 0:00

“Дарахтларни мен кесмадим”

Маҳаллий мулозимлардан бирининг Озодликка тақдим қилган ҳужжатларига кўра, Югнакий маҳалласидаги 1200 кв/метр ҳудудда автотураргоҳ қуриш тадбиркор Хисамидин Игамбердиевга топширилган.

Озодлик тадбиркор Игамбердиевга боғланганида, у дарахтлар кесилишига мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Менга автотураргоҳ қуриш топширилди. Лекин дарахтларни мен кесмадим. Менга автотураргоҳ ўрнини тайёрлаб беришлари айтилган. Дарахтлар кесилишига умуман алоқам йўқ”, деди тадбиркор Игамбердиев.

Кесилган дарахтлар ўрнида қурилиши режаланган автотураргоҳ макети
Кесилган дарахтлар ўрнида қурилиши режаланган автотураргоҳ макети

Ҳокимлик дарахтлар кесилмаслигига оид ваъдасини бажармади (?)

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати жорий йил 19 июль куни “Энди Тошкентдаги дарахтлар кесилмайди” дея хабар қилган эди.

Ҳокимликнинг Facebook саҳифасида эълон қилинган ушбу хабарда “эндиликда дарахт кесган тадбиркорлар ва фуқаролар жаримага тортилиши” айтилган эди.

Озодлик 30 июль куни Югнакий маҳалласида кесилаётган дарахтлар бўйича изоҳ сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. Ҳокимликнинг Facebook саҳифаси орқали берган саволимизга, “дарахтларни кесиш учун махсус далолатнома шартлиги” эслатилган хабар линкини ташлашди холос.

“Ҳеч қандай далолатнома кўрсатишмади”

Югнакий маҳалласида яшовчи аҳоли вакилларининг айтишича, улар дарахтларни кесаётган шахслардан ҳужжат сўрашган, бироқ улар бирор ҳужжат тақдим қилишмаган,

“Биз нимага асосланиб, дарахтларимизни кесаяпсизлар деб бир неча марта сўрадик. Бирор одам бу саволимизга жавоб бермади. Бизга бирорта ҳам ҳужжат кўрсатишмади”, дейди Югнакий маҳалласида яшовчи қария.

Югнакий маҳалласида олинган сурат. 30.07.18
Югнакий маҳалласида олинган сурат. 30.07.18

“Далолатнома бор, лекин...”

Югнакий маҳалласида дарахтлар кесилаётгани воқеасидан яхши хабардор маҳаллий мулозимлардан бирининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, ушбу маҳалладаги дархтларни кесиш бўйича махсус далолатнома тузилган, бироқ унинг қонунга зид жойлари мавжуд.

“Югнакий мавзеси ҳудудидан ўтган Қорасув каналини ободонлаштириш мақсадида жами 25 та дарахтни кесиш учун Экоголия ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторлари томонидан далолатнома тузилган. Кейин шу жойда автотураргоҳ қуриш учун ажратилган ердаги 6 та дарахтни кесиш учун ҳам далолатнома берилган. Бу ерда автотураргоҳ қурилишини ҳам канални ободонлаштириш лойиҳасига қўшиб юборишган ва жами 31 та дарахтни кесиш режаланган. Лекин далолатнома тузилиши учун Каналлар бошқармаси Ягона дарчага ариза билан мурожаат қилиши керак. Экология қўмитаси буни кутмасдан далолатнома қилиб, дарахтларни кесишни бошлади”, дейди маҳаллий мулозим.

Кесилган дарахтлардан қолган тўнкалар. Югнакий маҳалласи. 30.07.18
Кесилган дарахтлардан қолган тўнкалар. Югнакий маҳалласи. 30.07.18

Экология қўмитаси: Ҳаммаси қонуний

Экоголия ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Озодлик боғланган инспектори дарахтлар кесилишида ноқонуний жойи йўқлигини таъкидлади.

“Каналлар бошқармаси билан келишилган. Улар ўтган ҳафта Ягона дарчага ариза берган. Фақат ҳали жавоби бизга келмади. Лекин албатта келади. Биз уни кутмасдан дарахтлар кесилишини бошлаганимиз сабаби, канални тозалаш учун бульдозер ва самосваллар Самарқанддан олиб келинган. Биз Ягона дарчадан жавоб келиши учун бульдозерларни ушлаб ўтира олмаймиз”, деди Экология қўмитаси инспектори.

Югнакий маҳалласи аҳолиси ҳисоб-китобича, сўнгги бир ҳафта ичида 14та дарахт кесилган. Режага кўра, яна 17та дарахт кесилиши лозим.

XS
SM
MD
LG