Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:58

Ҳукумат қароридан норози рекламачилар ёрдам сўраб Президентга мурожаат қилди (ВИДЕО)


Реклама билбордларидан сайловолди кампанияси давомида Шавкат Мирзиёев ҳам фойдаланган.
Реклама билбордларидан сайловолди кампанияси давомида Шавкат Мирзиёев ҳам фойдаланган.

Вазирлар Маҳкамаси ташқи рекламага оид 30 августда қабул қилган қарор реклама компаниялари сарф-харажатларини бир неча мартага оширибгина қолмай, реклама бозоридаги ўйинчиларнинг аксарияти фаолиятини тўхтатиб қўяди.

Озодликка Тошкент реклама ассоциациясидан келган хатда ҳукумат қарорига шундай хулоса берилган. Мактубга видео ҳам илова қилинган бўлиб, уни тасвирга олганлар президент Мирзиёевдан ёрдам сўраган.

Тошкентдаги баъзи реклама агентликлари раҳбарларининг Озодликка айтишича, пойтахт кўчаларида ўрнатилган қарийб 6000 та билборд фаолиятини таъминлаб турган минглаб ишчи-хизматчилар 1 декабрдан ишсиз қолиши мумкин.

Президентга мурожаат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:08 0:00

Тошкент реклама ассоциациясининг президент Мирзиёевга мурожаати

30 дан ортиқ ишчиси, 50 дан ортиқ билборди бор рекламачининг айтганлари

Тошкентдаги реклама агентликларидан бирининг бошлиғи 25 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда гапни реклама бозорида “Реклама тўғрисида”ги қонун доирасида ишлаб келаётганига 10 йилдан ошганини айтиш билан бошлади.

Исмини айтса, ҳукумат қарори кучга кирмай турибоқ, муаммоларга дуч келишидан қўрққан бу рекламачининг айтишича, унинг 50 дан зиёд билборди (реклама ёпиштириладиган, автойўллар четига ўрнатиладиган улкан тахта) бор. 50 дан зиёд билборддан фойдаланиш учун 30 дан ортиқ ишчиси мавжуд.

Агентлик раҳбарининг айтишича, эни 3, узуни 6 метрли битта билборд 15 млн сўм туради, агар устида призматрони бўлса, 30 млн сўм бўлади. Агар билборд электрга уланган бўлса, нархига яна 7-8 млн сўм қўшилади.

“Катта билбордларим ҳам бор, ҳар бирига 200 млн сўмдан ортиқ пул сарфлаганман. Конструкциянинг ўзи 100 млн, призматрони 150 млн, светини қўшсам, 260 млн кетган. Бу билбордларни қилиш учун бир неча марта кредит олганман, ҳозир ҳам қарзим бор”, деди Реклама агентлиги раҳбари.

Суҳбатдошимиз ва унинг ҳамкасблари ҳукумат қарори ижроси бошлангач, билбордлари турган жойларни аукционда сотиб олишга маблағлари етмаслигидан, жойлар катта пулдорларга сотилиб кетишидан қўрқмоқда.

“Жойнинг паспортини бошқа бировга сотиб юборишса, билбордларим қуруқ темирга айланади, қолади”, деди Реклама агентлиги раҳбари.

Тошкент реклама ассоциацияси маълумотларига қараганда, шу кунда пойтахтда 6000 га яқин катта-кичик реклама билборди бўлиб, улар 200 дан ортиқ тадбиркор мулкидир.

Ҳукумат қарорида нима дейилган?

Вазирлар Маҳкамаси 30 августда қабул қилган “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 702- қарорга биноан жорий йил 1 декабрдан бошлаб биллбордларни (мақолада фақат биллбордлар билан боғлиқ масалани ўрганаяпмиз) жойлаштириш ҳуқуқи кимошди савдоларида сотилади.

Бунда аукционнинг бошланғич нархи ер участкаси учун белгиланган ер солиғининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда, кўзда тутилган фойдаланиш муддатининг ҳар бир йили учун қилиб белгиланади.

Яъни, шу кунда билбордлари сатҳини реклама берувчиларга сотиб келаётган агентликлар 1 декабрдан бошлаб билборди турган жойдан фойдаланиш ҳуқуқини кимошди савдосида сотиб олиши лозим.

Реклама ассоциацияси нимадан норози?

Рекламачиларнинг “норозилик тарихи” Тошкент реклама ассоциациясидан Озодликка келган хатда батафсил битилган. Хатга илова қилинган Президентга видеомурожаатда эса, жумладан бундай дейилган:

“Жорий йил майида Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ) порталида Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада қарор кучга киргунига қадар ўрнатилган мавжуд реклама конструкцияларига эгалик ҳуқуқи сақланиб қолиши, улар кимошди савдосига қўйилмаслиги айтилган.

Буни қарор лойиҳаси муаллифи – Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Реклама бозорини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Д. Азимов ҳам 10 май куни “Ўзбекистон24” телеканалида қилган қилган чиқишида тасдиқлаган”.

Лекин шунга қарамай, лойиҳа Президентнинг эмас, ҳукуматнинг қарори кўринишида 30 августда қабул қилинди ва унда қарор лойиҳаси муҳокамаси давомида берилган ваъдаларга амал қилинмади.

Хат муаллифлари Озодликка ёзган мактуб нусхасини тегишли вазирлик ва идораларга ҳам йўллаганини хабар қилди.

Озодлик қарор лойиҳаси муаллифи - – Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан боғлана олмади.

Адлия вазирлигининг матбуот котиби эса, бу мавзуда ариза тушмаганини билдириш билан чекланди.

Ҳукумат қароридан сўнг юзага келган вазиятни баҳолар экан, мақоламиз бошида тилга олганимиз реклама агентликларидан бири раҳбари “қўли узун кимдир бу соҳада монополия ўрнатмоқчи, реклама бозорини ичак-чавоғи билан сотиб олмоқчи”, деди; айни пайтда "қўли узун кимдирлар"нинг кимлиги ҳақида маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG