МҚЖ матбуот маркази қайдича, толиблар бу талафотни жабҳа жангчиларининг Кўҳистон туманидаги блокпостга ҳужуми чоғида берганлар. Хабарномада Миллий қаршилик жабҳаси мазкур жангда қурбон бўлмагани айтилган.
МҚЖ вакиллари Бадахшон вилоятида ҳам толиблар билан жанглар бўлиб ўтганини маълум қилишган. Икки ҳафта муқаддам толиблар Миллий қаршилик жабҳасининг Шуҳадо туманидаги мавқеига зарба беришган эди.
МҚЖ маълумотига кўра, Бадахшон вилоятининг бу қисмида бир неча кун давом этаётган жанглар пайтида “Толибон” жангариларидан 18 нафари ўлдирилиб, 27 нафари ярадор қилинган. Жабҳа вакилларидан эса 4 киши ўлиб, 2 нафари яраланган.
Бадахшон вилоятидаги жанглар, манбаларга кўра, Қундуз армия корпуси, Бадрий махсус бўлинмаси ҳамда “Толибон” чегара кучлари ўртасида бўлиб ўтган.
Афғонистон Миллий қаршилик жабҳаси сўнгги ойда толибларнинг Кобул, Бадахшон, Тахор, Парвон, Кописо ва Нуристон вилоятларидаги назорат-ўтказиш масканларига бир неча ҳужум уюштирилганини маълум қилган.
Мавзуга алоқадор
Аҳмад Масъуд Толибонни геноцид ва ҳарбий жиноятларда айблаб чиқдиАфғонистонда айни пайтда иқтидорда бўлган “Толибон” (дунёдаги аксар давлатларда террор ташкилоти деб топилган) ҳаракати расмийлари жангларда кўрилган талафотларга оид маълумотларни изоҳсиз қолдиришган ҳамда Озодликнинг тожик хизмати саволларига жавоб беришмаган.
Афғонистонда ҳозирги пайтда Миллий қаршилик жабҳаси ва толиблар ўртасида бўлиб ўтаётган жангларга оид тафсилотларни Озодлик тезкор равишда текшириш имкониятига эга эмас.
Афғонистон Миллий қаршилик жабҳаси “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобул устидан назорат ўрнатганидан кейин тузилган эди. Жабҳа раҳбари Аҳмад Масъуд . У ўтган асрнинг 90-йиллари иккинчи ярмида толибларга қарши кучларга раҳбарлик қилган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғлидир.
Ҳозирда МҚЖ Афғонистон шимолидаги қатор вилоятларда “Толибон” кучларига қарши қуролли кураш олиб бормоқда.
Маълумот учун, хабарномаларда номи зикр этилаётган Кописо вилояти пойтахт Кобулнинг ёнгинасида, Бадахшон вилояти эса Тожикистон билан чегарада жойлашган.
Генерал Дўстумнинг баёноти
17 август куни Афғонистондаги Миллий Қаршилик Олий Кенгаши коалицияси аъзоси, ўзбек ҳарбий қўмондон ва собиқ сиёсатчи Абдурашид Дўстум дунё муросасиз экстремист гуруҳ Толибон билан ишлаб бўлмайди, деган хулосага келса, жангчиларим унга қарши ҳаракат қилишга тайёр деб айтган.
Дўстум бу ҳақда кенгашнинг Толибон ҳокимиятни эгаллаганига икки йил тўлиши муносабати билан ўтган онлайн йиғилишида баёнот берган.
Дўстумнинг айтишича, Афғонистон қурғоқчилик, иқтисодий беқарорлик ва ёрдам тарқатишдаги қийинчиликлар туфайли гуманитар инқироздан азият чекаётгани бир вақтда, Толибон халқаро ҳамжамиятнинг аёллар ва диний озчиликларга муносабати юзасидан ҳеч бир таклифини қабул қилмоқчи эмас.
Дўстум афғон халқи халқаро ҳамжамият ноқонуний ҳисоблаган Толибон бошқарувидан тўйганини айтиб, уни ҳокимиятдан четлатиш учун АҚШ ва бошқа давлатларни сиёсий ёрдамга чақирди.
Дўстум муҳожирликда яшаётган Анқарадан айтган сўзларига Толибон изоҳ бермади.
2019 йилда собиқ Афғонистон ҳукуматида биринчи вице-президент сифатида Дўстум Толибон суиқасдидан омон қолган эди.
2018 йилда у Афғонистон шимолида сиёсий рақибини қийноққа солиш ва ҳақорат қилишда айбланиб, Туркияда бир йил ўзини-ўзи сургун қилганидан кейин Кобул аэропортидаги худкуш портлашдан аранг омон қолган.
Миллий Қаршилик Олий Кенгаши Афғонистондан ташқарида фаолият юритади.
Дўстум йигирма йил аввал Толибонга қарши кучларни бошқарган ва 2001 йилда собиқ Толибон ҳукумати ағдарилганидан кейин ҳукумат мудофааси ва бошқа лавозимларда, жумладан, вице-президент лавозимида ишлаган.