Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

Термиз шаҳри Толибон қўшниларга мослашмоқда


Ўзбек-афғон чегарасидаги Термиз дарё порти. 20 август, 2021 йил.
Ўзбек-афғон чегарасидаги Термиз дарё порти. 20 август, 2021 йил.

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги янги таъмирланган, кенг ҳовли ва шийпонли бу уй атрофи мевали дарахтлар ва гуллар билан ўралган. Ёз жазирамасида кўк чой устида суҳбатлашаётган турли ёшдаги маҳаллий аёллар “Америка Овози”га Афғонистон чегараси яқинида ҳаёт ҳеч қачон осон бўлмагани, бироқ ҳозир қўшниларидан кўпроқ хавотирда эканликларини айтишади.

2021 йилда Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг чегарадан борди-келди қисқарган, аммо ҳар куни ўнлаб афғонлар Ўзбекистонга кириб келмоқда ва чегара ўтиш жойида юк ташиш сезиларли даражада фаоллашган.

“Биз ҳар сафар ташқарига чиққанимизда Афғонистонни кўрамиз. Ҳув анави томонда, – дейди 72 ёшли Гулжамила Ҳайитова чегара тўсиғигача узанган пахта майдонини кўрсатиб.

“Ҳаётим шу ерда кечди, ҳалигача бу ерда деҳқончилик билан шуғулланамиз, чегарачиларимизга ишонамиз. Ҳукуматимизга ишонамиз, хавфсизлигимизни ўйлайди. Бироқ, Ҳайратон томонда (Афғонистон билан чегарадош шаҳарча) кўринган ҳар қандай тутун, эшитилган ҳар қандай отишма ёки портлаш одамни хавотирга солади”, дея қўшимча қилади у.

Ўзбекистоннинг 3 миллионга яқин аҳолиси бўлган бу жанубий вилояти Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам чегарадош. Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳрида 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, ишлайди ва ўқийди. Амударё устидан ўтган “Дўстлик” кўприги Термизни Афғонистоннинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳарчаси билан боғлайди.

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

Тошкентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг таъкидлашича, «Толибон» ўзининг барча мураккабликлари ва муаммолари билан “қўшнилар ва халқаро ҳамжамият ўзаро манфаатлар асосида қабул қилиши ва шуғулланиши керак бўлган реалликдир”.

Яқинда АҚШ ва Европа вакиллари иштирок этган минтақавий музокараларда Иргашев ва бошқа ўзбек дипломатлари “Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, шунингдек, Кобулдаги раҳбарият билан мулоқот қилиш зарурлигини” таъкидлади.

Тошкент Афғонистон орқали инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда, шунинг учун денгизга чиқиш имкони бўлмаган республика ниҳоят Жанубий Осиёдаги денгиз портларига кириш имкониятига эга бўлади. Тошкент ва бошқа жойларда, жумладан Вашингтонда экспертлар Ўзбекистоннинг Толибон билан стратегик мақсадлари қанчалик иш беришини муҳокама қилаётган бир пайтда, Иргашев буни “мунтазам олға силжиш” деб таърифлайди, термизликлар эса кўпроқ савдо ва айирбошлашни хоҳлайди.

Шаман Жумаевнинг уйи ва фермасидан Дўстлик кўприги кўриниб туради. Афғонистонга темир йўл унинг уйи ёнидан ўтади, у ерда оиласи билан яшайди.

"Толибон бизнинг ҳаёт тарзимизни ўзгартирмади, ўзгартирмайди ҳам",- дейди Жумаев Термизда таълим олаётган ўсмир невараларини кўрсатиб.

“Мен афғонларни ажратмайман. Толибон ёки бошқаси, улар мен учун бир хил. Биз ҳаммамиз 45 йилдан бери урушни шу ердан кузатиб келаётган қўшнимизга ўрганиб қолганмиз”,- дейди у.

2016 йилда очилган Термиз карго маркази.
2016 йилда очилган Термиз карго маркази.

Жумаев чегарага туташган 70 га яқин мавзеда яшаётган маҳаллий аҳоли ҳақида гапиради: ўзбеклар, афғонлар ва бошқа халқлар азалдан ёнма-ён яшаб келган ва уларни ҳеч қандай сиёсат ажрата олмайди.

“Ўзбекистон ҳукумати назорат-ўтказиш пункти ёнида очмоқчи бўлган савдо марказини сабрсизлик билан кутяпмиз", – дейди чегарага яқин ҳудуд «Айритом» раҳбари Насибахон Абдуназарова.

«Аллақачон ўнлаб одамларимиз меҳнат қилаётган Термиз Юк марказидан фойдаланяпмиз. Ёшларимиз имконият излаяпти ва яхшироқ маош тўлайдиган янги корхоналарда ишлашни истайди”, - дейди у.

"Аммо Термиз Юк марказида иш ҳақи кам", -дейди Хайитова, 2016 йилда очилган улкан терминал ҳақида гапирар экан.- "Аммо йўқдан кўра яхшироқ".

Толибон билан хуфия ҳамкорлик. Шартни ким қўйяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:50 0:00

Чегара яқинида жойлашган Термиз карго марказида бир вақтнинг ўзида 50 тагача юк машинасига хизмат кўрсатиши мумкин, божхона расмийлаштируви, импорт/экспорт юкларни сақлаш, темир йўл ва автомобиль юкларини Афғонистонга ва Афғонистондан ўтказиш имконини беради. Марказга қарашли «Карвонсарой» меҳмонхона мажмуаси ҳам бор.

Сурхондарё вилоятида "Америка Овози" билан суҳбатлашган Жумаев ва бошқалар Амударё яқинида Толибон қураётган янги каналдан хавотирда.

“Биз сувга эҳтиёжни камайтира олмаймиз. Мен бу лойиҳа ҳақида ҳеч қандай ваҳима ҳис қилмаяпман, лекин бу туфайли сув тақчиллигидан азият чекишни истамаймиз”, - дейди Абдуназарова.

Фермаси Амударёга боғлиқ бўлган Жумаев Тошкент муаммони ҳал қилаётганидан мамнун.

“Толибон бизнинг ҳалатимизни билади, чунки Ўзбекистон ҳукумати ташвишларимизни уларга билдирган”, -дейди у.

Хавфсизликка ишонч

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг айтишича, “Амударёнинг нариги томонидаги энг беқарор даврларда ҳам афғон халқи билан савдо-сотиқ, маърифий ва маданий алоқалар давом этган”.

“Халқимиз Афғонистонда содир бўлаётган воқеаларга қарамай, барқарорлик ва тинчликка ўрганиб қолган. Толибон ҳокимият тепасига келганидан буён минтақада ҳеч қандай инқироз кузатилмади”, -дейди у.

Ўзбекистон Афғонистондан келган қочқинларни қабул қилмайди. Расмийларнинг “Америка овози”га айтишича, Толибон ҳокимиятга келишидан олдин кириб келганларга, аксарият ҳолларда қолишга рухсат берилган. Кўплаб афғон савдогарлари яшаш учун рухсатномаларини янгилашга муваффақ бўлишди ва баъзилари буни узоқ вақтдан бери кутмоқда.

“Ҳозир оилам билан ўзимни икки йил аввал Кобулда раҳбарият ўзгаришидан аввалгидан кўра, хавфсизроқ ҳис қиляпмиз", - дейди 2021 йилда депортацияга дуч келган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган афғон фуқароси Надим.

Афғонистоннинг Термиздаги консуллиги ўз офисини янгилади – энди Кобулни Толибон вакили тамсил этмоқда. Аммо унинг ҳукумати тан олинмагани учун эски байроқ ҳали ҳам мажмуа ташқарисида ҳилпираб турибди.

Термиз шаҳрида Афғонистон фуқаролари учун махсус мактаб бор, ҳозирда 535 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ярмидан кўпи олий маълумот олган.

“Олти йил аввал Термизда 40 га яқин афғон бизнеси бор эди. Ҳозир қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида 300 дан ортиқ бизнес фаолият кўрсатяпти”,- дейди Қосимов.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб, асосий эътиборни хавфсизлик, тараққиёт ва шериклик масалаларига қаратган.

Қосимов ана шу стратегияни таъкидлаб шундай дейди:

“Биз хохлаган нарса бу ерда ва хорижда фаровонликдир. Биз қўшниларимизга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур нарсалар билан ёрдам берамиз. Афғонистонлик тадбиркорлар учун имтиёзларни ҳам оширяпмиз”.

OzodNazar: Толибон-Ўзбекистон: савдо уруши?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:46:39 0:00

C5+1

27 июль куни С5+1 минтақавий дипломатик платформаси шафелигида бўлиб ўтган йиғилишда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус элчилари Толибонга қўйиладиган шартни таъкидладилар: “Инклюзив, бирлашган, суверен, барқарор ва терроризмдан холи, ўз халқи, жумладан, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган, ўзи ва қўшнилари билан тинчликда яшайдиган Афғонистон”.

Гуруҳ Афғонистон ҳудуди “терроризм ва зўравон экстремизмга мезбонлик қиладиган, улар молиялаштириладиган ёки экспорт қилиш учун база сифатида фойдаланиладиган бўлмаслиги кераклиги”ни таъкидлаб, давлатлар инсон, қурол ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда ҳамкорликни кучайтириши кераклигига келишиб олди.

Барқарор ва фаровон Афғонистонга “барча афғонлар, шу жумладан аёллар ва қизлар, этник ва диний озчиликлар мамлакат келажагида тўлиқ, тенг асосда ва конструктив иштирок эта олса ва унга ҳисса қўша олсагина эришилади”, дейилади қўшма баёнотда.

Марказий Осиёни Афғонистон орқали Жанубий Осиёга боғлайдиган энергия инфратузилмаси ва транспорт тармоқларини барпо этиш орқали минтақавий боғланиш аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб, С5+1 БМТнинг Афғонистондаги саъй-ҳаракатлари ва ҳозирлигини қўллаб-қувватлашини айтмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG