Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Мирзиёев Трансафғон темир йўлининг иқтисодиёт учун аҳамиятига тўхталди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида Афғонистон орқали ўтадиган темир йўлнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди ва уни "Ўзбекистон учун энг маъқул йўл" деб атади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида тадбиркорларни энг кўп қийнайдиган муаммо йўл харажатлари эканини билдирди.

«Авваламбор, [ҳозирда мавжуд йўллар] қиммат, узоқ ва хавфсиз эмас, десак, тўғри бўлади… Агар 30 йил олдин, 30 йил орасида Қирғизистон-Ўзбекистон-Хитой темир йўли қурилганида эди, ҳозир сизларнинг шароитингиз, таннархлар мутлақо бошқача бўларди», — деди президент.

«Афғонистон орқали ўтадиган темир йўлимиз — Жанубий Осиёга чиқадиган энг маъқул, энг арзон, энг хавфсиз йўл. Тасаввур қилинг, Худо хоҳласа шу кунлар барибир келади, иккита темирйўл қурилса, иқтисодиётимиз қандай барқарор бўлади. Биз бировга қарам бўлмаймиз. Агар мана шу иккита катта темир йўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, ҳозирги вазият енгил эмаслигини қўшимча қилди.

«Агар ростини айтсам, оғир шароитда яшаяпмиз. Ой ойга эмас, кун кунга тўғри келмаяпти. Кечаги валютага бўлган босим бугун оғирроқ бўляпти. Шунинг учун биз, албатта, тадбиркорлар синфи, ишбилармонларга экспорт қилиш, логистика бўйича шароитлар яратишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Мазкур темир йўлни қуриш лойиҳаси 2018 йилда эълон қилинган, қурилиш эса 2021 йилнинг сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Бироқ 2021 йилнинг 15 август куни Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгани ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.

2022 йилнинг 18 июлидан Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон «Термиз-Пешовар» трансафғон темир йўли қурилиши юзасидан амалий ишларни бошлагани хабар қилинган эди.

«Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» йўналиши бўйича қуриладиган мазкур темир йўл лойиҳасининг таҳминий қиймати ўшанда 5 миллиард доллар экани билдирилганди. Бироқ 2022 йилнинг декабрида Покистон Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа лойиҳанинг янги муҳтамал қиймати 8,2 миллиард долларга баҳоланаётгани тўғрисида баёнот берди.

Деярли 600 километрли мазкур темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етиши мумкин.

XS
SM
MD
LG