Фарғона вилоятидаги айрим тадбиркорлар 24 октябрдаги сайловларда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган ЎзЛиДеП Фарғона вилоят булими ходимларини тарғибот баннерларини тайёрлаб беришга мажбурлаётганидан шикоят қилмоқда. ЎзЛиДеП вакиллари Озодликка сайловолди тарғибот ва ташвиқот кўргазма материаллари партия Марказий қўмитаси томонидан молиялаштирилаётганини билдирди.
Айни пайтда президентликка номзодларнинг сайловолди баннерлари ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланган.
Фарғоналик тадбиркорлар: Баннер қилишга мажбурланяпмиз
Озодлик таҳририятига Телеграм орқали мурожаат қилган бир гуруҳ фарғоналик тадбиркорлар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Фарғона вилоят бўлими ходимлари босимига учраётганидан арз қилди.
Исмини ошкор қилмасликни сўраган бизнесменлардан бирига кўра, ЎзЛиДеПнинг вилоят бўлими ундан партия номзоди Шавкат Мирзиёев суратлари акс этган баннерлар ва плакатларни тайёрлаб беришни "қатъий оҳангда" сўраган.
- Фарғона шаҳрида тадбиркорман. Катта тадбиркорлардан 6х3 метрли баннерларини тайёрлаб беришни сўрашди. Биттадан тайёрлаб берсак, “яна битта қилиб берасан!”, деб босим қилишяпти. Ҳар бир баннер энг арзони 400-500 минг сўм атрофида. Буни қилиб бердикку-я, эртага “яна қилиб бер” деб келиши эҳтимоли бор. “Партия учун, қурбингиз етади, чиқариб беринг”, деб келяпти. Бизнинг ишларимиз, оиламиз бор, ахир!
Мавзуга алоқадор Мирзиёев номзоди учун "керагидан ортиқ" имзо. Фаоллар ва талабалар сайловолди тадбирларидан норози
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у баннерларни тайёрлаш учун ЎзЛиДеПнинг ўзини "Ҳалимжон" деб таништирган вакили кўрсатган фирмага нақд пул ўтказиб берган.
- Телефон қилавериб, ҳоли-жонимга қўймади! “Ҳокимиятдан, администрациядан текширув бор, ёрдам қилворинг, кейинчалик сизга фойдаси тегиб қолади”, деб ўзини партия бошлиғи ўринбосариман, деб таништирган Ҳалимжон исмли йигит. Буларга йўқ деб бўлмайди, тадбиркорлар ҳамма тадбирларида иштирок этиб келади, ҳомийлик қилганмиз илгари ҳам. Ҳомийлик ҳам эви билан бўлиши керак эмасми?! Партия тарғиботига давлатдан пул ажратилса керак. “Тинч юришни хоҳлайсизми? Бирор ташкилот текшириб келишини хоҳламайсизми?”, деган мазмунда гапиряпти. Бу ерда жуда кўп тадбиркорларга шунақа ишларни юклаворишяпти экан, дейди суҳбатдош.
Озодликка маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев билан бирга “Миллий тикланиш”, “Адолат”, Экологик ва бошқа партиялар номзодлари сиёсий реклама баннерлари ҳам ўрнатилган.
Озодлик ЎзЛиДеПнинг Фарғона вилоят бўлими вакили Ҳалимжон билан телефон орқали боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўрди. Президент партияси вакили тадбиркорларнинг иддаоларини қатъиян инкор қилди:
- Биз постер ва баннерларни ҳаммасини “Тасвирий ойина” ширкатида партиямиз ҳисобидаги пулга қилдиртиряпмиз. Ким бундай мурожаатларни қиляпти? “Тасвирий ойина”га 6х3 метрли баннерни ҳамма туманларга қилдириб беряпмизку! Мана ҳозир Тошкентдан таъминлаб берилди – байроқ, шарфларни тарқатяпман, жами 20 хилдан ортиқ материал олиб келинди марказдан: улар учрашув бўладиган жойларга бериляпти. Ҳеч бир тадбиркорга ундай нарса дейилгани йўқ. Қолган сарф-харажатлар бўйича менинг бошқа маълумот беришга ваколатим йўқ, деди ЎзЛиДеП вакили.
Озодлик ҳозирча бошқа вилоятларда сайловолди ташвиқотлари билан боғлиқ харажатлар тадбиркорлар зиммасига юкланаётгани ҳақида маълумотга эга эмас.
Сиёсий реклама: "Колбасага овоз бермайман!"
Айни дамда президент сайловларида иштирок этаётган бошқа партия баннерлари билан боғлиқ ҳодисалар жамоатчилик эътиборидан четда қолмади.
Хусусан, "фақат Шавкат Мирзиёевни рақиб сифатида кўриши"ни билдирган “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодировнинг қора фонда тушган “Президентликка номзод Алишер Қодиров” плакати кўплаб баннерларга осилди. Бир неча кун ўтмасдан бу баннерлар оқ фондаги “Овоз беринг! Алишер Қодиров”га алмаштирилгани кўпчилик блогерлар ва кузатувчилар изоҳларини келтириб чиқарди.
Алишер Қодировнинг плакатидаги ёзувлар бир қарашда “Президентликка Алишер қодир” деб ўқилса, яхшилаб эътибор берилганидан кейин “Президентликка номзод Алишер Қодиров” тўлиқ матни келиб чиқади.
“Миллий тикланиш” етакчиси тармоқларда тарғибот баннерлари мажбурлаб алмаштирилаётгани тўғрисидаги-гап сўзларга раддия берди:
"Бундай эмас азизлар. Биз буни режалаштирган эдик: оқни оқ деймиз, қорани қора! Ишонч билдирилса Ўзбекистон равнақи ва ўзбек халқи фаровонлиги учун боримни беришга тайёрман."
“Адолат” Социал-демократик партиясининг президентликка номзоди Баҳром Абдуҳалимовнинг “колбаса фони”даги сиёсий рекламаси 'эса, интернетнинг ўзбек сегментида энг кўп кўрилган суратлардан бирига айланди.
Ушбу баннерлар тармоқ фойдаланувчилари орасида мемга айланишга ҳам улгурди.
Шу йил бошида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 24 октябрдаги президент сайлови харажатлар сметасини 300 млрд сўм этиб тасдиқлаган.
Унга кўра, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса — 3 млрд сўмдан ажратилди. Сайлов жараёнида коронавирусга қарши кураш учун 11,5 млрд сўм сарфлаш режалаштирилгани маълум қилинганди.
МСК маълумотларига кўра, 2020 йилда ЎзЛиДеП партиясига 35,3 млрд сўм келиб тушгани, бу партияларга ўтказилган энг кўп маблағ ҳисобланиши олдин айтилган эди. Миллий тикланиш ва ЎзЛиДеП партияларининг асосий молиялаштириш манбалари давлат бюджетидан бўлгани, ХДП харажатларининг 48 фоизи эса ўз маблағлари ҳисобига тўғри келгани тўғрисида ҳисобот берилган.