Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:53

Мирзиёев ва бошқалар. ЎзЛиДеП президент номзодини президентликка кўрсатди


Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида, Тошкент, 2021 йил, 9 сентябрь.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида, Тошкент, 2021 йил, 9 сентябрь.

Пайшанба куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Тошкентда бўлиб ўтган Х қурултойи, кутилганидек, Ўзбекистон Республикаси президентлигига амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзодини тасдиқлади.

Мирзиёев сайловолди нутқида ўзининг биринчи муддатини сарҳисоб қилди ва 24 октябрдан бошланиши кутилаётган иккинчи муддати режаларини эълон қилди.

"Халқ бизга ишонди. Энди у биздан янги режа ва дастурларни кутмоқда", деди президент.

Мирзиёевнинг иккинчи муддат президентлиги учун эълон қилган сайловолди дастуридаги масалалар беш йил олдинги муаммолар билан бир хил. Булар - электр энергияси, интернет тезлиги, аҳоли даромадлари, соғлиқ ва таълим тизимини яхшилаш, атроф-муҳит муҳофазаси ва ҳ.к.

Айни пайтда таҳлилчилар жамиятда Мирзиёев ислоҳотларидан кутишлар беш йил олдингидан пасайгани ва ўз ўрнида президентнинг иккинчи муддат учун ваъдалари ҳам бир қадар мўътадиллашганига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Мирзиёев ўз чиқишида "ўқитувчиларнинг ойлигини 1000 доллар қиламиз" каби олдинги ваъдаларидан фарқли "ўқитувчиларни муносиб иш ҳақи" билан таъминлаш ҳақида гапирди.

Унинг "ҳокимларни ҳам сайлаймиз" деган беш йил олдинги ваъдаси эса ҳокимликка номзодларни маҳаллий кенгашларда энг кўп ўринларни олган партиялардан кўрсатиш таклифига ўзгарди.

Президент берган барча ваъдалар муҳлати - 2026 йил. Шу йили Мирзиёевнинг иккинчи, Конституцияга мувофиқ охирги муддати ниҳоясига етади. Аммо президент эълон қилган баъзи режалар, масалан, жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини 1,6 баробар ошириб, 4000 АҚШ долларига етказиш режаси бу муддат билан чекланмаган.

"Шундай қилиб, 2030 йилда биз аҳоли жон бошига даромадни 4000 минг долларга ошириб, ўртачадан юқори даромадга эга давлатлар рўйхатига кириш учун фундамент яратамиз", деди Мирзиёев. Унинг президентлик муддати 2026 йил билан чекланадими, йўқми, ҳозирча номаълум.

ЎзЛиДеП қурултойи арафасида Ўзбекистон парламентининг икки юқори мартабали мулозими амалдаги президентга "Миллат Сардори" номини беришни таклиф қилган эди.

Сайлов арафасида президент Мирзиёевнинг янги китоби нашрдан чиқди.
Сайлов арафасида президент Мирзиёевнинг янги китоби нашрдан чиқди.

Мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, президент Мирзиёев ЎзЛиДеП қурултойида қилган нутқида “йирик ташаббуслар, ғоялар ва дастурларни илгари сурди”.

Интернет тезлигию журналист ва дарахт ҳимояси

Сиёсатшунос айтаётган йирик ташаббуслар, ғоялар ва дастурлар ҳақида мана бу сарлавҳалар тасаввур беради:

Даромад, Афғонистон ва электр қуввати

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ўз нутқида “2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилиши"ни айтди. Айни пайтда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад йилига 1700 долларни ташкил қилади.

Президент ўз нутқида Афғонистон масаласига ҳам тўхталиб, келгуси беш йилда президент сифатида чегаралар хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга, жанубий қўшни халқига қўлдан келган барча ёрдамни беришга ҳам ваъда берди.

Президентликка номзоди кўрсатилган президентнинг яна бир ваъдаси электр энергетикаси билан боғлиқ.

“Энергия ресурслари бозори эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади. Натижада, 2026 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт - соатга оширилади ва жами 100 миллиард киловатт - соатга етказилади”. (Қиёслаш учун:1990-йиллар бошида Ўзбекистон ва Қозоғистон деярли бир хил ҳажмда электр қуввати ишлаб чиқарган. Мустақиллик йилларида Қозоғистон электр ишлаб чиқаришни икки баробарга оширган, Ўзбекистон эса, деярли 30 йил олдинги ҳажм билан қолиб кетган)

Оптимист сиёсатшуноснинг скепсиси

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари жамиятни ўзгартиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Бироқ унинг фикрича, “айни пайтда жамият кутган ва Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожига жиддий ҳисса қўшиши мумкин бўлган бошқа ташаббуслар, лойиҳалар ўзининг навбатини кутиб турибди”.

Фикрини ривожлантирар экан, сиёсатшунос бундай деди:

“Ўзбекистонда жамиятнинг сиёсий фаоллиги борасида, деярли ягона канал – давлат, ҳукумат ва унинг ишончи бўлиб қолмоқда. Ҳозирча, жамият ўзининг эркин ва мустақил сиёсий ташаббускорлиги, ҳуқуқий-сиёсий даражада расмийлаштирилмасдан қолмоқда”.

Президент Мирзиёев 9 сентябрдаги нутқида 5 йил аввал ваъда қилган ҳокимлар сайлови масаласига яна тўхталди. У ҳокимликка номзод туман кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади, деди. Камолиддин Раббимовнинг фикрича, бу ташаббусни қадрсизлаши мумкин бўлган бир қанча нуқталар мавжуд:

“Туманлар одатда сиёсат билан эмас, хўжалик ишлари билан шуғулланувчи субъектлар ҳисобланади. Энди, бу ташаббус билан, жорий ҳокимларнинг ЎзЛиДепга кириш ҳолати кучайиши мумкин. Чунки бу партия, ҳозирда “ҳокимият партияси” эканлиги маълум. Қолаверса, жорий ҳокимлар, ўз ўринларини сақлаб қолиш учун, сайлов жараёнларига ўта жиддий шаклда аралашиш эҳтимоли ортади. Бу ташаббусни тўғри ўзанга буриш учун, партияларнинг хўжалик-иқтисодий тафаккурини ривожлантириш, уларга маҳаллий ижроия ҳокимияти томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай таъсирларни институционал даражада олдини олиш керак бўлади”.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон қанчалик тез туман ва вилоят ҳокимларини бевосита, кучли рақобат асосида сайлаш тизимига ўтса, шунчалик минтақалар ривожига ижобий таъсир қилади, деб ҳисоблайди.

Талабалар учун 100 минг ўринли ётоқхона?

Президент 9 сентябрь кунги нутқида олган таълим соҳасидаги ислоҳотлар режасини ҳам очиқлаб, хусусан, талабалар учун энг оғриқли масала – ётоқхоналар қуришга ваъда берди. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади.

Президентнинг бу режасига Жаҳон тиллари университетининг 3 курс талабаси Жавоҳир Омонуллоев Озодлик билан суҳбатда бундай мана бундай муносабат билдирди:

“100 минг ўринли талабалар ётоқхонаси қурилиши айтилди. Бу мени ҳам хурсанд қилди, албатта. Аммо бу сўзлар янграр экан, ётоқхона қайси ерда, қанча муддатда қурилиши билан боғлиқ саволлар яна очиқ қолди. Ётоқхоналар қурилгунга қадар талабалар қаерда яшайди? Яъни ўқиш учун талабалар шаҳарларга қайтар экан, ижара ва такси нархлари сезиларли кўтарилди. Ҳукумат нархларни айтарли назорат қила олмаяпти ёки парвойига ҳам келмаяпти. Ҳар бир номзод режаларида келажакни назарда тутар экан, ҳозир бўлиб турган муаммоларга жавоби йўқ, режалари эса, мавҳум”.

... ёқимли, умидсизлантирган ва исталмаган ваъдалар

Шавкат Мирзиёевнинг ЎзЛиДеп қурултойидаги нутқи ижтимоий тармоқларда ҳам таҳлил қилинмоқда.

Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров ўз Телеграм-каналида президент нутқини шарҳлар экан, унда янграган ваъдаларни “ҳаражатли, кутилган, такрорланаётган, ёқимли, умидсизлантирган ва исталмаган”, деб таснифлади.

Блогернинг фикрича, президентнинг “Евросиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий қадамлар қўйилади”, деган баёноти исталмаган баёнотлардан бўлса, уни умидсизлантирган баёнотлардан бири: “боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган 4 триллион сўм маблағни тақсимлаш ваколати вилоятларга берилади”. Бу баёнот ортидан блогер “Миллиардларни ўғирлаётганларга энди триллионларни ишонамизми?” деган саволни ўртага ташлайди.

Марказий сайлов кмиссияси Президент сайловига 2021 йилнинг 23 июлида старт берган эди.
Марказий сайлов кмиссияси Президент сайловига 2021 йилнинг 23 июлида старт берган эди.

Мирзиёев ва бошқалар

Президент Мирзиёевнинг номзодини президентликка кўрсатган ЎзЛиДеп қурултойи арафасида Ўзбекистондаги бошқа партиялар ўз номзодларини кўрсатиб бўлган.

8 сентябрь куни “Адолат” социал-демократик партияси Баҳром Абдуҳалимовни, август ойида Экологик партия Нарзулла Обломуродовни, “Миллий тикланиш” партияси Алишер Қодировни, Халқ-демократик партияси эса Мақсуда Ворисовани президентликка номзод сифатида кўрсатган.

Мазкур партияларнинг ҳаммаси иқтидордаги ҳукумат сиёсатини дастакловчи ташкилотлар ўлароқ кўрилади.

Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмаган.

Ўзбекистонда президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG