Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:40

"Мақтов ва эҳтиёткор танқид". The Financial Times бир кунда Ўзбекистон ҳақида 11 та мақола чоп этди


Баъзи таҳлилчилар The Financial Times да Ўзбекистон ҳақида босилган мақолалар президент Мирзиёев имижини яхшилаш учун уюштирилган PR кампаниянинг бир қисми бўлишини назардан қочирмайди.
Баъзи таҳлилчилар The Financial Times да Ўзбекистон ҳақида босилган мақолалар президент Мирзиёев имижини яхшилаш учун уюштирилган PR кампаниянинг бир қисми бўлишини назардан қочирмайди.

Британиянинг нуфузли The Financial Times нашри Ўзбекистон мавзусига бағишлаб бир кунда 11 та мақола чоп этди.

Британ нашрининг 10 сентябр куни чоп этган муаллифлик мақолалари Афғонистонда Толибоннинг қайтиши ва Ўзбекистоннинг бу борадаги мавқеи, Мирзиёев ҳукумати олиб бораётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларидан тортиб мамлакат озиқ-овқат дўконлари тизимидаги жонланишлар, муқобил энергия тизимлари каби мавзуларни қамрайди.

“Толибоннинг қайтиши Ўзбекистонни минтақада муҳим ўйинчига айлантирди” сарлавҳали мақолада Афғонистонда ҳокимиятни радикал исломчилар қўлга олиши дунё учун кутилмаган ҳодиса бўлгани баробарида, Ўзбекистон учун минтақада не чоғли кучли ўйинчи эканини текшириш фурсати ҳам бўлгани таъкидланади.

The Financial Times нашрининг Москвадаги бюроси раҳбари Ҳенри Фой ўзининг Твиттер саҳифасида британ нашри чоп этган мақолани "Тошкент Афғонистонни нафақат таҳдид, балки халқаро эътибор манбаси сифатида кўрмоқда", - дея тақдим қилди.

“Ўзбекистон ҳеч қачон ўтмишга қайтмайди”, деб сарлавҳа қўйилган бошқа мақола эса, мамлакат бош вазирининг муовини Жамшид Қўчқоров билан суҳбат асосида тайёрланган.

“Мамлакатда чуқур ўзгаришлар бўляпти, Мирзиёев президентлигининг яна бир беш йиллиги олдинда экан, мамлакат ҳеч қачон ўтмишга қайтмайди”, - дейди Қўчқоров The Financial Times нашрига берган интервьюсида Каримов даврини назарда тутиб.

Мақола муаллифи Қўчқоровнинг ўзи ҳам Каримов даврида 19 йил Молия вазирининг муовини ва икки йил вазир лавозимида ишлаганини эслатади, мамлакатда матбуот эркинлиги ва аёллар ҳуқуқлари ҳамон чекланаётганига эътибор қаратади.

Ўзбекистонда чет эл сармоядорлари учун яна бир муаммо-мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг абгорлиги, қонунбузарликлар эса ҳалигача ҳал этилмаган, дея ёзади муаллиф.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бузилишларини ҳал этишнинг уддасидан чиқолмаяпти” сарлавҳали мақолада муаллиф: “Мустабид диктатор Ислом Каримов даврида Марказий Осиёнинг бу давлати сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликларини менсимагани учун Шимолий Корея билан бир қаторда турарди. Аммо 2016 йилда Каримов вафотидан кейин, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, мамлакат ташқи дунёга очилишга ҳаракат қилмоқда.

Мирзиёев ислоҳотларни бошлади, жумладан 50 дан ортиқ сиёсий маҳбусларни озод қилди. Бундан ташқари, Халқаро Меҳнат Ташкилотига кўра, пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатнинг тизимли равишда тугатилиши ва баъзи сиёсий баҳслар рағбатлантирилди”, - дейилади мақолада.

Аммо инсон ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги борасида кузатилаётган баъзи ҳолатлар, жумладан блогерлар Нафосат Оллошукурова ҳамда Миразиз Бозоров иши Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастури йўналишини шубҳа остига қўйди, деб ёзар экан муаллиф: "Минглаб одамлар, асосан тинч диндорлар сохта айбловлар билан қамоқда қолаётгани" таъкидлайди.

Мақолада Ўзбекистонда "давлатга хиёнат"да айбланиб қамалган собиқ дипломат Қодир Юсупов тақдирига ҳам эътибор қаратилган.

Юсуповнинг Лондонда яшаётган ўғли Бобур БМТ ишчи гуруҳига 2020 йил ёзишича, отаси адолатсиз қамалган, у Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан психологик қийноқларга дучор бўлган, шу жумладан унга, хотини ва қизига нисбатан жинсий зўравонлик билан таҳдид қилингани ҳақда маъалум қилган.

Мирзиёев учун "пиар"ми?

Лондонда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов The Financial Times Ўзбекистон ҳақида чоп этган мақолаларда “мақтов жуда эҳтиёткор танқид билан омухталаштирилган” дер экан, бу президент Мирзиёев имижини яхшилаш учун уюштирилган PR-кампаниянинг бир қисми бўлиши эҳтимолини назардан қочирмайди.

“Эҳтимол, бу мақолалар ишончли кўринишга эга ва журналистик стандартларга жавоб берар. Умуман олганда, бу, ўз навбатида, жаноб Содиқ Сафоев бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Буюк Британияга қилаётган ташрифи доирасидаги пиар-кампанияга ҳам ўхшаб кетяпти.

Мақолалардан бирида, ЕТТБ собиқ президенти, ҳозирда Мирзиёевнинг шахсий маслаҳатчиси жаноб Сума Чакрабарти интервьюси ҳам бор. Бу ҳолат Қозоғистонда Тони Блэр ва Россияда Герҳард Шрёдерга жуда ўхшаш ҳолат. Шуни ҳам айтиш керакки, жаноб Чакрабарти даврида ЕТТБ ўз инвестиция сиёсатида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдан воз кечган эди.

Ўзбекистондаги баъзи шубҳали лойиҳаларни молиялаштиргани учун танқид қилинган, уларнинг баъзилари ҳатто меҳнат ҳуқуқларининг бузилишига билвосита ҳисса қўшган.

Ҳозир жаноб Чакрабарти Ўзбекистонга тўғридан -тўғри хорижий сармояларни киритиш истиқболлари ҳақида оптимистик фикрларга тўла. Бироқ, у қонун устуворлигининг йўқлиги, ҳукуматнинг юқори даражаларида катта коррупция, қариндошлик тизимига деярли тегмагани каби асосий омилни эътиборсиз қолдирган”, - дейди Алишер Илҳомов.

The Financial Times 19-аср охирларида Лондонда таъсис этилиб, асосан иқтисод ва бизнес мавзуларидаги мақолаларга ихтисослашган.

Газетани ҳар куни дунё бўйлаб қарий икки ярим миллион одам ўқийди. Нашр реклама мазмунидаги мақолаларни ҳам чоп этади. Газетхонларни чалкаштирмаслик учун нашр бу каби мақолалар тепасига "реклама" сўзини илова қилади.

The Financial Times нинг 10 сентябр куни чоп этган Ўзбекистон ҳақидаги мақолаларига "реклама" сўзи ёзилмаган.

Ғарб нашрлари Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан пули тўланган мақолаларни ҳам чоп этади. Аммо бундай ҳолатларда мақола "промоут" қилинган контент экани аниқ-тиниқ ёзиб қўйилади.

Ўтган йил Foreign Lobby Report нашри Ўзбекистон ўз имижини яхшилаш учун чет давлатдаги лоббичи компанияга пул тўлагани ҳақида хабар қилганди.

Бу нашр¸ авторитар давлатларнинг жамоатчилик фикрига таъсир қилиш уринишларини фош этишга қаратилган тадқиқотларга ихтисослашган.

Хабарда Ўзбекистон Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги Cotton Campaign коалициясининг ўзбек пахтасидан қилинган маҳсулотлар бойкотини тўхтатиш учун махсус PR (public relations) компанияси ëллагани айтилади.

Вазирлик Вашингтондаги “Ксенофон стратегиялари” (Xenophon Strategies) ширкати билан 2020 йил 14 апрель куни тузилган шартноманинг Озодлик ихтиëридаги нусхасига кўра¸томонлар бу иш учун Америка ширкатига 585 минг АҚШ доллар тўлашга келишган.

Унда ëзилишича¸Ўзбекистон бу пиар-ширкати учун илк хорижий мижоз- давлатдир.

Озодликда нусхаси бўлган иш режасига кўра¸ пиар-ширкaти бир йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати сўрови билан биринчи босқичда стратегик режа тузиш¸ иккинчи босқичда таҳлилий мақолалар тайëрлаб¸ уларни махсус очилган веб саҳифада чоп қилиш билан шуғулланади.

Шунингдек, Ўзбекистон пахтачилигида мажбурий меҳнатга барҳам берилганини тасдиқловчи фото ва видеоҳисоботларни ижтимоий тармоқларга мунтазам жойлаштириш¸ белгиланган аудиторияни қамраб олиб, ижтимоий фикрни шакллантириш ҳам иккинчи босқичга киритилган.

АҚШдаги ширкат кўрсатиши лозим хизматларнинг учинчи этапи¸ нуфузли халқаро матбуотда айни муаммо ечимига оид қатор мақолаларни чоп қилишни ўз ичига олади.

Бирлашган Қиролликнинг Ўзбекистондаги Туризм бўйича элчиси Софи Ибботсон Марказий Осиёнинг бу давлатига матбуотнинг қизиқиши қўшни Афғонистонда иқтидорнинг Толибон қўлига ўтиши ва октябрь ойида бўладиган президентлик сайлови билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади.

“Ҳозир Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев бошлиқ делегация Британияга ташриф буюриб, журналистлар ва сиёсий доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда. Учрашувлардаги муҳокама мавзулари ҳам Афғонистон ва Ўзбекистондаги сайловлар. Журналистларни ҳам шу мавзу эътиборини тортмоқда. Бу мақолалар Тошкентнинг буюртмаси ёки PR-мақолалар дейишдан йироқман. Мазмун жиҳатдан ҳам мақолалар жуда кучли, танқидий ва холис назар билан ёзилган”, - дейди Софи Ибботсон.

XS
SM
MD
LG