Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:34

Хьюман Райтс Уотч ўз тадқиқотчиси Тошкентда "оғзаки ҳужумга" нишон бўлганини билдирди


Sayyod.com сайти раҳбари Сардор Комилов ва унинг шериклари. Сурат Свердлов томонидан унга бўлган сўз ҳужуми пайти олинган.
Sayyod.com сайти раҳбари Сардор Комилов ва унинг шериклари. Сурат Свердлов томонидан унга бўлган сўз ҳужуми пайти олинган.

Бош қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Хьюман Райтс Уотч (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов инсон ҳуқуқлари бузилиши холатларини ўрганиш учун Ўзбекистонга борган пайтда агрессив оғзаки ҳужумларига нишон бўлганини маълум қилди.

Хьюман Райтс Уотч 14 июнь куни тарқатган баёнотга кўра, воқеа жорий йилнинг 13 июнида Тошкентда содир бўлган.

HRW воқеани "агрессив оғзаки ҳужуми" деб атаб, уни кескин қоралади.

Ташкилотга кўра, Свердловга қилинган ҳужум Ўзбекистондаги бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга қарши кенг кўламли обрўсизлантириш кампаниянинг бир қисми бўлган.

Хьюман Райтс Уотч баёнотида айтилишича, 13 июн куни эрталаб, Сардор Комилов исмли видео блогер (Sayyod.com сайти раҳбари) ва яна тўрт киши Тошкент шаҳрида Свердлов тўхтаган меҳмонхонага боришган.

"Комилов меҳмонхона ходимларига Свердловнинг меҳмони эканини айтган ва унинг хонасига қўнғироқ қилиб, ўзини Хьюман Райтс Уотч ёрдамига мухтож шахс сифатида таништирган.

Свердлов унинг олдига тушган пайти Комилов ва унинг шериклари уни ҳар томондан ўраб олишган, унинг ҳаракатланишини тўсиб, таъқиб қилишган ва 20 дақиқа давомида видео тасвирга олишган", - дейилади ташкилот баёнотида.

Воқеани тасвирлаган HRW ёзишича, Комилов Свердловга бир неча асоссиз айбловлар, сўнгги ҳафталарда интернетда пайдо бўлган асоссиз бўҳтонлар билан оғзаки ҳужум қилган.

Комилов ва унинг шериклари Свердловга Ўзбекистондан даф бўлишни айтишган.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг ижрочи директори Кеннет Роз бу ҳужум Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини обрўсизлантириш кампаниясининг бир кўриниши эканини айтади:

"Биз бу жирканч ҳужумни қоралаймиз. Бу Стивни қўрқитишга уриниш бўлгани аниқ ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини обрўсизлантиришга қаратилган онлайн кампаниянинг бир қисми бўлиб кўринмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг обрўсини тўкиш учун бу ҳаракатлар муваффақиятсизликка учраши ҳам аниқ", деб таъкидлайди Кеннет Роз.

Хьюман Райтс Уотч узоқ йиллик тўсқинликлардан сўнг 2017 йилда Ўзбекистонда фаолиятини қайта бошлаган эди.

Шу ҳафта бошида Стив Свердлов Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов билан учрашган эди.

XS
SM
MD
LG