Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:54

Стив Свердлов: Ўзбекистонда амалий қадамларни тезроқ қўйиш керак!


Стив Свердлов Озодликнинг Бишкекдаги офисида (26 июль, 2017)
Стив Свердлов Озодликнинг Бишкекдаги офисида (26 июль, 2017)

Халқаро Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари, тадқиқотчи Стив Свердлов президент Шавкат Мирзиёевнинг ​БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқига муносабат билдирар экан, ​Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва мажбурий меҳнатдан воз кечиш бўйича амалий қадамлар қўйиш вақти келди, деб ҳисоблайди. Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, Тошкент ҳукумати ислоҳотлар орқали мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантираётгани ҳамда фундаментал инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирди.

Стив Свердлов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқига ўз муносабатини Озодликка ёзма тарзда жўнатди:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг орадан бир йил ўтиб, 19 сентябрь, сешанба куни БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илк марта нутқ сўзлади. Ислоҳотчи сифатида танилаётган Мирзиёев мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилаш бўйича халқаро минбардан туриб, улкан ваъдалар берди.

Тўғриси, кўпчилик Мирзиёевдан бундай маърузани кутмаган эди. Негаки, у 2016 сентябригача Ўзбекистонда узоқ вақт раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримов даврида бош вазир бўлиб ишлаган. Каримов авторитар ва изоляционист раҳбар сифатида танилган, мамлакатда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши бошида турган эди.

Мирзиёев нутқининг анча қисми “Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш”га бағишланди. У Каримовнинг даҳшатли меросидан қатъий тарзда воз кечишга қарор қилган кўринади.

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун турадиган демократик давлат ва адолатли жамият” қуришни мақсад қилиб олганини билдирган Мирзиёев “Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган концепцияни илгари сурди. Ўзбекистон ўтмишини ҳисобга олсак, у илгари сураётган концепция чиндан ҳам юксак аҳамиятга эга.

Ўзбекистон президентининг ушбу баёноти сўнгги ойларда ҳукуматнинг фуқаролик жамиятига босимни камайтириш сари қўйган қадамлар билан бирга ижобий таассурот уйғотди. Энди, ҳукумат бундан кейин инсон ҳуқуқларини барқарор таъминлаб бера оладими ёки йўқми, деган савол туғилади.

Айни пайтда Ўзбекистон халқи кўнглида умид учқунлари пайдо бўлмоқда. Ўзгаришларни тезроқ амалга ошириш президентга бўлган ишончни оширади.

Мирзиёев маърузасида тилга олган учта соҳада зудлик билан ҳаракат қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Биринчиси – Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш масаласи. Бу – қонунбузарлик кўп содир бўладиган жуда оғриқли соҳа. Ушбу соҳада президент мамлакатнинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик қилмоқчи эканини айтгани олға силжиш бўлаётганидан далолат беради. Лекин хотиржамлик бўлишга ҳали эрта. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилоти ва бошқа гуруҳлар пахта етиштириш соҳасида мажбурий меҳнатдан доимий тарзда фойдаланилаётганини ҳужжатлаштириб бормоқда. Бунга сентябрь ойи бошидан бошланган жорий пахта йиғим-терими пайтида ҳам мисоллар кўп.

Иккинчи масала- чиқиш визаси билан боғлиқ. Президент Ўзбекистон ватандошидан мамлакатдан чиқиш учун талаб этиладиган чиқиш визаси бекор қилинганини таъкидлади. Тўғри. Аммо бу тартиб 2019 йил бошидан жорий этилади. Ушбу кескин эркинлик чекловининг зудлик билан бекор қилиниши кўплаб аҳолининг турмуш тарзини бир кечада яхшилаган бўлур эди.

Учинчи масала Ўзбекистоннинг миллий ва халқаро нодавлат ташкилотларига очиқ бўлишидир. Президент бундай ташкилотлар билан “очиқ мулоқот”га тайёр эканини айтиб ўтди, бироқ ортиқча чекловлар, ўта бюрократик ва кўпинча ўзбошимчалик билан қабул қилинаётган қоидалар асл вазият бунинг акси эканини кўрсатмоқда. Ушбу соҳа эркин нафас олиши учун шошилинч ислоҳотлар зарур бўлади.

Мирзиёевнинг маърузасини ўтмиш билан алоқаларни узиш деб баҳолаш мумкин. Энди шунга яраша қадамлар қўйилишини кутиб қоламиз.

Стив Свердлов. Human Rights Watch.

XS
SM
MD
LG