Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Спортчи Низомовнинг кинорежиссёр Насимов ҳақида айтганлари киночилар ғазабини қўзғади


Спортчи Ҳабибулла Низомов
Спортчи Ҳабибулла Низомов

Спортчи Ҳабибулла Низомовнинг кинорежиссёр Ҳилол Насимов шахси ва Рустам Саъдиев суратга олган “Барон” фильми ҳақида жорий ҳафтада матбуотга айтган гаплари баъзи киноижодкорлар тарафидан “ҳақорат ва диний низо қўзғаш” дея қабул қилинди.

Журналист Жасур Ҳамроев карантин боис АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида қолиб кетган спортчи Ҳабибулла Низомов билан суҳбат давомида Низомов айтган мана бу гап киноижодкорлар эътирозига сабаб бўлди:

“Агар Ҳилол Насимов оламдан ўтса, мен унинг жанозасига бормайман. У инсон билан учрашишни ҳам хоҳламайман”.

Суҳбат давомида Низомов “Барон”, “Сотқин” ва “Темур” фильмлари “ўзбек мусулмонларининг қаёқдадир бузғунчилик қилиб юрганини кўрсатиш учун “ олингани ва бундай фильмларга чақиришса бориб роль ўйнамаслигини билдирган.

Таниқли кинорежиссер Ҳилол Насимов суратга олган "Гумрохлар" ва "Муқаддас истак" каби фильмларда Ўзбекистонда илдиз отган диний экстремизм кўламини гавдалантиради.

Бу эса ўз навбатида диндор томошабинлар эътирозига сабаб бўлиб келади. Ижтимоий тармоқнинг диндорларга оид сегментларида Хилол Насимовни "ислом душмани" "шариат қоидалари жорий қилинишига қарши" деб кўрсатишга уриниш кўзга ташланади.

Диний мавзуларга хассос томошабинлар назарида Насимов киноларида экстремизм мавзуси бўрттириб кўрсатилган.

Ўшлик журналист Бахром Раҳмон Озодлик билан суҳбатда Насимов ўз фильмларида тасвирлаган манзара бўрттирилмаган деган фикрни билдирди:

"Мен радикал диндорлар билан яхши танишман. Мен кўрган Ҳилол Насимовнинг "Алданган аёл" фильми айнан реаллик. Олдинлари Афғонистон ва Покистондаги ўзбек террорчилари ёнига Туркия, Қозоғистон орқали борилган. Экстремистлар олдига борган аёллар қўлма-қўл бўлиб кетган. Бу реаллик. Исломчилар "агар эрингиз намоз ўқимаса, жиҳод қилмаса у кофир, ўртангизга талоқ тушади" деб кўплаб ўзбек аёлларни Покистон, Афғонистон, Сурия, Ироққа чақириб ўзлари уйланган ёки бошқа исломчиларга эрга берилган. Бу Ҳилол Насимовнинг эртаклари эмас. Ҳилол Насимов реаллик бўлган радикал эктремистлар яшовини кино қилиб, ёйинлаб берган. Ўзбекка бу кишидай киночилар ўта кераклидир. Ўзбеклар радикализмнинг қанчалик ёмонлигини кино орқали бўлса-да кўришлари керак.

Тошкент шаҳар Бодибилдинг ва фитнесс федерацияси президенти Ҳабибулла Низомовнинг бу гапларини таниқли актёр Жавоҳир Зокиров Озодлик билан суҳбатда “Жохилликнинг яққол кўриниши” деб атади:

“Мускулни эмас ақлни ўстириш керак. Низомовнинг бу гапи жоҳиллик¸ адабиëт ва кино санъатини тушунмасликдан бошқа нарса эмас”.

“Жалолиддин” фильмидаги етакчи роллардан бирини ижро қилаëтган ва карантин боис Туркияда қолаëтган 47 яшар Жавоҳир Зокиров “кино биров билан битим тузиб яхши ëки ëмон қилиб кўрсатадиган соҳа эмас¸ кино ҳаëтни бутун мураккабликлари билан акс эттирадиган кўзгудир” деди.

Киносценарист Фавзия Тўрахўжаева Озодлик билан суҳбатда Низомовнинг Ҳилол Насимов ва “Барон” фильми ҳақида айтган гапларини “ҳақорат ва диний низо қўзғаш” деб баҳолади.

“Гапираëтган одам Бодибилдинг ва фитнесс федерацияси президенти, яъни мулозим. У айтган гапига диққат қилиши керак. Диний низо чиқадиган гапдан тийилиш керак. Кино бу салбий ва ижобий қахрамонлардан иборат синтез асар. Кинони "Хизбут таҳрир" пропаганда ролиги деб тушуниши ўта соддалик белгиси. Иккинчидан Низомов “Барон” фильмига чақирса ҳам бормайман деб ëлғон гапирди. Низомов “Барон ” фильмида турма маҳбусини ўйнаган. “Барон 2” фильмида эса унга роль тегмагани учун бақир-чақир қилганининг ҳам гувоҳи бўлганмиз. Тулки шифтда осиғлиқ турган саватдаги гўштни ола олмагани учун “пуф сассиқ” дегандай гап. Бир икки жойда уни актер деб айтишибди. Низомов актер эмас, статист. Ташқи кўриниши учун камера олдида эпизод сахналарда банд бўладиган фигура”.

Спортчи Низомов ўз интервьюсида “Барон” ва “Сотқин” фильмлари ўзбек мусулмонларини салбий қиëфада акс эттирган дея танқид қилади.

Бу танқидга жавобан “Барон” ва “Сотқин” фильмларини суратга олган киночи Рустам Сагдиев Озодлик билан суҳбатда ўз фикрини билдирди:

“Фильмда ўзбек киши салбий ролда кўрсатилмасин дея талаб қўйиш ëки фильмда ўзбек ëки мусулмон салбий ролда ўйнаганлигини камчилик деб кўрсатишни ўта заиф қараш деб биламан. Фильм Ўзбекистонда суратга олинган илк катта бюджетли криминал драма жанридаги блокбастердир. Ғарб стандартларидаги тасвир ва овоз даражаси таъминланган "Барон" фильми марказида нашавандлик таназзулидан иборат инсоний драма ётади ” дейди Рустам Сагдиев.

Спортчи Низомов эътирозига сабаб бўлган таниқли киночи Ҳилол Насимов бу юзадан Озодликка изоҳ бермади.Спортчи Ҳабибулла Низомов билан эса, боғланишнинг иложи бўлмади.

Режиссёр Ҳилол Насимов «Тубанлик», «Одноклассники», «Алданган аёл», «Гумроҳлар» каби фильмларни суратга олган. У 2014 йилда «Йилнинг энг яхши режиссёри» сифатида «Эътироф» мукофотини қўлга киритган.

XS
SM
MD
LG