Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Тошкент телевидениеси Истанбул ҳужумчисини "миллатдошимиз" деб атади


Тошкент канали Машарипов суратини намойиш этди
Тошкент канали Машарипов суратини намойиш этди

Тошкент телеканали янги йил кечаси Истанбулдаги Reina тунги клубига қуролли ҳужум уюштирган Абдулқодир Машариповни "миллатдошимиз" дея тилга олди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати ёки расмий матбуоти Абдулқодир Машарипов ҳақида бугунга қадар бирон бир маълумот бергани йўқ. ​

"Кўнгилдаги қора доғлар" номли кўрсатувнинг асосий қисми порно ҳамда диний тарғибот фильмларини хориждан қўл телефонлари орқали Ўзбекистонга олиб кириш уринишларига қарши махсус гуруҳ олиб бораётган курашга бағишланган.

Телеканал орқали 2 февралда намойиш этилган кўрсатувда Абдулқодир Машарипов номи, унинг Ўзбекистон ватандоши экани тилган олинмаган.

Фильмда ҳужум жойи Истанбул эмас балки Туркия пойтахти дея нотўғри қайд этилган эсада, ҳужумчининг "ўзбек эканлиги ҳаммамизни изтиробга солди" дея таъкидланади.

15 ярим дақиқалик кўрсатувда Абдулқодиров Машариповга роппа-роса ярим дақиқа ажратилган.

"Минг афсуски, бугун дунёнинг оловли нуқталарида турли террористик терактларни амалга ошираётганлар орасида миллатдошларимиз ҳам учраб турибди. Узоққа бориш шарт эмас - 2017 йилнинг илк кунида Туркия пойтахтида қўпорувчилик ҳаракатини содир этиб, ўнлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган кимсанинг ҳам ўзбек эканлиги ҳар биримизни изтиробга солди. Азаладан бағри кенг ва меҳрибон ўзбек халқининг ичидан бундай сотқин ва разил ёшлар қачон етиб чиқишга улгурди, деган савол туғилиши табиий. Аслида бунга бир қарашда кўзга ташланмайдиган лоқайдлик ва эътиборсизлик сабаб бўлмаяпти-ми?" - дейди экран ортидаги кўрсатув бошловчиси.

Кўрсатувда шунингдек, Ўзбекистонга 2016 йил давомида 102 минг дона ноқонуний материалларнинг олиб кирилишига чек қўйилгани таъкидланган.

Озодлик 2015 йил декабрида Ўзбекистонда экстремист ташкилотларга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича махсус гуруҳлар иш олиб бораётгани ва хориждан келган йўловчиларни махсус суҳбатдан ўтказаётгани ҳақида хабар қилганди.

Тошкент телевидениеси ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига оид кўрсатувлар "аксар ҳолларда" айни органлар томонидан уларга тайёр ҳолда келтирилади.

"Аксар ҳолларда милиция, божхона, чегара ёки хафсизлик хизматлари фаолиятига оид кўрсатувларни биз тайёрламаймиз. Бизга тайёр матн ва монтаж қилинган материаллар келтирилади. Бизнинг ходимлари бундай кўратувларга овоз беришади холос," деди Озодлик суҳбатлашган Тошкент телевидениесининг ходими.

Абу Хуросоний

34 яшар Абдулқодир Машарипов 1 январга ўтар кечаси Reina тунги клубига қуролли ҳужум қилиб, 39 кишини отиб ташлаган ва яна 69 одамни яраланган эди.

Ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” радикал гуруҳи ўз зиммасига олди.

Абу Муҳаммад Хуросоний лақабли Машарипов Туркия бўйлаб 16 кун давом этган қидириш амалиёти натижасида Истанбулда ушланди.

Машарипов Туркияга 2016 йил январида Эрон орқали келгани, бир муддат Кўнё шаҳрида яшагани, кейин “Исломий давлат” масъулларидан Истанбулда террор хуружи уюштириш амрини олганини билдирган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати ёки расмий матбуоти Абдулқодир Машарипов ҳақида бугунга қадар бирон бир маълумот бергани йўқ.

Истанбулдаги ҳужумдан бир кун ўтиб РИА Новости агентлиги Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, махсус хизматлар Машариповнинг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятни ўрганаётганини билдирди.

Кейинроқ Туркиянинг Онадўли агентлиги Абдулқодир Машарипов Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан бўлгани, Фарғона шаҳрида истиқомат қилгани ва Ўзбекистонни олти йил аввал тарк этиб, Афғонистонга ўтиб кетгани ҳақида хабар қилди.

Агентликка кўра, Машарипов террор гуруҳига аъзолиги туфайли Ўзбекистонда қидирувдаги шахслар рўйхатида бўлган.

Агентликнинг илова қилишича, Ўзбекистон хавфсизлик хизмати вакиллари Туркия томони билан Абдулқодир Машарипов иши бўйича яқин алоқада экани, террорчининг ҳаракати бўйича терговда мавжуд маълумотларни тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG