Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

"Агробанк" пилла режасини бажармаган фермерга пул бермаяпти


Чопиқчиларнинг бир кунлик меҳнат ҳақи 30-50 минг сўм (4-7 АҚШ доллари) эканлиги айтилади
Чопиқчиларнинг бир кунлик меҳнат ҳақи 30-50 минг сўм (4-7 АҚШ доллари) эканлиги айтилади

“Агробанк”нинг Жиззах вилояти Арнасой тумани филиали пилла режасини бажармаган¸ шунингдек¸ ўтган йилги кредитини қоплай олмаган фермерларга иш ҳақи учун белгиланган кредит беришни тўхтатди. Озодликка мурожаат қилган фермерлар¸ бу ишнинг ҳоким буйруғи билан қилинаëтганини айтди; ҳоким ва банк раҳбари эса¸ бу хабарни инкор қилишга уринди.

Озодлик суҳбатлашган арнасойлик фермерлардан бири¸ Арнасой туманида қарийб 460 та фермер хўжалиги борлиги ва ҳозирда уларнинг қарийб ярми жорий ҳосил учун ажратилган иш ҳақини “Агробанк”дан ола олмаëтганини билдирди.

“Ҳар йили пахтага, ғаллага, пиллага 0,3 фоизлик имтиёзли кредит ажратилади. Бу ғўзанинг чопиғи, ягана, чеканка, пахта терими, соляркага, минераль ўғитларга сарфланади. Биз қоида бўйича шунинг 60 фоизини пахта терилгунча олишимиз керак. Яъни ҳар ўн беш кунда иш ҳақига, культивацияга, чопиқ-яганага пул нақд шаклда берилиши шарт. Бош вазир Абдулла Арипов келиб кетганда бир марта олиб қолдик, тамом, ўшандан буён бир сўм ҳам бергани йўқ”, дейди шахси очиқланмаслигини истаган арнасойлик фермер.

Бу фермер¸ Арнасой туман ҳокими очиқ мажлисда “Агробанк” раҳбарига пилла режасини бажармаган фермерларга пул бермаслик ҳақида буйруқ берганига шахсан ўзи гувоҳ эканини айтади.

“Бу йил пилламизга қандайдир касал келдими, қуртлар катта-катта бўлганда, барг емай қўйди. Ҳа, энди уйқуга кетди¸ деб ўйладик. Йўқ, 3-4 кундан кейин сасиб кетди. Ҳаммаси ўлиб қолди. Мутахассисларни чақирдик, акт қилдик. Тумандаги фермерларнинг қарийб ярмида шундай ҳолат юз берди. Энди эса, ҳоким ернинг тагидан бўлса ҳам пиллани топиб бажарасан, бажармаса пул берма деб “Агробанк”ка мажлисда айтди. Шунга пул бермаяпти. Фермерлар Самарқанд вилоятига бориб ортиқча пилла излаб юрибди. Бу ёқда эса асосий ишимиз қолиб кетаяпти”, дейди фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир арнасойлик фермер ўтган йилги кредитдан қарзи қолганларга ҳам "Агробанк" пул беришни тўхтатганини қўшимча қилади.

“Ўтган йили пахта ҳосили яхши бўлмагани учун берилган кредитдан бир оз қарз бўлиб қолган фермерларга ҳам банк пул бермаяпти. Буни қаранг энди, ҳозир чопиқ авжида. Одамлар бир эгат пахтани 3 минг сўмдан камига чопмайди, ягана ҳам 3 минг сўм. Ҳозир одамлардан процентга қарз олиб қилаяпмиз. Банкда давлат ажратган пул турибдию, лекин бермаяпти. Заводларда ўтган йилги пахта ҳосилидан пулларимиз турибди, уни ҳам ололмаяпмиз. Қўшниларимиз, Дўстлик, Мирзачўл туманларида ҳамма фермерлар пулларини олаяпти, негадир биргина Арнасойда шундай бўлаяпти”, дейди бу фермер.

“Агробанк”нинг Арнасой тумани бўлими бошқарувчиси Зокир Қодирқулов Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг иддаоларини инкор қилишга уринди¸ айни пайтда¸ ҳокимнинг пилла режасини бажармаган фермерга кредит бермаслик буйруғини билвосита тасдиқлади.

“Йўқ, бунақа ҳолат йўқ, олмагани бўлса, марҳамат келсин, истаганча олаверсин. Ҳокимиятдаги йиғилишда фермерларга ҳоким айтган эди, пиллани бажариб қўй, иш ҳақингнинг ҳаммасини оласан, деб. Биз бажарса-бажармаса пахтасига қараб бераяпмиз, ҳеч қанақа эътироз йўқ”, деди Зокир Қодирқулов.

Арнасой тумани ҳокими Эргаш Солиев Озодлик мухбирига пилла планини бажармаганлар эмас¸ ўтган йилги қарзини қопламаганларга кредит бериш тўхтатилганини билдирди:

- Бу пилла планига боғлиқ эмас, кимки кредитни қоплаган бўлса¸ иш ҳақини олади¸ қопламаган бўлса¸ пул йўқ, деди ҳоким.

Жиззахлик фермерлар жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев селектор йиғилишида фермерларнинг қарзлари вақтинча музлатиб турилиши ва қарзлар янги ҳосилдан ундириб олиниши ҳақида гапирганини айтган эдилар.

Лекин, кейинчалик бу борада бирорта расмий ҳужжат эълон қилинмади.

Ўзбекистон акциядорлик тижорат "Агробанк"ининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, айни пайтда кредит бўлими раҳбарлари ва мутахассислари тўланмай қолган кредитларни ундириш учун вилоятларга хизмат сафарига юборилган.

XS
SM
MD
LG