Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:18

Фарғона водийсида бюджет ходимлари кўсак қурти теришга мажбурланмоқда


Кўсак қурти
Кўсак қурти

Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларининг пахтакор туманларидаги бюджетдан маош олиб ишлайдиган мактаб, касалхона ва бошқа корхоналар ишчилари пахтазорни кўсак қуртидан тозалашга сафарбар этилди. Озодлик манбаларига кўра, меҳнат таътилида бўлган ўқитувчилар ҳам чақириб олиниб, кўсак қурти теришга мажбурланяпти. Болаларига нафақа пули оладиган оналарга эса бу ёрдамдан маҳрум қилиниш билан таҳдид қилинмоқда.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев селектор йиғилишида ғўзани кўсак қуртидан тозалаш учун барча бюджет ташкилотлари ходимларини далага ҳайдаш ҳақида топшириқ берган.

Водийдаги Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятидаги минглаб ўқитувчию шифокорлар, ҳамширалар ва ёш болали оналар дала ишларига мажбуран сафарбар этилмоқда.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан бўлган фермернинг айтишича, ҳақиқатан ҳам, кўсак қурти бутун пахтазорни қоплаб олган:

“Агар ҳосилимизнинг 50 фоизи қолса ҳам жон дердик. Ўзимизнинг ипак қуртига ўхшаган, лекин ундан анча кичик, ранги яшилроқ бўлган қурт кўсак ва шонага тушган. Лекин, буни қўл билан териб тугатиб бўлмайди. Дорилар ҳам наф бермаяпти. Олимлар ҳали уни бутунлай йўқотадиган кучли дорилар ишлаб чиққани йўқ. Бизнинг Пахтакор ҚФЙга юборилган юзлаб ҳашарчилар асосан йўл четидаги пахтазорларга ташланган. Улар орасида ўқитувчилар, ҳамширалар, боғча опалар ҳам бор. Ўқитувчиларни меҳнат таътилидан чақириб олишибди”, деди фермер.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидан бўлган Озодлик манбаси, кўсак қурти теришга ёш болали оналар мажбурланаётгани ҳақида гапирди:

“Кеча ёш боласи бор қўшнимнинг уйига маҳалла посбони келиб, далага кўсак қурти теришга чиқишини айтди. У аёлнинг эри Россияда, ўзи уч нафар ёш боласи билан қолган. “Ака, иложим йўқ, ёш болларим бор” деса, посбон “ундай бўлса болларингизнинг 16 ёшгача бўлган нафақасини кесамиз”, деб айтди. Аёл шўрлик, бугун болларини онасининг уйига ташлаб, далага чиқиб кетди”, дейди манба.

Наманган вилояти Косонсой туманининг марказий касалхонасида ишлайдиган ҳамширалардан бири, кўсак қурти теришда уларга норма белгиланганини айтди:

“Биз ҳам бир ҳафтадан буён оқ халатларимизни ечиб, агрономга айланганмиз. Ҳар бир касалхонадан, қишлоқ врачлик амбулаторияларидан балога қолган ҳамшираларни далага мажбуран ҳайдашган. Буниси ҳам майли, яна ҳар куни қанча қурт терганимизни ҳисоблаб олишади. Агар кам бўлса бошлиқлардан гап эшитамиз. Ҳамкасбларимиз, шу қуртларга укол қилиб чиқсак бўлмасмикин, деб ҳазиллашишади”, деди ҳамшира.

Бош вазир ўтказган селектор йиғилишини эшитган фарғоналик фермерлардан бирининг айтишича, Шавкат Мирзиёев кучли дорилардан фойдаланиш ҳақида кўрсатма берган:

“Бош вазир кучли химикатлардан фойдаланинглар, деб буйруқ берди. Лекин кучли химикат қаерда ҳозир? Кўсак қуртига қарши ишлатиладиган дорининг тури кўп, лекин бирортаси таъсир қилмайди. Ҳокимликлар қошидаги ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлимларининг иши ўлиб бўлган. Биолабораторияларнинг фақат номи қолган, холос. Кучли агрономлар бошқа ишларга ўтиб кетган. Бош вазир у ёқдан бақиради, бу ёқдан ҳокимлар тайёр малайларга – ўқитувчию шифокорларга ёпишади. Пахта чопиқ деса ҳам шулар, қурт теришга ҳам шулар, пахта теришга ҳам шулар”, деди фермерлардан бири.

Ўзбекистонда ўқитувчию шифокорларнинг ўз касбларига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга мажбурий жалб қилиниши ҳолатлари жуда кўп учрайди.

Бюджет ташкилотлари ишчиларининг дала ишларига мажбуран сафарбар этилишини халқаро ташкилотлар мунтазам танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG