Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Онаси муҳожирликда юрган 6-синф ўқувчисини домласи таёқ билан урди


Мактаб, синфхона
Мактаб, синфхона

Андижон вилоят, Жалақудуқ туманидаги 7- мактаб-интернат ўқитувчиси Нурбек Усмонов 6-синф ўқувчиси Бегзод Отабековни калтак билан аёвсиз ургани ҳақида боланинг Туркияда меҳнат муҳожирлигида бўлган онаси Озодликка шикоят қилди.

Озодлик суҳбатлашган ўқувчининг айтишича, у синфдошлари билан сойга чўмилгани боргани учун, синф раҳбари ҳаммасини таёқ билан билан калтаклаган.

Ўқитувчи ўқувчиларни урганини тан олар экан, Бегзод тарбияси оғир бола эканлигини ва уни тўғри йўлга солишнинг сўнгги чораси сифатида калтаклаганини айтди.

Онаси муҳожирликда юрган 6-синф ўқувчисини домласи таёқ билан урди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Жалақудуқ туман маркази - Ойим шаҳарчасидаги 7-мактаб-интернатнинг 6-синф ўқувчиси Бегзод Отабековнинг 68 яшар бувиси Зайнабхон Каримованинг айтишича, унинг неварасини ўқитувчилар аёвсиз калтаклаган:

- Неварам ва синфдошлари анҳорга чўмилгани борайлик деса, тарбиячиси жавоб берибди. Кечки пайт уйга келди ўша тарбиячи, "жавоб бергандим, келишмади, уйга келдими деб, келгандим", деди. Мен, йўқ, келмади, нега жавоб берасиз, десам, кейин кетди. Кейин болалар келишди, тезда интернатга боринглар деб жўнатиб юбордим. Икки кундан кейин борсак, бола оқсаб юрибди. Нима қилди, десам, "Нурбек домла урди", деди. Қарасак, оёқларини кўриб бўлмайди, шунақа урган болани, қўллари кўкарган. Ўшандан буён болага кун беришмаяпти. Онаси Туркияда, ҳар куни бораман. Айтадики, домлалар ҳар куни туртиб, бақириб, столни муштлаб, унга бақиради экан. Бола нервинний бўп қолди. Дўхтирга олиб борсам, болани асаби бузилибди, деб дори ёзиб берди.

Бувининг айтишича, болалар соат 9 да ухлаши шарт қилиб қўйилган бўлсада, унинг неварасини соат 11 гача ухлатмасдан олиб ўтиришар экан.

Бегзод Отабековнинг ўқитувчи калтагидан олган жароҳат излари
Бегзод Отабековнинг ўқитувчи калтагидан олган жароҳат излари

Озодлик билан суҳбатлашган 6-синф ўқувчиси Бегзод Отабеков 3 апрель куни Тўлғаной исмли устозининг рухсати билан чўмилишга боришганини айтади:

- Устоздан чўмилишга борайлик десам, рухсат берди. Бориб, келсак Нурбек домла дарахтдан битта хода синдириб урди. Абдумухтор, Мурод, Билолиддинни ҳам урди. Мени қаттиқ урди, аввал қўлларимга урди, кейин оёғимга жуда қаттиқ урди, дод деб йиғлавордим. Бир кун чўлоқланиб юрдим.

Бегзоднинг айтишича, 4 апрель куни эрталаб уни Ойбек Умрзоқов исмли домласи ҳам калтаклаган.

Бегзод билан бирга чўмилгани борган, исмини очиқламаётганимиз бошқа боланинг айтишича, ўқитувчи Бегзодни қаттиқ урган:

- Ўртоғимни калтак билан қаттиқроқ ургани учун оёғи оғриб, бир кун яхши юролмай қолди. Домлалар ҳар замон бир айб иш қилиб қўйсак калтаклаб туради.

Интернат-мактаб ўқитувчиси Нурбек Усмонов Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларни калтаклаб туришини тан олди:

- Бегзоднинг онаси ҳам менга телефон қилиб, анча гапирди. Мен чўмилгани боргани учун десам, "мен ўзим жавоб бераман", дейди. Мен, бир-икки уриб қўйганим учун шунча тўполон қиляпсиз, агар Худо кўрсатмасин, бола агар оқиб кетса мени еб ташлардингизку, дедим. Бу болага чўмилгани борма десак, гап таъсир қилмаса, умуман тартибга солиб бўлмаяпти. Мен унинг тарбияси оғир эканлиги ҳақида милицияга ҳам, халқ таълими бўлимига ҳам хабар берганман. Лекин, ҳеч ким шуғулланмаяпти. Онаси хорижга чиқиб кетган. Ҳеч кимга васийликка ташлаб кетмаган. Бувисига ҳам неча марта айтсам, "тегма менинг боламга, хоҳлаганидай юрсин", дейди. Мен ўзи тушгача ишлайман, тушдан кейин менга телефон қилишиб, болалар йўқ дейишди. Кечгача излаганман, ичимдан нима ўтганини ўзим биламан. У ерда битта уни урмаганман, ҳамма чўмилганларни олиб кириб, бир-икки ургандирман. Урмаса улар қўрқмайди, гапга кирмайди. Охири шу уришгача мажбур бўлдим. Мана келиб текширинглар, айб менда бўлса мени жазолашсин, болани ташлаб чет элга кетган онасида айб бўлса, онасини жазолашсин.

Айни пайтда Туркияда меҳнат муҳожири бўлган Шоҳида Каримова ўғлини урган ўқитувчилар жазога тортилишини талаб қилди:

“Мен турмушимдан ажралганман. Катта ўғлим ҳам шу интернатда 9-синфда ўқийди. Унинг ўқишлари яхши. Лекин Бегзоднинг калтакланганини эшитиб чидаб туролмадим. Наҳот ўқитувчи болани шу даража калтакласа, бу кетишда уни уриб ўлдириб қўйиши, мажруҳ қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Мен ҳам болам билан бирга бўлишни истайман, лекин уларнинг келажаги учун мусофирликда ишлашга мажбур бўляпман”.

Шоҳида Каримовнинг айтишича, ўғлининг ўқитувчилар томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида Жалақудуқ туман прокуратурасига шикоят қилган.

Бегзод Отабеков айни пайтда мактаб-интернат ётоқхонасида ётиш ҳуқуқидан маҳрум этилган, ярим соатлик масофага бувисининг уйидан пиёда қатнамоқда.

XS
SM
MD
LG