Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Ўқитувчи ўқувчини урди. Озодлик суриштируви давомида ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзди (ВИДЕО)


Ўқитувчи ўқувчини урди. Озодлик суриштируви давомида ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:27 0:00

Озодликка келган видеода ўқитувчи аёл дарс пайти ўқувчи болани ураётгани акс этган.

Озодлик ушбу видеодаги воқеа 11 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 141-мактабнинг 9-синфида содир бўлганини аниқлади.

Ўқувчини урганини тан олган ўқитувчи Бибидона Мирзаева уни ҳақорат қилгани учун ўқувчисини уришга мажбур бўлганини айтди.

Мактаб директори Анвар Акмалов ўқитувчи ва ўқувчига билан тушунтириш ишлари олиб борилганини билдирди.

Мақола тайёр бўлиши арафасида маълум бўлишича, Озодлик суриштирувлари бошлангач, 15 апрель куни кечга яқин Бибидона Мирзаева ўз хоҳишига кўра, ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзган.

Ўқитувчи ўқувчини урди. Озодлик суриштируви давомида ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:08 0:00
Бевосита линк

15 сониялик видео

Озодликка 12 апрель куни йўлланган 15 сониялик видеода синф хонасида ўқувчилар ўтиргани, бир аёл орқа партада ўтирган ўқувчи болалардан бирини ураётгани акс этган.

Видео бошида аёл “Сен нима дединг? Гапир, нима дединг”, дея ўқувчининг юзига шапалоқ туширади. Бола аёлнинг қўлларини қайиришга ҳаракат қилади ва “Қўлингизни олинг” дея қичқиради. Аёл куч билан болани силтаб ташлайди ва партага ётқизади. Партага ниманингдир қаттиқ урилгани эшитилади, боланинг ёнида ўтирган ўқувчи ўрнидан туриб кетади, аёл қўлига нимадир олади. Видео шу жойида тугайди.

Афтидан, синфдаги ўқувчилардан бири томонидан яширинча олинган видеода воқеанинг боши ва охири тасвирга тушмаган.

Воқеа 141-мактабда содир бўлган

Озодлик 15 апрель куни ўтказган суриштирувлари натижасида видеодаги воқеа Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 141-мактабда 11 апрель куни содир бўлганини аниқлади.

Воқеа геометрия дарси пайти содир бўлган.

Видеодаги калтак еган ўқувчи шу мактабнинг 9- синфида ўқийдиган бола бўлиб, уни урган аёл - алгебра ва геометрия фани ўқитувчиси Бибидона Мирзаева экани аниқланди.

Ўқитувчи тан олди

22 йилдан буён ўқитувчилик қилаётган Бибидона Мирзаева Озодлик билан суҳбатда видеодаги аёл ўзи эканлигини тан олди.

Мирзаева ўқувчиси дарсда тўполон қилиб, уни ҳақорат қилгани учун куч қўллашга мажбур бўлганини айтди.

- Мен унча-мунчага болалар билан ҳеч қачон "сен-мен"га борган одам эмасман, неча йиллардан бери мактабда ишлаётган бўлсам. Биринчи соат алгебрада назорат иши ёздирдим. Иккинчи соатига геометрия бўлган. 27 та ўқувчи бўлса, бошқа ўқувчилар ўтириб, назорат иши ёзаяпти. Бу болага гап тушунтира олмадим. “Назорат ёзмайман” деди. Қўли гипсда эди у боланинг. Ёзса бўладиган қўли. Лекин ўша гипсли қўли билан болаларга ҳалақит бериб, орқасидан муштлаб, ўтирди. На “жим бўл” деган гапга тушунади. “Нима вазифа берганман”, деб сўрасам, “Нима ишингиз бор” деб гап қайтариб асабимга тегиб ўтирди. “Ота-онанг сенга берган шунча тарбияси ҳайф сенга” дедим. Шунақа десам, менга “пошёл....” деб, ҳақоратли гап гапирди. Ўғил болаларнинг сўкишидан қилиб, сўкди. У болани силкилаб, тортиб, анақа қилдим, қилган ишим шу, - деди Бибидона Мирзаева.

Мирзаеванинг айтишича, ўша куни дарсдан сўнг ўқувчи билан бўлган воқеа ҳақида мактаб раҳбариятига хабар берган.

- Сразу мен директорнинг олдига чиқдим. “Бу боланинг ота-онасини чақиртирайлик деб”. Куратори билан ҳам гаплашдик,- деди Бибидона Мирзаева.

"Тушунтириш ўтказдик"

Мактабга икки ойдан бери раҳбарлик қилаётган Анвар Акмаловнинг айтишича, ўқувчи ва ўқитувчи билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

- Икки ўртада тушунмовчилик бўлган. Бола ўқиитувчининг гапини бошқача тушуниб, ҳамма ўқувчиларнинг олдида ўқитувчини сўкиб юборган. Яъни ўқувчи ўқитувчининг шахсиятига тегадиган гап қилган, сўккан. Тушунтириш ишларини олиб бордим. Бу болага тушунтирдим. Кейин адасига телефон қилдим. Лекин адаси шу пайтгача келмади. Ўқитувчи билан ҳам гаплашдим. Йиғилиш қилиб яна тушунтириш ишларини олиб бораман. Агарда ким ноҳақ бўладиган бўлса, бири-биридан кечирим сўрайди, бунақа нарса бошқа такрорланмайди, Худо хоҳласа, - деди Анвар Акмалов.

Ишдан бўшаш аризаси

Мақола тайёр бўлиши арафасида маълум бўлишича, Озодлик суриштирувлари бошлангач, 15 апрель куни кечқурун Бибидона Мирзаева ўз хоҳишига кўра, ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзган. Ҳозирча бу аризанинг кейинги тақдири Озодликка маълум эмас.

Одатда бу каби ҳолатларда ўқитувчига хайфсан берилгани ёки ишдан бўшатишгача борилган ҳолатлари кузатилган. Аммо, бундай чора кўрилишидан олдин Халқ таълими бошқармаси махсус комиссияси вазиятни ўрганиши ва хулоса бериши лозим.

Агар ўқитувчига нисбатан иш очилса, унда қонунчилик доирасида янада оғир чора - ўқитувчиликдан маълум ёки доимий муддатга четлатиш чораси қўлланиши ҳамда ЖКда кўзда тутилган тартибда жазо берилиши мумкин.

Мактабларда зўравонликка қарши чора

Бир ой муқаддам Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳани амалга синала бошлаганини билдирганди.

Вазирлик расмий сайтида айтилишича, “Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳа шу йилнинг февралида бошланган ва июлга қадар давом этади.

Унда асосий эътибор ўқув даргоҳида ижобий психологик муҳитни шакллантириш, хусусан, ўқувчилар ўртасида буллингнинг олдини олишга қаратилиши, шу билан бирга, лойиҳанинг "ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларининг олдини олишда ёрдам бериши" айтилган.

Айтилишича, бу лойиҳа 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва зўравонликни олдини олишга қаратилган ўқув материаллари Ўзбекистон шароити ва қонунчилигига мослаштирилади. Лойиҳада европалик мутахассислар ҳам иштирок этиши айтилган.​

XS
SM
MD
LG