Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Мактаб ўқувчиси 50 ёшли эркакни бошига темир билан уриб ўлдирганликда айбланмоқда


Тошкентдаги 69-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси вахший қотилликда гумонланиб ҳибсга олинди. Воқеадан хабардор мактаб ўқувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, 10 апрел куни Тошкентнинг Яшнобод туманида 16 ёшли ўқувчи эллик ёшлар атрофидаги кишини бошига темир билан уриб ўлдириб қўйган. Воқеа жойидан қочиб, яшринган ўқувчи 12 апрел куни ушланган ва ҳибсга олинган. Яшнобод тумани Ички ишлар бўлими ходими Озодликка мазкур холат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича жиноят иши очилгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Қотиллик сабаблари аниқ эмас. Ўзбекистон Бош прокуратураси билдирувига кўра, қотиллик 10 апрел куни Яшнобод туманидаги ҳовлилардан бирида рўй берган.

Қотилликда айбланаётган ўспирин ва марҳум балиқ кўпайтириш учун мўлжалланган шу ховлида бирга ишлаб келганликлари маълум бўлган.

Қотил жиноят изларини яшириш учун мурдани қудуққа ташлаган ва воқеа жойидан ғойиб бўлган.

"Ҳовлида ҳеч ким бўлмаган пайтда, ўрталарида келиб чиққан жанжал оқибатида, К.Ш. қасддан ўлдириш мақсадида, шу ерда бўлган болға билан А.Х.нинг бош қисмига бир неча маротаба уриб, ўлдирганлиги, сўнгра жиноий изларини яшириш учун мурдани ҳовлидаги қудуқ ичига ташлаб юбориб, воқеа жойидан яширинганлиги аниқланган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Судга оид тиббий экспертизасининг 11 апрел кунги дастлабки хулосасига кўра, А.Х.нинг ўлими 1 сутка аввал олинган оғир тан жароҳатлари натижасида юзага келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11 апрел куни Яшнобод туман прокуратураси томонидан вояга етмаган К.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши ЖПКнинг 345-моддасига асосан тергов ҳаракатларини давом эттиришлик учун Тошкент шаҳар ИИББ ҲТБга юборилган.

69-сонли мактаб раҳбарларидан бири Озодликка бир нафар ўқувчиси қотилликда гумонланиб ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Бу ҳодиса дарс пайти эмас дарсдан кейин бўлган. У ерда тўртта бола эмас, бир бола бўлган, рус гуруҳида ўқийдиган ўқувчимиз, ҳозир уни ҳибсга олишган. Нима бўлгани тергов тугаганидан сўнг аён бўлади, - деди мактаб раҳбарларидан бири.

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 40 фоизини 18 ёшгача бўлган ёшлар, яъни вояга етмаганлар ташкил қилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили вояга етмаганлар томонидан 1 минг 700дан ортиқ жиноят қайд этилган.

Шулардан 778 таси ўғирлик, 79 таси безорилик, 77 таси талончилик, 45 таси қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш, 42 таси босқинчилик ва 29 таси фирибгарлик жиноятларидир.

XS
SM
MD
LG