Тошкент вилоятидаги қатор туман¸ хусусан¸ Нурафшон шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг юзлаб мутахассиси босим ва таҳдид остида бир ҳафтадан бери Бўка туманида мажбуран пахта термоқда.
Озодликка 8 ноябрь куни юборилган SMS ëзишмалари нусхаси¸ қолаверса, расм ва видеолар пахта даласидан юборилган бу хабарни бевосита тасдиқлайди.
Ўртачирчиқ туман Хотин-қизлар қўмитаси мулозимлари томонидан Telegram канали орқали юборилган хабарлардан мажбурий пахтага чиқишнинг Республика хотин қизлар қўмитаси раиси ва Тошкент вилоят ҳокими буйруғи экани англашилади.
Озодликнинг мажбурий меҳнатга оид шикоятларга муносабат билдириш сўровига Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова котибаси “Сизга бу ҳақда айтадиган гапимиз йўқ”¸ дея жавоб қилди.
Ëши 60 дан ошган аëллар мажбуран пахтага чиқмоқда
Озодликка хабар йўллаган аëллар ўзларининг Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари экани ва 70 га яқин ўртачирчиқлик мутахассиснинг бир ҳафтадан бери Тошкент вилояти Бўка туманида мажбуран пахта тераëтганини билдирди.
“Ўтган ҳафтадан бери ҳар кун эрталабки 7:30 да туман ҳокимлиги олдида тўпланиб¸ ўзимиз машина топиб¸ Бўкага бораямиз. Бир соатлик йўл. Бориб-келиш 15 минг сўмга тушаяпти. Овқатимизни ўзимиз олиб борамиз. Қайтиш 7-8 да. Ҳашар деб¸ терган пахтага пул тўлашмаяпти. Биз ҳаммамиз хотин-қизлар қўмитасининг олий маълумотли мутахассисларимиз¸ ëшимиз 50-60 дан ошган. Ҳаволар совуқ¸ дала зах. Кунига 10-20-30 кило подбор териб юрибмиз. Ҳар куни Тошкент вилоят ҳокими ва Боситхоновага ҳисобот берилаяпти”¸ дейди Озодлик гаплашган мутахассислардан бири.
Бу хабарни жўнатган аëллар¸ мажбурий меҳнат тепасида нафақат Ўртачирчиқ туман ҳокими ўринбосари¸ балки республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг ўзи турипти¸ деган иддаони қўлловчи айрим SMS ва суратларни Озодликка тақдим қилди.
Telegram ва SMS буйруқлари
Telegram каналида Ўртачирчиқ туман Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари учун очилган гуруҳга туман ҳокими ўринбосари Феруза Худойқулова томонидан юборилган хабарда шундай ëзилган:
“Опалар эртага теримчи жунатинг, эрталаб соат 7 30 да хокимиятда кутиб оламан. Касалман, болничнийдаман деган суз ишлатманг. Долзарб пайтда бир ёкадан бош чикариб элимиз юртимиз учун энг шимариб туманимиз вилоятимиз ори учун харакат килишимиз керак”. (Матн ўзгаришсиз кўчирилди – таҳр.)
Худойқулованинг ўринбосари деб айтилган Раъно Маликованинг қўмита мутахассисларига юборган буйруғи¸ янада кескинроқ.
“Хурматли мутахассис опалар ва сингиллар эртага соат 8 00да мустанг газ заправкасини енидаги далага пахта йигим теримига хаммамиз биргаликда чикамиз. Опалар ва сингиллар хаммамиз узимиз ейдиган овкатимизни олволамиз соат 17 00гача хаммамиз далада Вазирликдан Басетханова ташриф киладилар. Хамма уз вактида келиши шарт”. (Буйруқ матни ўзгаришсиз кўчирилди – таҳр.)
Раъно Маликованики деб айтилган мобил телефон рақамидан Ўртачирчиқ туман Хотин-қизлар қўмитаси мутахассисларига юборилган SMS хабари пахтага чиқишнинг мажбурий эканини тасдиқлайди.
“Опалар кечаги тоннамиз учун еьтироз билдирилди. Эрталаб 7 30 да хокимият олдига етиб келинг. Хеч кандай бахона ва важлар утмайди. Хамма узининг виждони ва еьтикоди учун харакат килсин. Келмаганлар билан хафалашамиз”. (SMS матни ўзгаришсиз кўчирилди – таҳр.)
Хотин-қизлар қўмитаси мулозимлари жавоби
Озодлик ўз ихтиëрига юборилган ëзишмалардаги буйруқлар¸ хотин-қизлар қўмитаси мутахассисларининг республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова номи билан мажбуран Бўка туманига пахтага юборилаëтганига изоҳ сўраб Боситхонова қабулхонасига қўнғироқ қилди.
Гўшакни кўтарган котиба аëл Озодлик саволини эшитгач¸ қисқа танаффусдан сўнг¸ “Сизга бу ҳақда айтадиган ҳеч қандай гапимиз йўқ”¸ дея суҳбатни узиб қўйди.
Ўртачирчиқ туман ҳокими ўринбосари Феруза Худойқулова эса¸ ўз мутахассисларининг мажбуран пахтага чиқарилаëтганини мутлақ инкор қилди.
“Мен юборган хабарда “теримчи жўнатинг” дейилган. Мутахассисларимиздан уюшмаган аҳолини пахтага чиқариш сўралган. Одамлар килосига 2000 сўм олаëтгани учун¸ ўзлари жон деб чиқаяпти. Сизга ëлғон хабар беришган”¸ деди Озодлик билан телефон суҳбатида Худойқулова.
Инкорни инкор
Озодлик расмий инкордан сўнг Бўка туманида бир ҳафтадан бери мажбуран пахта тераëтганини айтган Ўртачирчиқ туман Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари билан қайта боғланди.
“Теримчи юборинг¸ деб касалларга айтган. Касал бўлсанг¸ болничнийда бўлсанг, одам юбор деган. Бизга ўзинг чиқмасанг¸ кунига 100 минг сўм бер¸ одам топaмиз деяпти. Ойлигимиз 900 минг сўм бўлса¸ қандай шунча пулни бера оламиз? Килосига 2000 сўм тўланаëтгани ғирт ëлғон. Бизга бир тийин ҳам тўланмаяпти¸ ҳашар деб. Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Абдуқодирова ҳар куни биз билан¸ тепамизда турипти. Ўртачирчиқлик аëллар ўз хоҳиши билан пахтага чиқса¸ ўз райони қолиб¸ Бўкага чиқадими¸ ëлғон ҳам эви биланда!”¸ деди Хотин-қизлар қўмитаси мутахассисларидан бири.
Худойқулованинг Озодликка берган раддия “ëлғон”лигини тасдиқлаш мақсадида ўртачирчиқлик мутахассислар¸ Бўка туман далаларидан олинган суратларни тақдим этди. Бу суратлардан бирида республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонаванинг қалин кийинган аëллар даврасида гапириб тургани кўрилади.
“Бу расмдагиларнинг ҳаммаси Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари. Боситхонова норози бўлиб гапираяпти. Бизнинг вазифамиз аёллар муаммолари билан ишлаш – хотин-қизларга нисбатан зўравонлик¸ ижтимоий ёрдам кўрсатиш¸ уларни иш билан таьминлашдир. Бизни мажбурлаб пахтага чиқариш олдидан¸ ҳаммамизга кимдир сўраса “уюшмаган аҳолимиз денглар” дейишди. Боситхоновага ҳам балки “уюшмаган аҳоли” дейишгандир¸ лекин ишониш қийин бунга”¸ дейди Озодлик гаплашган мутахассислардан бири.
Бу суҳбатдош Озодлик билан гаплашиб турган маҳал - 8 ноябрь куни маҳаллий вақт билан кечки соат 8 ларда туман Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ўринбосари Раъно Маликовадан келган навбатдаги буйруқни тақдм қилди.
Унда:
"Хурматли мутахассислар хамма Кечаги жойга пахтага МУСТАНГ ЗАПРАВКАСИНИ ЕНИГА борамиз”¸ деб ëзилган.
Бу хабардан¸ Ўртачирчиқ туман Хотин-қизлар қўмитаси мутахассисларини мажбуран пахтакорликка жўнатиш давом этиши тушунилади.
Озодликка мажбурий меҳнат ҳақида хабар юборган Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари¸ Нурафшон шаҳар ва Оққўрғон туманидаги ҳамкасбларининг ҳам Бўкада мажбуран пахта тераëтганини қўшимча қилди.
Мажбурий меҳнат тақиқланган?
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг мамлакатда пахта мавсумида кенг тус олувчи мажбурий меҳнатни чеклаши айтилган чора-тадбирлар кўпайди.
Бу тадбирлар халқаро миқëсдаги ўзбек пахтаси бойкотини бекор қилишга қаратилган эди.
Жорий йил бошида АҚШга сафар қилган ўшандаги Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари (ҳозирда Сенат раиси) Танзила Норбоева Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилди деган асосда бу бойкотнинг қисман бекор қилинишига муваффақ бўлди.
Шундан сўнг пахта мавсуми бошида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси аҳолини мажбурий меҳнатдан сақланишга чақирувчи баëнотлар қилиш анъанасини кучайтирди.
Жорий мавсум бошида – 18 сентябрь куни федерация эълон қилган расмий баëнотда шундай ëзилган:
“Алоҳида таъкидлаш зарурки:
– корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларидан ҳеч кимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки интизомий жазо бериш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига жалб этиш мумкин эмас;
– ҳеч бир корхона, ташкилот, муассаса раҳбари ходимларни пахта йиғим-теримига юбориш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин эмас;
– меҳнаткашлар, тадбиркорлар, деҳқон бозорларида савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролардан пахта йиғим-терими учун пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланади;
– терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган терим пуллари ҳар беш кунда, теримчилар хоҳишига кўра зарурат туғилганда – ҳар куни тўланиши лозим".
Озодликка бюджет ташкилотлари ходимлари¸ хусусан¸ ички ишлар¸ таълим ва банк мутахассисларидан келаëтган хабарлардан¸ бу жараëннинг "ўз ихтиëрим билан чиқдим" деган мажбурий тилхат асосида аввалгидек давом этаëтгани кўрилади.