Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:35

Бухоро ўт ўчирувчиларининг учдан бир қисми мажбуран пахта теримига олиб кетиляпти


Бухоро вилояти туманларидаги ўт ўчирувчиларнинг учдан бир қисми мажбуран пахта теримига юборилади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўт ўчирувчиларнинг айтишларича, шахсий таркибдаги уч сменадан биттаси ётоғи билан Жиззах ва Сирдарё вилоятига жўнатилади.

Айни пайтда, теримга кетадиган ўт ўчирувчилар кўрпа-тўшагини вилоят бошқармаси биносига олиб келиб қўймоқдалар.

Бухоро вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозими пахта теримига сафарбарлик эълон қилинганини инкор қилмади.

Бухоро вилоятининг бир неча ўт ўчирувчиси Озодликка юборган мактубда шундай ёзилган:

“Бухоро вилоят ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларини пахта теримига мажбуран жалб қилишмоқда. Президентимизнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш тўғрисидаги қонунлари ва гапларига қарамасдан мажбурий тартибда жалб қилишмоқда. Биз одаммасми, бизнинг яхши яшашга хаққимиз йўқми, бизнинг оила, бола-чақамиз йўқми, бизнинг ҳуқуқимизни ким ҳимоя қилади?”

Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган ўт ўчирувчилардан бирининг айтишича, шахсий таркибнинг учдан бир қисми ҳар йилгидек яна ётоғи билан пахтага юборилмоқда:

Энди билсак, бу гаплар кўзбўямачилик учун айтилган экан. Ҳар йили шу аҳвол, ҳеч нарса ўзгармади

“Биз уч смена тартибида ишлаймиз, агар бир смена пахтага кетса, қолган икки сменага ишлаш оғир бўлади. 24 соат навбатчиликда туриб, яна бир суткадан кейин ишга чиқишга тўғри келади. Бир ҳисса кўп ишлаганимиз учун ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Яна бошлиқлар пахтага ҳеч қандай иш формасини олиб бормасликни, фақат фуқаролик кийимида боришимизни, кимдир сўраса, ўз ихтиёримиз билан, ташаббус кўрсатиб теримга келганимизни айтишимизни, талаб қилмоқда. Бу йил ҳеч ким пахтага мажбуран жалб қилинмайди деб, ҳукумат раҳбарлари айтганда хурсанд бўлган эдик. Энди билсак, бу гаплар кўзбўямачилик учун айтилган экан. Ҳар йили шу аҳвол, ҳеч нарса ўзгармади”.

Ўт ўчирувчиларнинг айтишларича, айни пайтда пахта теримига жалб қилинганлар кўрпа-тўшагини бошқарма биносига олиб бориб қўймоқда:

“Душанба куни вилоятдаги 11та ёнғин хавфсизлиги бўлимидан жами 150 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ётоғи билан олиб кетилади, деб айтилди. Пахта тугагунча ўша ерда бўламиз экан”.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бухоро вилояти бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими пахта теримига сафарбарлик эълон қилинганини инкор қилмади ва саволларга фақат ёзма шаклда жавоб беришини айтди.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида мажбурий меҳнат бўлмаслигини айтган, жумладан бир қанча вазирликлар мажбурий меҳнатга қарши ўз позицияларини эълон қилган эди.

Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси 25 сентябрдан 31 октябрга қадар мамлакат пахта далаларида мониторинг ўтказишини билдирди.

Бу мониторингдан мақсад¸ айтилишича¸ “18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш”дир.

Аммо, Озодликка келаётган хабарларга кўра, жойларда корхона ва ташкилотлар ишчиларининг пахта теримига мажбуран жалб қилиниш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, 15 сентябрдан бошлаб тумандаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси ҳамда корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари Боғот тумани ҳокими буйруғи билан пахта теримига сафарбар қилингани ҳақида 20 сентябрь куни Озодлик ëзгани ортидан ҳоким ва яна икки мулозим жаримага тортилди.

XS
SM
MD
LG