Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Хўжайлида ўқитувчилар ҳам пахтага сафарбар этилди


Бу суратни олган хўжайлилик ўқитувчи иддаосича, Хўжайли тумани ҳокими ўринбосари Қуралбай Сейтмуратов ва туман Халқ таълими бўлими расмийлари 17 октябр куни ўқитувчиларни пахтага жўнатяпти.
Бу суратни олган хўжайлилик ўқитувчи иддаосича, Хўжайли тумани ҳокими ўринбосари Қуралбай Сейтмуратов ва туман Халқ таълими бўлими расмийлари 17 октябр куни ўқитувчиларни пахтага жўнатяпти.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги мактаблар ўқитувчиларининг бир гуруҳи 17 октябрдан мажбуран пахта теримига чиқарилган.

Бу ҳақда Озодликка бири биридан алоҳида хабар берган мактаб директорларига кўра, ҳар бир мактабдан йигирма ўқитувчи дарсларини бошқа ўқитувчиларга қолдириб, далага чиққан.

Туман ҳокимлиги расмийлари Озодлик мухбирининг нега ҳукумат кўрсатмасига зид равишда ўқитувчилар пахтага олиб чиқилгани ҳақидаги мурожаатини эътиборсиз қолдирди.

Хўжайли туманидаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари 17 октябрь кунидан пахта теримига мажбуран чиқарилгани ҳақида исми сир қолишини сўраган мактаб директорларидан бири Озодликка хабар қилди:

“Туман ҳокими ва унинг муовини Халқ таълим бўлимига мажлисга ҳар икки кунда чақириб пахтага камида 15-20 одамдан чиқасизлар бўлмаса комиссия юбориб пахтага чиқармаган мактаб директорларини ишдан олдираман деб қўрқитяпти”, деди мактаб директори.

Исми сир қолишини сўраган Хўжайлидаги бошқа мактабнинг директори ҳам ўқитувчиларни пахтага чиқаришга туман ҳокимлигидан кўрсатма бўлганини тасдиқлади:

"Шу пайтгача ҳар мактабдан фаррошларни, кутубхоначиларни, қоровулларни, котибларни, тех.ходимларни чиқариб келди. 17 октябрь куни 18:00 да ҳокимиятга барча директорларни ҳоким ўринбосари Сейтмуратов Қурал хонасига бирма-бир чақириб, эртага мен айтган одамларни икки хисса купайтирасиз, бўлмаса ҳар куни кечда ҳокимиятга штабга чақираман деб топшириқ берди. Шунга ҳозир ўқитувчиларни ҳам чиқаришга мажбур бўляпмиз", - деди хўжайлилик мактаб директори.

Озодлик Хўжайлида таълим сохаси ходимларининг пахтага чиқарилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ олиш мақсадида туман ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Қуролбой Сейтмуратовнинг уяли телефонига кун давомида қўнғироқ қилди, лекин у билан боғланиш уринишлари натижасиз қолди.

Туман ҳокими Женгис Эрмишевнинг ёрдамчиси эса Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

​Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни-сақлаш соҳаси ходимларининг дала ишларига мажбурланиши ўтган йилдан тақиқлаб қўйилган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтган йил кузида ўтказилган ҳукумат мажлисида ўқитувчи ва шифокорларни пахтага мажбурлаб чиқарганлар жазоланишини айтганди.

"Мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммолар Бош прокуратура, Меҳнат вазирлиги ва ташкилотлар назоратида бўлади. Бу борада оммавий ахборот воситаларининг ҳам кўмагига таянамиз.

Бу бир йилда ҳал бўладиган муаммо эмас. Айрим ҳокимлар, раҳбарлар неча йиллар давомида ўқитувчи ва шифокорларни далага чиқарган, уларсиз пахта теришни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди. Шунинг учун аста-секин мажбурий меҳнатга барҳам берамиз", — деб айтган Бош вазир.

Ўзбекистон Бош вазири мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини ҳам таъкидлаганди.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна Мирзиёева эса шу йилнинг май ойида Facebook саҳифасида қилган баёнотида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини "баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири" сифатида тилга олган эди.

Лекин, шунга қарамасдан, ўқитувчиларнинг маҳаллий ҳокимлар томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида Озодликка хабарлар келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG