Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Тожикистонлик қарийб 200 аёлнинг ИШИДга қўшилгани сабаблари ўрганилди


Тожикистонда БМТ молиявий ёрдами билан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, юзлаб тожик аёллари эрларининг иродасига бўйсуниб, Сурия ва Ироқда ИШИД экстремистик гуруҳи сафига қўшилган.

Тадқиқотда бундай аёллар сони тақрибан 200 нафар экани айтилди.

Тожик аёллар орасида ўз истаги билан жиҳодий ақидалар асосида “Ислом давлати” террор ташкилотига қўшилганлар ҳам бор.

Масалан, бир душанбелик жиҳод учун Сурияга бориб, 2016 йилда Тожикистонга қайтгандан сўнг, бошқа аёлларни ИШИД сафига жалб этишга уринаётган пайтда хавфсизлик органлари томонидан қўлга олинганди.

Шунингдек, мазкур тадқиқотда Суғд вилоятидаги тунги клуб раққосаси Сурияга бориб, жиҳодийлар сафига қўшилиш истагида бўлгани, аммо қўлга тушиб, 12 йил қамоқ жазосига ҳукм этилгани қайд этилган.

Лондон шаҳридаги Қирол коллежи тадқиқотчиси ва Тожикистонда ўтказилган тадқиқот аъзоси Анна Матвеева 28 январь куни Озодлик радиоси билан суҳбатда тожик аёлларининг экстремистик гуруҳларга қўшилиш сабабларни шарҳлаб берди.

“Биринча сабаб - бу оиладаги муносабатлар. Агар эр ёки ака экстремистик гуруҳ аъзоси бӯлса, оила аъзоларини ҳам бу гуруҳга “тортади”. Аёлга экстремистик ақида маъқул ёки маъқул бўлиши муҳим эмас. У эри ёки яқин қариндоши иродасига бўйсунишга мажбурдир,”- деди Анна Матвеева.

Унинг қўшимча қилишича, баъзи тожик аёллари ўз шахсий муаммоларини ҳал қилиш ниятида Яқин Шарқ мамлакатларига йўл олган.

Масалан, 2016 йили собиқ Тожикистон ИИВ Тезкор кучлар қўмондони полковник Гулмурод Ҳалимовнинг турмуш ўртоқи Ҳумайро Мирова 3 фарзанди билан Сурияга, эри олдига борганди.

Тожикистонда ўтказилган тадқиқотда эрларини ахтариб Сурияга борган тожик аёллари тақдири борасида маълумот ҳам бор.

36 яшар Тожикистон жанубидаги Жалолиддин Балхий туманида яшовчи 36 яшар аёл учун Суриядаги эрини излаш қарийб фожиага айланди.

У Туркияда экстремистик гуруҳларга жалб этувчи тармоқларнинг мақсадини англаб, ватанга қайтиб келишга улгурди.

Бошқа бир аёл эса, эри уни тӯрт фарзанди билан Сурияга мажбурлаб олиб кетмоқчи эканлиги ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берди. Натижада, аёлнинг эри қўлга олинди.

Тадқиқотчи Анна Матвеева фикрича, тожик жамиятида радикализмнинг олдини олишда аёлларнинг ҳиссаси катта бӯлиб, ҳукумат органлари уларга бу курашда ёрдам кўрсатиши лозим.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги маълумотига биноан, 2015 йилда 154 тожик оиласи Сурия ва Ироққа борган. Улар орасида 95 ёш бола ва 67 қизча бор.

Ҳозир Тожикистон расмийлари халқаро ташкилотлар ёрдами билан уларни ватанга қайтаришда уринмоқда.

2015 йилда Тожикистонда Жиноят Кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, ҳукумат хориждаги ҳарбий гуруҳлар хизматида бўлиб, уйга қайтиб қилган ишидан пушаймон бўлган фуқароларни афв қилиш қилиш имкониятига эга бўлди.

XS
SM
MD
LG