Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Тожикистонлик эр-хотин 7 ўғли билан Сурияга кетди


Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича¸ Восе районида яшаб келган тўққиз кишилик оила икки ой олдин Сурияга жўнаб кетган. Тожикистон ҳуқуқ тизимлари бу оилага нисбатан жиноий иш қўзғади ва уларни халқаро қидирувга берди.

Халқаро майдонда Суриядаги жиҳодий гуруҳларга қарши ҳарбий кураш фаоллашган бир даврда¸ Тожикистоннинг Восеъ туманида яшаб келган 43 яшар Субҳон Қосимов хотини ва етти боласини олиб Сурияга кетиб қолган.

Бу оила яшаган маҳалла раисаси Амина Гулмадовага кўра¸ бу оила Восеь марказида ижарага олиб яшаб келган уйни ҳуқуқ ходимлари муҳрлаб кетган.

- Ҳуқуқ идоралари Қосимовларнинг икки ой олдин Сурияга чиқиб кетганини аниқлади. Қосимовнинг онаси ҳам маҳалламизда яшайди. Шўрлик она¸ бу хабардан кейин бутунлай ëтиб қолди¸ дейди маҳалла раисаси.

Восеь район ички ишлар бўлими расмийсининг Озоди мухбирига билдиришича¸ ушбу оилага нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва улар халқаро қидирувга берилган.

Айни пайтда¸ бу расмий тўққиз жонлик оиланинг қандай қилиб Сурияга чиқиб кетганига оид тафсилотларни билдирмади.

Субҳон Қосимовнинг катта опаси Баргигул Қосимова Озоди билан суҳбатда укасининг пул ишлаш мақсадида Сочига кетгани¸ у ерда сабзавот сотиб¸ оиласига пул жўнатиб турганини айтади. Опасига кўра¸ ўтмишда Субҳон наркоман бўлган.

- Укам нима учун Сурияга кетганини билмайман. У олдин наркотикларга ружуь қўйган эди. Уни бу балодан қутқаришга қанча ҳаракат қилмайлик¸ барибир охирига тузалмади. Шундан кейин¸ Сочига кетди. Телефон қилиб¸ наркоманликдан жуда тез қутулганини айтди. Хотини билан болалари Тожикистондан қачон¸ қандай чиқиб кетганини билмай ҳам қолибмиз. Кейин Ироқдан телефон бўлди. Бошда ҳар кун телефон қилди¸ уруш йўқ¸ ҳаммаси жойида деди. Яқинда укамнинг икки ҳафта олдин ўлгани¸ хотинининг азада юргани ҳақида хабар келди. Телефонда хотини умуман шикоят қилмайди. Еттита ўғли қолди. Каттаси 17 да¸ кичиги 5 ëшда¸ дейди Субҳон Қосимовнинг опаси.

Тожикистон ҳуқуқ идораларига кўра¸ биргина Кўлоб вилоятидан Сурия ва Ироқдаги “Исломий давлат” сафига қўшилганлар сони 100 нафарга етган. Айтилишича¸ уларнинг камида ўнтаси ҳозиргача ўлган.

ИШИД сафидаги тожикистонликлар умумий сонининг мингдан ошгани¸ улардан ўлганлари сонининг эса¸ 150 ка етгани тахмин қилинади.

Тирик қолганларнинг ҳаммасига нисбатан Тожикистон Жиноят Кодексининг 401-моддаси бўйича жиноий иш очилган¸ халқаро қидирувга берилган.

Ўз фуқароларининг террорчи гуруҳлар сафига қўшилиши олдини олиш учун Душанбе ҳукумати кескин тадбирлар қўлламоқда.

Хусусан¸ мамлакат қонунчилигига киритилган янги ўзгартишга кўра¸ хориждаги жангавор амалиëтларда қатнашганлик учун жазо кучайтирилди ва 12 йилгача қамоқ жазоси белгиланди.

Айни пайтда¸ ўз ихтиëри билан ватанига қайтганларга амнистия ваъда қилинмоқда.

Ўтган йили ана шу амнистия асосида 50 нафар тожикистонликнинг авф қилингани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG