Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:20

Тожик йигитлари: “Бизга туҳмат қилишди. Биз Сурияда бўлмаганмиз!”


Шамсиддин Фатҳиддинов
Шамсиддин Фатҳиддинов

Тожикистон ИИВ ва Бош прокуратураси Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишда гумонланиб ҳибсга олинган 8 кишини озод қилди. Қарийб тўққиз ой ҳибсда ушлаб турилган йигитлар ўзларининг ҳеч қачон Сурияда бўлмаганини айтишди.

Жорий йилнинг март ойида Тожикистон ИИВнинг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси Дўсти туманининг Кажбед, Қулобод ва Зафаробод қишлоқларида истиқомат қилган 32 кишини Суриядаги жангларда иштирок этганликда гумонлаб, ҳибсга олган эди. Кейинчалик уларнинг 24 нафари қўйиб юборилган.

Тожикистон Бош прокуратураси ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, фаолияти тақиқланган ИШИД экстремистик гуруҳининг Россиядаги аъзолари Дўсти туманидан бўлган 8 меҳнат муҳожирини алдов йўли билан Сурияга жўнатган. Мулозим сўзларига кўра, бу йигитларга Суриядан иш топиб бериш ваъда қилинган, лекин улар жанг майдонига тушиб қолган.

“Қўлга олинганлар ўз хатоларини англаб етишди ва шунинг учун улар жиноий жавобгарликдан озод қилинди”, деди прокуратура мулозими.

Бироқ Кажбед қишлоғида яшайдиган 28 яшар Шамсиддин Фатҳиддинов Озодлик билан суҳбатда, улар туҳматга учраганини айтди:

“Сўроқ пайтида мен қандай қилиб Сурияга бориб қолганим ҳақида сўрашди. Мен у ерда бўлганим йўқ, бунақа давлат борлигини ҳам билмайман, дедим. Айтишларича, “менинг гўёки Сурияга борганимни” уларга менинг танишларим айтган. Менимча, кимдир бизга туҳмат қилган ва шу туҳмат сабаб бизни қарийб бир йил СИЗОда сақлашди”, деди Шамсиддин.

Ҳибсдан озод қилинган бошқа бир гумонланувчи, Дўстмуроднинг отаси Мустаъол Алиев унинг ўғли ҳам туҳматга учраганини Озодликка айтди:

“Менинг ўғлим ҳеч қачон Сурияда бўлмаган. 2013 йилда уни Россиядан депортация қилишган эди. У кейин бир муддат Қозоғистонда, акаси билан бирга ишлади ва Тожикистонга қайтган эди”, деди Мустаъол Алиев.

Бундан аввал Мустаъол Алиев қийноқлар воситасида ўғлига “айбини” тан олдиришга ҳаракат бўлганини айтган эди.

Жорий йилнинг ёзида бир қанча ота-оналар мамлакат президенти Эмомали Раҳмонга мурожаат қилиб, бу ишга аралашишни илтимос қилган эди:

“Бизнинг фарзандларимиз ҳеч қандай асоссиз ҳибсга олинган, улар Суриядаги урушларда гўё қатнашганлиги ҳақидаги айбловларни қийноқлар остида тан олган”, деб ёзишган ота-оналар.

Оталардан бири Маҳмадулла Маҳмадаминовнинг Озодликка айтишича, унинг ўғли Исломиддинни ҳам 2014 йилнинг июнь-август ойларида Суриядаги жангларда қатнашганликда айблашган:

“Бу ғирт ёлғон. Менинг ўғлим 2014 йилнинг 7 июлида Россиядан қайтиб келган эди ва 12 августда унинг никоҳ тўйи бўлган”, деди Маҳмадулло Маҳмадаминов.

Аммо, Тожикистон Бош прокуратурасининг терроризмга қарши кураш махсус бошқармаси бошлиғи Музаффар Юсуфийнинг Озодликка айтишича, бу ёш йигитларнинг Суриядаги жангларда иштирок этганлиги фактлар билан тасдиқланган:

“Улар адвокатлари иштирокида ўз айбларига иқрор бўлишган”, деди Юсуфий.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистондан қарийб 1100 киши Сурия ва Ироқдаги жангларга кетган. Уларнинг 150 нафари жангларда ўлгани айтилади.

XS
SM
MD
LG