Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:39

Давлат департаменти: Тожикистонда дин эркинлиги аҳволи "жуда ташвишли"


АҚШ Давлат департаменти куни кеча эълон қилган дин эркинлигига оид навбатдаги ҳисоботда Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон ва Туркманистондаги вазият ташвиш уйғотаётгани айтилган.

Ҳисоботда Тожикистонда диний ташкилотлар давлат назорати остида экани ва диний фаолиятда чекловлар мавжудлиги танқид этилган.

29 май куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, 2017 йили Тожикистонда экстремистик гуруҳлар, жумладан, “Салафия” ва “Ислом давлати” ташкилотларига аъзолик айблови билан 220 дан ортиқ одам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олинган.

Давлат департаменти Тожикистондаги жамоат ташкилотларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, мамлакатда турли техник ва маъмурий баҳоналар билан диний ташкилотларни рўйхатга олишга тўсиқлар қўйилмоқда.

Жумладан, ҳисоботда айтилишича, Тожикистонда “Иегово гувоҳлари” фаолияти экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган ва яҳудийларнинг ягона синагоги ҳалигача рўйхатга олинмаган.

2017 йили Тожикистонда қарийб 2 минг масжид маданий ва жамоат муассасалари ихтиёрига берилган ва ҳозирда мамлакатда 3900 масжид расман фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йил августида Тожикистон Хотин-қизлар қўмитаси тарқатган хабарга кўра, бу ташкилот Душанбе кўча ва бозорларида аёллар орасида тушунтириш ишлари олиб боргани натижасида 8 минг аёлдан 90 фоизи диний либосдан воз кечган.

Ўтган йил ичида мамлакат бўйлаб ўнлаб масжидлар ёпилди.

Мамлакатда 18 ёшга тўлмаганларнинг масжидга, 35 ёшга тўлмаганларнинг ҳажга бориши расман тақиқланган.

Диний масалалар бўйича таҳлилчи Фаридун Ҳодизоданинг 31 май куни Озодликка айтишича, Америка Давлат департаментининг Тожикистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазият борасидаги танқиди ўтган йилларга нисбатан анча кескин бўлиб, вазият “жуда ташвишли” дея баҳоланган.

“Ҳисоботда айтилишича, Тожикистон давлати дин эркинлиги тўғрисидаги халқаро ҳамжамият талабларини ижро этиши зарур. Вазият “жуда ташвишли” дегани Тожикистон бу масалада қизил чизиққа яқинлашгани деганидир. Агар диний эркинлик билан боғоиқ вазият мамлакатда яхшиланмаса, Тожикистонга нисбатан санкциялар қўлланиши эҳтимоли мавжуд,” - деди Фаридун Ҳодизода.

Тожикистон Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган.

Аммо охирги 5 йил давомида Тожикистон ҳукумати диний экстремизмга қарши кураш баҳонасида барча турдаги диний фаолиятни ўз назорати остига олди: Жомеъ масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.

Буларнинг бари сўнгги йилларда Тожикистонда диндорларга ўтказилаётган тазйиқнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Тожикистондаги диний эркинликлар устидан чекловлар халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан мунтазам танқид қилиб келинмоқда.

XS
SM
MD
LG