Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Тожикистон масжидларига даромадлари борасида ҳисоб бериш топширилди


Тожикистонда масжид, черков ва синагоглар 22 январдан бошлаб ҳукумат органларига ўз даромади, мол-мулки ва диний жамоат ходимлари маоши борасида ҳисобот беришлари шарт.

Бундай ўзгартиришлар “Диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги” қонунига киритилди.

Тожикистонда мавжуд масжидлар, черковлар ва ягона синагог диндорларнинг ихтиёрий хайриялари ҳисобига фаолият қилади.

Масжид имомлари ақиқа, никоҳ ва жаноза маросимларини ўтказиб берганликлари учун ҳақ олишади.

Тожикистон қонунчилигига кўра, дин давлатдан ажралган.

Аммо, бунга қарамай, 2014 йилдан бошлаб ҳукумат жомеъ ва жума масжидлари имомларига давлат хизматчиси сифатида маош тўлай бошлади.

Масалан, Тожикистон муфтийси 2 минг сомоний (тақрибан 250 АҚШ доллари), жомеъ масжиди имоми 1500 минг сомоний (тақрибан 150 АҚШ доллари) ва жума масжиди имоми 800 сомоний (тақрибан 80 доллар) миқдорида маош олади.

Ҳукуматнинг мазкур қарори жамиятда норозиликларга сабаб бўлди.

Таҳлилчилар фикрича, дин давлатдан ажралган экан, давлат бюжетидан дин ходимларига маош тўлаш Тожикистон Конституциясига хилофдир.

Ҳукумат қарорида черков ва синагог ходимларига маош тўлаш кўрсатилмаган.

Олдин исломий, насроний ва яҳудий динлари ибодатхоналари барча солиқлардан озод этилган эди.

“Диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги” қонунига киритилган ўзгаришлар ортидан диндорлар бундай имтиёздан маҳрум бўлди.

Айни дамда, диний масалалар таҳлилчиси Фаридун Ҳодизода Тожикистон ҳукуматининг мазкур қарорини қўллаб-қувватлади.

“Диний ибодатхоналарда суистеъмоллик ёки порахўрликка йўл қўймаслик, ушбу диний ташкилотларни фаолияти шаффоф бўлиши учун масжид, черков ва бошқа ибодатхоналар ўз фаолияти борасида ҳисобот беришлари лозим”, деди Фаридун Ҳодизода.

Унинг иддао қилишича, масжидларда расман ҳисобга олинмаган даромадлар жуда кўп. Масалан, "чоршанба ва жума кунларида кӯп диндорлар, айниқса аёллар масжидга озиқ-овқат ёки пул келтириб, дуо олишади", деди суҳбатдош.

Тожикистонда 4 мингдан ортиқ масжид, 72 черков ва битта синагог мавжуд.

Америка Давлат Департаменти ўзининг диний эркинликлар борасидаги 2017 йилги ҳисоботи орқали Тожикистонда диний ташкилотлар давлат назорати остида экани ва диний фаолиятда чекловлар мавжудлигини танқид қилган эди.

XS
SM
MD
LG