Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:22

ТАТУ ва ЎзМУда абитуриентдан бармоқ изи олиш синовдан ўтмоқда


Тошкент Ахборот технологиялари университети ва Ўзбекистон Миллий университети бу йил ҳужжат топшираëтган абитуриентлардан бармоқ изларини олмоқда. Синов тариқасида икки олийгоҳда ўтказилаëтган бу тажрибадан мақсад¸ Озодлик суҳбатлашган мутасаддилар таъкидича¸ тест синовларидаги ғирромликлардан айримларига барҳам беришдир.

Тошкент Ахборот технологиялари университети расмий сайти ва олийгоҳнинг Facebook саҳифасида бу йилги қабул жараëнига оид қисқа видеоролик тақдим этилди.

Бу роликдан кўриладиган янгиликлардан бири абитуриентлардан биометрик маълумотлар – бармоқ излари ва HD форматидаги сурат олинаëтганидир.

ТАТУ қабул комиссияси масъулларидан бирининг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ қабул жараëнида биометрик маълумотлар базасини яратиш ташаббуси университетнинг ўзидан чиққан.

“Ташаббусчи ТАТУнинг ўзи. Биз ҳозир ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликларни амалий жараëнларга жорий қилиш бўйича янги-янги ташаббуслар билан чиқаяпмиз. Абитуриентдан биометрик даннийларни олиш¸ ҳозиргача Ўзбекистон олийгоҳларидан бирортаси қўлланилган эмас. Бу фақат Губкинада бор (Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали назарда тутилмоқда – таҳр.) Бу пилот лойиҳа¸ яхши натижа берса¸ бошқаларга ҳам ëйилиши мумкин”¸ деди ТАТУ қабул комиссияси ходимларидан бири.

Бу масъулнинг таъкидича¸ синовдан мақсад қабул ва тест жараëнидаги шаффофликни ошириш¸ тест синовларида ҳар йили кузатиладиган ғирромлик - абитуриент ўрнига бошқа бирининг имтиҳон топширишини тўхтатишдир.

“Ҳужжат топширгандан кейин¸ ўрнига “зайчиклар”ни кирғизадиганлар кўп эди. Яъни ўрнига ўзига ўхшаган билағон студентми¸ домланими кирғизиб¸ тестни ечтиришарди. Биометрик даннийлар ана шунақаларни тўхтатади бундан буëғига”¸ деди ТАТУ қабул комиссияси ходими.

Айни пайтда¸ суҳбатдош бу йилги қабул ва тест жараëнида йиллардан бери ҳукм суриб келаëтган бошқа ғирромликлар ва коррупцияга барҳам бериши мумкин бошқа чоралардан бехабарлигини билдирди.

“ТАТУга қизиқиш¸ бу йил ҳар йилгидан ҳам баланд. Коррупцияга қарши кураш президент сиëсатининг асосий вазифаси қилиб белгиланганидан руҳланиб¸ ўз кучи билан ўқишга киришига ишонаëтганлар сони бу йил кўпайди. Албатта¸ пора билан кириш йўлларини излаëтганлар йўқ¸ дея олмайман. Лекин янги ректор¸ янги ДТМ раҳбари¸ янги вазир иш бошлаган бу йили тестда ҳам яхши янгиликлар бўлиши кутилмоқда”¸ деди бу суҳбатдош.

Давлат тест марказининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ ТАТУда абитуриентдан биометрик маълумотлар олинаëтгани университетнинг ўз ташаббуси эканини тасдиқлай туриб¸ Ўзбекистон миллий университетида ҳам айни пилот лойиҳа бошланганини қўшимча қилди.

“Мамлакатимиздаги бу икки етакчи университет ўз ташаббуси билан бу ишни бошлади. Ҳозирча бизнинг жараëнга алоқамиз йўқ. Лекин¸ улар тажрибасига оид маълумотлар ўрганилиб¸ натижалар бўйича хулоса чиқарилганидан кейин¸ уни бошқа олийгоҳларга ҳам жорий қилиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Ҳозирча бу синовнинг қандай натижа бериши номаълум ва шунинг учун унинг оммавийлашиш-оммавийлашмаслиги ҳақида бир нарса айта олмайман”¸ деди ДТМ расмийси.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети қабул комиссияси вакили ҳам Озодлик билан суҳбатда айни кунларда абитуриeнтдан биометрик маълумот олиш жараëни кетаëтганини тасдиқлади.

“Бу ва бошқа янгиликлардан мақсад ўқишга киришдаги турли ғирромликларни тўхтатиш¸ коррупцияни камайтириш”¸ деган ЎзМУ қабул комиссияси вакили¸ “бошқа янгиликлар” ҳақида университет матбуот котибидан батафсил маълумот олишни тавсия қилди. Аммо кун давомида матбуот учун ахборот беришга ваколатли ЎзМУ вакилини топишнинг имкони бўлмади.

20 апрель кунги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор чиқарган президент Шавкат Мирзиëев бу ҳужжатда “бир қатор олий таълим муассасаларида ҳали ҳам илмий-педагогик салоҳиятнинг пастлиги, таълим жараёнларини ахборот-услубий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг моддий-техника базасини тизимли янгилашга эҳтиёж мавжуд”лигини эътироф этган эди.

Сўнгги ойлар ичида президент олий таълим тизими ва қабул жараëнига масъул раҳбарларни ўзгартирди - Мирзиëевнинг 20 июндаги фармонига мувофиқ Ином Мажидов Олий ва ўрта махсус таълим вазири¸ Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Мажит Каримов эса Давлат тест маркази директори этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG