Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

"Тест синови куни олинган телефонлар эгаларига бозор баҳосида сотилади"


Қўқон Давлат педагогика институтида тест синовлари куни қўриқчи-текширувчилар томонидан олиб қолинган минглаб мобил телефонлари абитуриентларга қайтарилмади. Озодлик манбаси таъкидича¸ орасида смартфонлар кўп бўлган бу “қимматли йиғилма” айни кунларда бозорга чиқарилган ва эгаларига қайтадан сотиб олиш таклиф этилган.

1 август куни Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари топширган минглаб абитуриент¸ ўзини “қароқчилар тўдаси” томонидан таланган деб ҳис этмоқда.

Республика бўйлаб кенг кўламда кузатилгани ҳақида Озодликка келаëтган хабарлардан бири Қўқон Давлат педагогика институтида бўлиб ўтган.

Институтнинг физика-математика факультетига кириш учун тест синовларига кирган абитуриент Озодликка шундай хабар берди:

- Мобил телефонимни иккита текширувдан олиб ўтдим¸ учинчисига келганда¸ граждан кийимидаги одам ҳамма ëғимизни ечинтириб текширди ва телефонларимизни олиб қолди. “Чиқишда қайтиб оласизлар”¸ деди¸ лекин чиққанда бермади. Имтиҳон соат 1 ларда тугаган бўлса¸ соат 7 гача телефон жанжали бўлди. Ҳеч кимга қайтариб бермади. Институтга 5 минг бола ҳужжат топширган бўлса¸ деярли ҳамманикини олиб қолди. Қоплаб телефон йиғишди. Меники оддий Nokia эди¸ лекин олинглар орасида қиммат телефонлар¸iPhoneлар ҳам бор эди. Биттамас¸ беш-олтита телефонини олдириб қўйганлар бўлди. Телефонларнинг устига эгаси кимлигини ëзмади¸ шундай битта хонани склад қилиб¸ ташлаб қўяверди¸ дейди 1 август куни тест ташкилотчиларидан телефонини қайтариб олишга уринган абитуриент.

Қўқон педагогика институти¸ қолаверса¸ бутун Ўзбекистон олийгоҳларига кириш учун тест синовларининг Давлат тест маркази Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ташкиллаштириши айтилади. Абитуриент бир неча хавфсизлик текширувидан ўтказилиб¸ сўнгра имтиҳон хонасига киритилган ва Озодлик манбаси¸ ўз телефонининг фуқаровий кийимдаги текширувчи олиб қўйганини таъкидлади.

Тест синовлари ўтказиш учун масъул идоралардан айнан қай бирига мансублиги номаълум бу телефон мусодарачиларининг¸ айнан қайси қонуний асосда абитуриентларнинг имтиҳон ҳудудига кириш олдидан олиб қўйилган телефонини мусодара қилгани очиқ қолмоқда:

- ДТМга қўл қўйгани борганимизда¸ катта қилиб ëзиб қўйган эди: “Имтиҳон ҳудудига телефон¸ калькулятор¸ шпаргалка олиб кириш тақиқланади. Олиб кирганларга тегишли чоралар кўрилади” деб ëзиб қўйган экан. Шу гапни пеш қилиб туришибди. Бошқа жойларда ҳам шунақа бўпти¸ деб эшитдим¸ дейди Озодлик манбаси.

1 август куни ҳеч бир ҳужжат-далилсиз¸ бирор жойда расман қайд этилмасдан олиб қолинган мобил телефонлардан¸ охурбошилар талон-тарожидан қолган эски ва арзонлари¸ эндиликда сотувга чиқарилар экан¸ дейди қўқонлик абитуриент:

- Қўқон пединститутида таниш домлалар бор¸ ўшаларнинг айтишича¸ Қўқон автовокзалида мусодара қилинган товарлар сотиладиган распродажа магазини бор экан. Тест куни қайтарилмаган телефонлар ўша ерда сотилар экан. Телефоннинг нархи қанақа бўлса¸ шунча пулга сотилар экан. Масалан¸ меники 20 минг сўм деб баҳоланса¸ мен бориб¸ шу телефон меникилигини исботлаб¸ бозор нархида сотиб оларканман, дейди абитуриент.

Қўқон Давлат педагогика институти ректори ëрдамчиси Озодлик мухбирининг абитуриентлар телефонларининг қайтарилмагани билан боғлиқ саволларига жавоб беришни истамади:

- Сиз билан телефон орқали гаплашмайман. Олдимга келинг¸ саволингизга жавоб оласиз¸ дея дағдаға қилган ректор ëрдамчиси гўшакни намойишкорона илиб қўйди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси тест синовларини ташкиллаштириш жараëнига вазирликнинг алоқаси йўқлигини айтиб¸ бу каби саволлар билан Давлат тест марказига мурожаат қилишни сўради.

Давлат тест маркази телефонларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади¸ марказ сайти эса¸ афтидан кирувчилар сонининг ниҳоятда кўплиги боис¸ очилмади.

Озодликка мурожаат қилган бошқа абитуриентларга кўра¸ айрим олийгоҳларда тест синовлари куни имтиҳон ҳудудига киришдаги текширув пайти олиб қўйилган пуллар ҳам¸ эгалари имтиҳондан чиққунга қадар¸ ғойиб бўлган.

"Мен йўлкирага деган 23 минг сўмдан ажрадим. 20 минг ва ундан кўпга тушганлар ҳам кўп бўлди"¸ деб ëзди Озодликнинг WhatsAppига абитуриентлардан бири.

Ўғрини қароқчи урди

Озодлик Ўзбекистон бўйлаб ўн минглаб абитуриент мобил телефонининг тест синовлари олдидан олиб қўйилиб¸ эгасига қайтарилмаганига ҳуқуқий жиҳатдан шарҳ беришни сўраб мустақил ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловга мурожаат қилди:

- Буни мен ўғрини қароқчи урди¸ деб баҳолайман. Биринчи саволни¸ тест синовларига мобил телефон олиб келмаслик ҳақида қайта-қайта огоҳлантирилган абитуриентнинг ўзига бериш керак. Улар ғирромлик қилиб¸ ўзи лойиқ бўлмаган ўқишга алдамчилик билан кириш мақсадида телефон олиб киришга уринган. Ҳукуматнинг олий ўқув юртларига кириш қоидалари бўйича қарори бор ва ўшанга мувофиқ имтиҳон ҳудудига ҳеч нарса олиб кириш керак эмас. Шахсий мулк дахлсизлигига оид конституция ва қонунни бу ҳолатда қўллаб бўлмайди¸ зотан абитуриент олдиндан шахсий мулк олиб келинмасин¸ деб огоҳлантирилган.

Текширувчилар абитуриентнинг ноқонуний ҳаракатига ноқонуний йўл билан жавоб берган ва улар телефонини олиб қўйган. Бу жараëнни мусодара деб баҳолаб бўлмайди¸ чунки телефоннинг олиб қўйилишига оид баëннома ва бошқа далиллар йўқ. Мусодара фақат баëннома бўлган ҳолатда суд ҳукми билан амалга оширилади. Бу ерда абитуриентдан телефони олиб қўйилганини исботлашнинг ва уни талаб қилишнинг бирор юридик асоси йўқ¸ афсуски. Ўзбекча айтганда¸ бу ҳолатда эгри бошга эгри таëқ билан урилган¸ дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

XS
SM
MD
LG