Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:17

Тест якуни: ким аудиторияга, ким эса яйловга


Ўзбекистонда олийгоҳга кирувчилар учун тест натижалари эълон қилиниши ортидан Озодликка бу натижалардан рози ёки норози бўлган абитуриентлардан турфа хабарлар келишда давом этмоқда. Эътироф этиш керакки, улар орасида тест натижаларидан қониқиб, хурсандчилиги билан ўртоқлашган ўзбекистонлик ёшлардан келган хабарлардан кўра тарвузи қўлтиғидан тушиб, ўзини пода боқишга кўндираёзган ёки Россияга мардикорчиликка чиқиб кетиш орзусида юрган ёшлардан келганлари кўпроқдир.

"Янаги йил ҳам шу ҳолат кузатилармикан?"

Озодликка Жиззахдан ёзган абитуриент бу йилги тест синови ўзи учун “разведка” бўлганини айтади:

“Мен коллежни битирдим ва институтга ҳужжат тўғирладим ва Жиззах Политехника институтининг Касб таълим Информатика йўналишига топширдим. Мен кутган кун келди - 1 август. Оқ кўйлак, қора шимда имтиҳон сари отландим. Мен умуман Институтга тайёрланмадим, сабаби Жиззах Транспорт-алоқа касб-ҳунар коллежида талаба эдим. Коллежни ташлаб, репититорга бориш керак эди, мен эса ундай қилмадим. Институтга топширганимнинг сабаби - имтихон қандай бўлади, кимлар қатнашади, нима қилиш керак - ўшалардан хабардор бўлиб, кейин кириш эди”, деб ёзади жиззахлик абитуриент.

Бу муштарий синов чоғида ўзи рўбарў келган ғирромлик ҳақида ҳам хабар қилади:

“Имтиҳон бошланди. Тушунган саволларимни белгиладим, тушунмаган саволларимни эса йўқ. Имтиҳонга телефон, шпаргалка ҳам олиб кирмадим, ўзимча ҳаққоний ўтишини хоҳладим ва атиги 68 балл натижа тўплабман. Мен бундан афсусланмайман. Лекин мен билан ён партада ўтирган бола телефон олиб кирибди - бир эмас, иккита. Саволларни iPhone телефонида расмга олиб, WhatsAppдан юборди ва телефонини яшириб қўйиб, жавобларни оддий Nokia телефонида СМС орқали қабул қилди. Биз иккаламиз 1-қаторнинг орқароғида эдик. У бемалол телефондан фойдаланди, гарчи эшикда қўриқлаш хизмати одамлари кузатиб турган бўлса ҳам. Энди натижани қаранг, у бола 4-бўлиб бюджетга кирибди. Қани бизда демократия, қани инсон ҳуқуқлари, қани қонунчилик? Мен ачинганим шуки, йиллаб тайёрланган абитуриент эгаллаши керак бўлган жойни умуман тайёрланмаган киши эгаллади. Мен ўзимга ҳайрон бўлиб қолдим, янаги йил ҳам шу ҳолат кузатилармикан ёки шу охирги йилмикан?” – дея риторик савол билан якунлайди ўз хатини жиззахлик муштарий.

“Пода боқишгаям одам керак-да”

Хоразмлик муштарий эса юқори балл жамғарганига қарамай, бу йил ҳам талаба бўлиш орзуси ушалмаганидан ўкинади:

“Мана биз 3 йилдирки, институтга кириш учун имтиҳон топширамиз, лекин бу йилгидай баланд балл тўпламагандим! 154 балл, лекин шу балим ҳам контрактга илинишимга етмади. УрДУнинг Тарих факультетига бундай балл билан ўтган йили грант бўлган экан абитуриентлар! Билмадим, бу йил нега бунча баланд, ҳарбий имтиёзга эга абитурентларнинг касрими, деканларнингми - билмадим!!! “Билиминг бўлса, сен ҳам ол 160/170 баллни” дерсиз, лекин бу баллар оддий қишлоқ йигити учун орзу-ку! Нимаям қилардик, пода боқишгаям одам керак-да...”, - деб ёзади хафалигини яширмаган хоразмлик муштарий.

Ҳақиқий билимлилар беллашуви

Аммо ўзбекистонлик ёшлар орасида тест натижаларидан қониқиш ҳосил қилиб, “тест синовлари адолатли ўтди” дея эътироф этаётганлар ҳам кам эмас. Бунга мисол сифатида шофирконлик муштарийлардан келган хабарни келтириш мумкин:

"Бухорода натижалар аъло! Шофиркон туманидаги ҳамма абитуриентлар уйида қий-чув, хурсандчилик! Ҳамма адолатли имтиҳон натижаларини эътироф этяпти. Бу йилги имтиҳон ҳақиқий билимлилар беллашуви бўлди. Ҳозирча хулосаларимиз шундай!" деб ёзади шофирконликлар.

Дилбарим аввалгидек

Бу йил ҳам ўтган йилдаги билан бир хил балл олган қорақалпоғистонлик муштарий бу борада ўз шубҳалари билан ўртоқлашади:

“Нукус Давлат Педагогика институтига икки йилдан бери имтиҳон топшираман. Икки йилдан бери шу натижа - бир хил балл? Тушунмаяпман, мен имтиҳон пайтида саволларнинг кўпини билиб белгилагандим! Эҳ, “пул турган ерда ҳақиқат жим тураркан” деб тўғри айтадилар экан”, деб ёзади қорақалпоғистонлик муштарий.

“Имтиҳондан ўтолмадим, печатимни босиб беринг”

Талаба бўлиш орзусига етолмаганидан кейин тақдирга тан бериб, энди уч-тўрт сўм топиш ташвишига тушган бошқа бир муштарий эса хорижга чиқиш билан боғлиқ муаммога дуч келишга ҳам улгурибди.

“Паспортга четга чиқиш печатини нега босиб беришмаяпти? Аввал “коллеж ўқувчиларига мумкин эмас, коллежни битирганидан кейин босамиз”, дейишганди. Мана, ўқишни тугатдим, университетга топширдим, имтиҳондан ўтолмадим. Энди бугун милицияга борсам, “босиб бермаймиз”, дейишяпти. Нима сабабдан печать босилмаяпти? Баъзилар: “Сайлов сабабли” дейишяпти, шу ростми?” дея савол ташлаган ўзбекистонлик бу муштарий гап қайси сайлов ҳақида кетаётганига аниқлик киритмабди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Қонунчиликка кўра, мазкур сайловлардан уч ой ўтгач, президентлик сайловлари ўтказилиши керак.

XS
SM
MD
LG