Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:28

Ўзбекистонликлар Меҳнат вазирлиги шартномаси асосида Россияга юборилади


Россиядаги ўзбек жамоалари вакилларига кўра, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг турли минтақаларидаги ўзбек жамоалари билан Россияга меҳнат муҳожирларини ишга олиб келиш бўйича шартномаларни имзоламоқда. Жумладан, Кемерово ва Красноярск ўлкаларида Ўзбекистон ватандошларига кўмак бериш мақсадида “жонли алоқа” воситаси ишга туширилаётир. Россиядаги ўзбек диспораси раҳбарлари бундай келишув натижасида Россияда “назорат остидаги миграция” вужудга келишини башорат қилмоқда.

Турли минтақаларда "ишонч телефонлари" ишга тушади

Россиянинг Кемерово ва Красноярск минтақаларида Ўзбекистон ватандошларига ёрдам бериш бўйича “жонли алоқа” линияси ташкил этилади.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаб берган Красноярскдаги “Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги” Минтақавий жамоатчилик ташкилоти расмийларига кўра, “ишонч телефонлари”нинг ишга туширилишига Ўзбекистондан махсус келган Меҳнат вазирлиги вакиллари билан бўлган учрашув давомида келишилган.

Ўзини Отабек деб таништирган “Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги” расмийси бир қатор бошқа муҳим масалалар борасида ҳам икки тарафлама шартномалар имзоланганини билдирди.

- Бу ғоя ташаббуси Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлигига тегишли. Маҳаллий ҳукумат ва бизнинг ташкилот лойиҳа ҳамкори саналади. “Ишонч телефонлари” орқали мигрантларнинг барча муаммолари бўйича шикоятлар қабул қилинади ва улар ечимини топишга ҳаракат қилинади. Шунингдек, энг катта эътибор Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан жўнатилган меҳнат муҳожирлари адаптацияси, иш билан таъминлаш масаласига қаратилади. Аммо биз бу ерда ишлаётган барча ўзбек муҳожирига ҳам ёрдам беришни давом эттирамиз, албатта, деди Красноярск ўзбек жамоаси намояндаси.

Суҳбатдош минтақавий “call-марказлар” Россиянинг барча ҳудудларида ташкил қилиш режалаштирилганини билдирди.

Отабек лойиҳани ишга туширишда қисман Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги, қисман маҳаллий ташкилотларнинг имкониятларидан келиб чиқиб ўз-ўзини таъминлаш асосидаги маблағлар ётқизилиши мумкинлигини билдирди. У йил охирига қадар лойиҳа устида тайёргарлик ишлари ўз якунига етишини айтиб, унга Красноярск ҳукумати томонидан катта қизиқиш билдирилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Россияга шартнома асосида жўнатилади

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бир гуруҳ ходимлари Россиянинг бир қанча минтақасида жойлашган маҳаллий ўзбек жамоалари вакиллари билан учрашувлар ўтказган.

Кемерово вилоят ўзбек жамоалари билан музокаралар чоғида Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари “йўналтирилган миграция” бўйича шартномаларни имзолангани маълум бўлди.

“Турон” Ўзбек миллий маданий марказ раҳбари муовини Бахтиёржон Иномов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлик тўғрисидаги бундай ташаббус билан биринчи маротаба чиқаётганини билдирди.

У музокараларга Тошкентдан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари биринчи ёрдамчиси бошчилигида 5 кишилик расмий делегация келганини билдириб, деди:

- Бизда ишчи учрашув бўлди. Ўзбекистон миграцияси масаласида меҳнат шартномаси имзоланди. Биз, келиб чиқишимиз Ўзбекистондан бўлган россияликлар Меҳнат вазирлигининг бу ердаги расмий вакили бўлиши борасида келишилди. Мажлисга Россия Миграция департаменти, Иш билан таъминлаш маркази, Кемерово вилоят савдо-саноат палатаси раҳбарлари иштирок этди. Келишувга кўра, биз Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги томонидан олдиндан аниқлаштирилган миқдорда юборилаётган муҳожирларни қабул қилиш ва иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш кафиллигини оладиган бўлдик, деди ўзбек диаспораси вакили.

Бахтиёржон Иномов ҳозирда Кемерово вилоятидаги турли қурилиш ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзбекистонлик ишчиларни қабул қилиш масаласида меҳнат шартномалари тузишга музокаралар бошлаб юборилганини билдирди.

Жамоа фаоли сўзларича, охирги икки йилда ҳукм сураётган иқтисодий инқироз ва Россия миграция чекловларининг кучайтирилиши натижасида минтақада ўзбек муҳожирлари сони кескин камайиб кетган.

- Биз Ўзбекистондан бирдан бўлган бундай эътибордан жуда қувондик – қачонлардир шундай бўлиши керак эди, чунки муаммолар йиғилиб қолганди. Юртдошларимиз учун бу жуда яхши хабар: улар ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояга эга бўлади, ойликларини ўз вақтида олади. Бошқача қилиб айтсам, бу келишувлар “назорат остидаги миграцияни” вужудга келтиради. Биз ҳам ўзбек ҳамюртларимиз легал яшаб, қонуний ишлашлари тарафдоримиз, деди Бахтиёржон Иномов.

Жамоа аъзоси ташкилий масалаларга 1-2 ой кетиши, аллақачон кейинги йил бошидан эса “Турон” ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қабул қилиш ва жойлаштириш ишларини бошлаб юбориши мумкинлигини тахмин қилди.

Ҳозирда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги вакиллари Россиянинг бошқа минтақаларидаги ўзбек диаспоралари билан учрашувлар ўтказаётгани айтилди.

Айни пайтда, Россия ҳукуматига таяниб берилаётган маълумотларга кўра, 2017 йилга миграция масалаларига федерал бюджетдан ажратилаётган маблағ 1,4 млрд рублдан 2 миллиардга кўпайтирилган.

XS
SM
MD
LG