Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

"Йўлак" масаласи ҳал этилмаëтган сўхликлар қимматчиликдан шикоят қилмоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти.

Озодликка мурожаат қилган Фарғона вилоятининг Қирғизистон ичкарисидаги Сўх тумани аҳолиси вакиллари эксклавда полиз экинлари нархининг вилоятнинг бошқа туманларига нисбатан тўрт бараваргача қимматлигидан шикоят қилди. Сўхликлар¸ бундай қимматчиликни¸ қирғиз ҳудудидан ўтишдаги турли ноқонуний ўлпонлар билан изоҳлади; Қирғизистон Чегара хизмати эса¸ сўхликлардан қирғиз вегарачи ва божхоначилари таъмагирлигини исботловчи далилларни расман тақдим этишни сўради.

Озодлик суҳбатлашган сўхликларга кўра, вилоят маркази Фарғонада нархи 4-5 минг сўм бўлган қовун-тарвуз шу кунларда Сўх бозорларида 15-16 минг сўмдан сотилмоқда.

Сўхлик тадбиркорнинг айтишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг “таъмагирлиги” туфайли улар Сўх туманида етиштирилмайдиган полиз маҳсулотларини 3-4 баравар қимматга сотишга мажбур бўлмоқда.

"Ҳар ҳафта Фарғонага бориб, бир мошин қовун-тарвуз келтираман. Чегарадан бошлаб то Сўх туманига келгунга қадар, қирғиз чегарачилари, божхоначилари ва милициясига йўл-йўлакай 5 миллион сўмгача пул тарқатиб келаман. Уларнинг таъмагирлиги туфайли тарвузни 15-16 минг сўмдан сотишга мажбур бўлаяпман. Бўлмаса, ўзини оқламаяпти," - дейди исми сир қолишини сўраган сўхлик тадбиркор.

Унинг таъмагирлик ҳақидаги иддаосини Сўх тумани ҳокимлиги мулозими ҳам тасдиқлади:

- Ҳақиқатан қовун-тарвуз Сўхда етиштирилмагани ва Фарғонадан келтирилгани учун фарқи бор, албатта. Савдогарлар қирғизларнинг таъмагирлиги туфайли машинада олиб келаётган маҳсулотнинг йўлкираси жуда қимматга тушаётганини айтишади, - деди Сўх тумани ҳокимлиги мулозими.

Сўх эксклави аҳолиси мамлакатнинг асосий қисмига биргина “Водил” чегара пункти орқали борди-келди қилади.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 2013 йил 5-6 январ кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро ортидан ёпилган Cўх-Риштон йўлидаги чегара пункти ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

Озодлик суҳбатлашган сўхликларга кўра, "Водил" йўлининг узоқлиги, таъмагирликлар ва чегара постларидаги узундан-узоқ навбат кутишлар аҳолига жиддий қийинчилик туғдираяпти.

Фарғона вилоятининг Сўх эксклавида яшайдиган Холдорали Сайфиддинов ҳар гал Россияга бориш ва қайтишда қирғизистонлик чегарачи ва божхоначилар меҳнат муҳожирларидан пул талаб қилишини, бермаганлар эса турли хил босимлар остида қолишини айтди:

- Сўх пости "Чашмадан" ўтгандан кейин 70-80 минг олади. Фарғонага борганча шунчага тушаяпти. Таксига ўтирсак, келадию сўмкани кўриб, пул бер, дейди. Бермасанг, ҳақорат қилишга тушади. Ҳуқуқимизни талаб қилсак, "подставка" қиламан, деб қўрқитади, - дейди Холдорали Сайфиддинов.

Сўхликларнинг қирғиз ҳуқуқ-тартибот ходимлари таъмагирлиги ҳақидаги иддаосини рад қилган Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котибаси Салқин Абдикариева, ҳозирга қадар Сўх аҳолисидан чегара хизматига “бирон-бир шикоят” тушмаганини таъкидлади:

- Агар фуқаролар чегарачилар ҳатти-ҳаракатидан шикоят қилмоқчи бўлса, улар бизга расман мактуб билан мурожаат қилишлари мумкин. Бизга бўлаётган ишларни исботлаб беришсин. Ўтиш пунктлари ва чегара постларида ишонч телефонлари бор. Бу телефонлар орқали фуқаролар бизга мурожаат қилишлари мумкин. Биз, албатта, зарурий қонуний чораларни кўрамиз. Улар ҳеч қачон бизга расман мурожаат қилишмаган. Улар доимо матбуот ходимлари орқали ўз арз-додларини билдиришган, - деди Салқин Абдикариева.

Сўх эксклави
Сўх эксклави

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларидан иборат махсус комиссия Сўх эксклавининг 136 километрлик чегараларини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Расмий Тошкент кўп йиллардан бери Қирғизистондан Сўх анклавини Ўзбекистон билан туташтирувчи йўлак беришни сўраб келади.

2016 йил март ойида Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича махсус вакили Курбанбай Искандеров Бишкек “ҳеч қачон” Ўзбекистоннинг Сўх анклави билан туташтирувчи йўлак очишга розилик бермаслигини билдирган эди.

Унинг айтишича, агар Қирғизистон Ўзбекистонга Сўх анклавига элтувчи йўлак очиб берадиган бўлса, Боткен ва Лайлак туманларидаги 200 минг қирғизистонлик анклав ҳолатида яшашга мажбур бўлиб қолади.

Шу йил 9 июнда Остонада ШҲТ саммити доирасида Қирғизистон президенти билан учрашган Шавкат Мирзиёев икки мамлакат чегаралари очиқ бўлиши кераклигини таъкидлади.

"Агар биз тадбиркор доираларимизни бирлаштирсак, улар кўп нарсага қодир. Жиддий ютуқларга эришамиз. Энг асосийси, биз ўртамизда чегаралар бўлишини истамаймиз. Чегараларимиз очиқ бўлиши керак," деди Остонада Шавкат Мирзиёев жумладан.

XS
SM
MD
LG