Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:23

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги бир қишлоқда халқ дипломатияси йўли билан сув муаммоси ҳал этилди


Ўзбекистоннинг Сўх анклави билан чегарадош бўлган Қирғизистоннинг Бўзадир, Қоратўқўй, Ширеш қишлоқлари қўшни мамлакатдан келувчи каналда сув танқислиги сабабли 20 йилдан бери мув муаммоси билан яшаб келган. Яқинда ўзбек ва қирғиз қишлоқлари аҳолисининг ўзаро муросага келгани ортидан сув муаммоси ҳам барҳам топди.

Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Қирғизистоннинг Бўзадир қишлоғига экинларни суғориш учун сув Ўзбекистоннинг Шарҳобод қишлоғи орқали келади.

Узоқ йиллардан бери Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтишга киритилган чекловлар оқибатида Шарҳободдан ўтган канал тозаланмай қолгани учун Бўзадир қишлоғида сув муаммоси пайдо бўлган эди. Бунинг ортидан қирғиз қишлоғида экин экилувчи майдонлар ҳам қисқариб кетган.

Йил бошида чегарадош бўлган Қирғизистоннинг Бўзадир ва Ўзбекистоннинг Шарҳобод қишлоғи аҳолиси учрашиб, ўртадаги канални биргаликда тозалашга келишиб олди.

- Икки халқнинг ўртасида сув жанжаллари ҳам бўлиб ўтган. Шарҳобод қишлоғи билан биргаликда чегарада катта йиғин ўтказганмиз. Унда сув масаласида келишиб олганмиз. Бунгача бизнинг қишлоқ раҳбарлари уларнинг раҳбарлари билан халқ орасида бундай йиғин ўтказмаган эди. Шу сабабли сув бизгача етиб келмаган, - деди бўзадирлик Абдипатта Сидиқов.

Халқаро донор ташкилотларнинг молиявий кўмаги билан сув масаласини ҳал қилишга маҳаллий аҳоли жалб қилинди. Маҳаллий даражадаги икки томонлама музокаралардан сўнг Ўзбекистоннинг Шарҳобод қишлоғи ҳудудида жойлашган канал қирғоқлари таъмирланди.

Шарҳобод маҳалла фуқаролар йиғини раҳбари Отамбек Аҳмадбеков қўшни қишлоқлар ўртасидаги муносабатларни таранглаштирган сув масаласининг ҳал этилиши, бундан буён алоқаларни мустаҳкамлабгина қолмай, иқтисодий фойда олиб келишидан ҳам умид билдиришини айтти:

-Муносабатларни яхшилаш керак. Худо берган битта ариқни ҳаммамиз сув ичамиз. Бизнинг ҳудуддан 3та ариқ ўтади. Келгусида муносабатларимиз яна ҳам яҳши бўлишини орзу қиламан. Янги президент сайланди. Шундан кейин муносабатларимиз яхши томонга ўзгараяпти. Ҳукуматларимизнинг ҳам муносабатлари яхши бўлаяпти, - деди Отамбек Ахматбеков.

Сув заҳиралари бўйича мутахасис Абдуҳалил Мадумаровнинг айтишича, икки қишлоқ аҳолиси ўзаро муросага келганидан сўнг, Қирғизистонда ҳам фойдаланилмай қолган ерларга экин экиш ишларини бошлаш режалаштирилмоқда.

-Ҳозир яна 150 метр ерга канал қурилди. Бу канал секундига 3 метр куб сув ўтказади. Менимча, экин ерларнинг қисқариши тўхтайди. 30 йилнинг ичида экин ерлар 700-800 гектарга қисқарган, 5 гектар ер эса жарликка айланиб қолган эди, - деди Абдуҳалил Мадумаров.

Ўтган йилнинг охирларидан бошлаб Боткен вилоятида икки томонлама муносабатларни яхшилаш бўйича турли лойиҳалар бошланган эди. Чегарадош ҳудуддаги икки мамлакат ўртасидан оқиб ўтувчи канални таъмирлаш ишлари ҳам шундай лойиҳалардан бири бўлди.

XS
SM
MD
LG