Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:43

Ўзбекистон чегаралари ёпилиб анклавлар аҳолиси қамалда қолди


Ўзбекистонда мустақиллик байрами байрами арафасида хавфсизлик чораси сифатида чегараларнинг ёпилиши аклавлар аҳолисини қамалда қолдирди. (Анклав - бошқа давлат ҳудидаги қўшни давлатга қарашли минтақаси)
Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Шоҳимардон ва Сўх эксклавлари ҳамда Қирғизистоннинг Барак анклавлари билан транспорт алоқаси икки ҳафтага узилди.

Озодлик манбаларига кўра, Шоҳимардондан Фарғонага кетаётган йўловчилар, ҳатто оғир касали бўлган тез ёрдам машиналари ҳам, қирғизистонлик чегарачилар томонидан ўтказилмаяпти. Айни пайтда, қирғиз расмийлари чегара, мустақиллик байрамини хавфсиз ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон томони ташаббуси билан ёпилганини айтмоқда.

Қирғизистон Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати матбуот котиби Сажира Чоколаева​ Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги эксклави Барак қишлоғига ҳам йўл ёпилгани туфайли маҳаллий аҳолига қийинчилик туғдирмоқда:

“Бу Барак эксклавида яшовчи аҳолига ҳам тегишли. Улар ҳам ўзбекистонликлар сингари 5 сентябргача Қирғизистонга ўта олмайди. Уларни ҳам ўзбек чегарачилари ўтказмайди”, деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати мулозими.

Айниқса, касалхонага иши тушаётганларга жуда қийин бўляпти
Шоҳимардонлик ватандош

​Шоҳимардондан Фарғона шаҳридаги касалхонага бемор олиб кетаётган тез ёрдам машинаси қирғиз чегарачилари томонидан ўтказилмади, дея ар қилди бемор чақалоқнинг отаси Озодликка:

“Мен Фарғона вилояти Шоҳимардон қишлоғида яшайман. Бизда ҳозир йўллар ёпилган. Айниқса, касалхонага иши тушаётганларга жуда қийин бўляпти. Кеча бир яшар фарзандимнинг иситмаси ҳеч тушмаганлиги боис, уни Фарғона шаҳрига “тез ёрдам” машинасида олиб кетишаётганда қирғиз чегарачилари қайтарворишди. Шунақа пайтда ҳеч бўлмаса, “тез ёрдам”ни ўтказса бўладику. Бизлар нима қилишни билмай қолдик”, деб ёзади шоҳимардонлик ватандошлардан бири.

Аммо, Сажира Чоколаева икки давлат ўртасидаги чегаралар ўзбек томони ташаббуси билан ёпилганини таъкидлайди:

“Биз йўлни бир томонлама ёпганимиз йўқ. Бу ўзбек томонининг ташаббуси билан бўлди. Улар мустақиллик байрамида ўтказиладиган тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш учун икки давлат фуқароларининг борди-келдисига 22 августдан бошлаб вақтинча чеклов жорий қилди. Бу чекловга кўра, ўзбекистонликлар Қирғизистонга, қирғизистонликлар Ўзбекистонга ўта олмайди”, деди Сажира Чоколаева.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара-божхона постларида одам ва автомобиль ўтказиш 22 августдан бошлаб тақиқланган.

Бироқ Ўзбекистон расмийлари ўз эксклавлари билан чегара ёпилмаганини иддао қилмоқда.

Фарғона тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими йўл қирғиз чегарачилари томонидан бир томонлама ёпилганини айтди:

“Қирғизистоннинг Қадамжой деган жойидаги пост ёпилган. Ўзбек чегарачилари ҳеч нарса дегани йўқ, келганларни ўтказиб юборяпти. Қирғизистон ўзи бекитиб ташлади, 5 сентябргача энди шунақа қилади, деяпти”, деди ҳокимлик мулозими.

Фарғона вилоятининг Юқори Водил чегара-божхона постининг исми сир қолишини сўраган мулозими ҳам, чегара қирғизистонлик расмийлар томонидан ёпилганини билдирди:

“Байрам арафасида чегараларни ёпишибди. Лекин бизда бу муаммо йўқ. Шоҳимардонликларни қирғиз чегарачилари ўтказмаяпти. Биз томондан Сўх ва Шоҳимардонга йўл очиқ, фақат Қирғизистон ўтказмаяпти”, деди чегара пости мулозимларидан бири.

Байрам тадбирлари азоблари

Ўзбекистон ҳар йили Наврўз, Мустақиллик байрами арафасида қўшни давлатлар билан бўлган чегараларда одамларнинг борди-келдисига чекловлар жорий қилади.

Бу чекловлардан айниқса экслкавлардаги туман ва қишлоқларда яшайдиган аҳоли азоб чекади. Қарийб икки ҳафта давомида бу ҳудудларнинг “катта ер” билан алоқаси деярли узилади.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Шоҳимардон эксклавида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири, бундан айниқса, тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолганлар кўпроқ жабр кўришини айтади:

“Бизнинг Шоҳимардонда касалхона йўқ. Қишлоқ врачлик пунктлари бор, холос. Шундай бир шароитда вилоят касалхонасига олиб борилиши шарт бўлган беморларнинг аҳволи не кечишини бир тасаввур қилинг. Ўзинг учун ўл етим, деганлари шу бўлса керак”, деди маҳалла фаоли.

Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари кўрадиган чора-тадбирлар икки мамлакат ўртасида мавжуд баҳсли ҳудудлар муаммосини яна кун тартибига олиб чиқади.

Расмий Тошкент миллий байрамлар арафасида қўшни давлатлар билан ўзаро борди-келдини чеклаш орқали мамлакат ичкарисида хавфсизликни таъминлашига ишонади. Ўзбекистонга ҳаво қатновлари узилишсиз давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG