Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:25

МХХчилар Сергелида Мирзиëевга топширилган янги уйларда “уй соҳиблари” ролини ўйнаб берди


17 ноябрь куни президентга топширилган Сергелидаги янги уйлар манзараси.
17 ноябрь куни президентга топширилган Сергелидаги янги уйлар манзараси.

17 ноябрь куни Ўзбекистон расмий ва норасмий матбуоти президент Шавкат Мирзиëевнинг Сергели туманида қурилган янги уйларни бориб кўргани¸ ”янги уй соҳиблари” билан учрашгани ҳақида ëзди. Бу уйларни бевосита кўриб¸ янги уй эгалари билан бевосита гаплашишга уринган тошкентлик фаоллар¸ 17 ноябрь куни президентни “янги уй соҳиблари” сифатида қарши олганларнинг аксарияти МХХ ва шаҳар ҳокимияти ходимлари эканини аниқлади.

Бу ҳақда Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраган тошкентлик блоггерлардан бири хабар берди.

Мен ҳам бугунги хабарларни эшитиб¸ янги маҳаллани кўриш учун бордим. Янги уйларнинг кўпчилиги бўм-бўш¸ президентга кўрсатилган уйлардаги хонадонларни кўриб¸ уй эгаларини табриклаш учун анча-мунча эшикни жингиллатиб кўрдим. Эшикни очганларнинг айримлари МХХ ходимлари¸ айримлари ҳокимият расмийлари бўлиб чиқди. “Президент келиб-кетгунча ўтириб туринглар¸ дейишди¸ шунга бир кеча бўлди¸ ўтирибмиз. Тадбир ўтгунча ўтириб туриш айтилган”, деди ўзини МХХ ходими деб таништирган киши. Бирор хонадонга унинг ҳақиқий эгасини кўчиб кирганига шахсан мен гувоҳ бўлмадим”¸ дейди Озодликка фаол блоггерлардан бири.

Бу суҳбатдошнинг айтишича¸ нафақат янги уйларнинг 1-2 қаватидаги хонадонлар¸ балки унинг ташқарисида президент келиб-кетгунча халқ бўлиб тўпланиб турганлар ҳам МХХ¸ мелиса¸ ҳокимият ва қурилиш идораси вакиллари бўлиб чиққан.

Хуллас¸ бугун президентга арзон уйларда яшайдиган халқ қилиб кўрсатилганларнинг деярли ҳаммаси махсус хизматлар ва ҳокимият одамлари¸ содда қилиб айтганда¸ "санъаткор"лар бўлиб чиқди”¸ дейди бу суҳбатдош.

17 ноябрь куни журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам Озодлик сўрови билан Сергелидаги президент бориб кўрган уйларни айланиб чиқди.

17 ноябрь куни Сергелидаги янги уйлар Мирзиёевга топширилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:23 0:00
Бевосита линк

Ташанов ҳам янги уйларга ҳали уларнинг ҳақиқий эгалари кўчиб кирмаганига гувоҳ бўлганини айтади:

- Мен ҳам хонадонларнинг эгалари билан гаплашай деб кўрсам¸ хонадонлар бўш экан¸ ҳали кўчиб келишмапти. Ўша ерда юрганлар билан гаплашсам¸ президент қатнашадиган очилиш маросимига ҳокимият вакиллари ва бошқалар навбатчи бўлиб туриб турдик хонадон эгаларидай¸ деган гапларни айтишди. Шу яқин атрофдаги маҳаллаларда янги уйлардан квартира олган бир-иккита одам президентга кўрсатиш учун олиб келинипти. Тушунишимча¸ буларнинг ҳаммаси хавфсизлик нуқтаи назаридан қилинган¸ ҳеч ким кўчиб кирмаган. Эртадан кейин кўчиб киришга рухсат берилиши мумкин¸ дейишди. Ўзи ҳали умумий иситиш тизими ҳам ишга тушмаган¸ ҳаво анча салқин¸ иситишсиз бу уйларга кириб бўлмайди¸ деди бевосита Сергелидаги янги уйларни айланиб чиққан Абдураҳмон Ташанов.

Расмий матбуотнинг хабар беришича¸ 17 ноябрь куни президентга топширилган “13 гектар майдонда 66 кўп қаватли уй-жой қад ростлаган”.

Президент қарори асосида Сергели туманида қурилаётган 500 та кўп қаватли уйнинг 66 таси 1 сентябрь – Мустақиллик куни арафаси 2,5 мингдан ортиқ оилага топширилиши керак эди.

Бу “топширилиш”нинг кечикишини изоҳлаган Тошкент бош архитектори Асомиддин Тожиев ўтган ой бошида “Сергели туманининг ер ости сув сатҳи юқорилиги қурилишни мураккаблаштиргани¸ шунингдек лифт ўрнатиш билан боғлиқ техник ва кадрлар масаласи ҳам уйларни мустақиликкача битиришга имкон бермаганини" айтган эди.

6-А деб аталган мавзеда¸ 7 ва 9 қаватлик уйлар баробарида ЎзАнинг ëзишича¸ “240 ўринли боғча, 630 ўринли мактаб, 61-сонли оилавий поликлиника, бассейн, милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрассалар барпо этилган”.

Озодлик билан бевосита ушбу мавзедан туриб гаплашган гувоҳлар¸ ҳозирча бу объектлар аксарияти қурилишининг битмаганини айтдилар.

Янги уйлар кимларга¸ қанчадан сотилди?

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели тумани, Спутник даҳасида жойлашган барак уйларда яшовчилар билан 2016 йилнинг 25 сентябрь куни ўтказган учрашувидан сўнг бу уйлар ўрнига кўп қаватли турар-жой бинолари қуришга ваъда берган эди.

Муваққат президент бўлиб турган 2016 йилнинг 22 ноябрь куни Шавкат Мирзиëев «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” махсус қарор чиқарган ва шу қарор асосида Сергелида кам таъминланган оилалар учун 500 та кўп қаватли уй қуриш лойиҳаси бошланган эди.

Ўзбек нашрларига кўра¸ бу лойиҳани молиялаштиришга хориж банклари¸ хусусан¸ Туркиянинг “Зираат” банкидан олинган 200 миллион долларлик кредит сарфланган.

Бу уйлардаги хонадонларни тақсимлаш учун¸ айтилишича¸ Тошкент туманлари ҳокимликларида махсус комиссиялар тузилди¸ айни пайтда¸ тижорат банклари Сергелидаги уйларни сотиб олувчилар учун махсус ипотека дастури ишлаб чиқди.

Норма.уз сайтига кўра¸ “тижорат банклари томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори дастлабки бадалдан ташқари кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг кўпи билан 75 фоизини ташкил этади.

Ипотека кредитлари 3 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7% миқдоридаги фоиз ставкаси ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга расмийлаштирилади.”

Озодлик суҳбатлашган айрим тошкентликлар¸ бу уйлардаги хонадонларнинг нарх-навоси¸ уларнинг Тошкентнинг бошқа районларида хусусий ширкатлар қураëтган янги уйлар нархига нисбатан қарийб икки баробар арзонлигини айтди.

Сергелидаги янги уйлар манзараси¸ уларнинг сифат ва нархи ҳақида Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG