Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:32
Президент оиласи билан сайловга овоз бериш учун келган пайти.
Президент оиласи билан сайловга овоз бериш учун келган пайти.

ЕХҲТ: Сайловда сайловчига чинакам танлов бўлмади

27 октябрь куни Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилди.

Бу Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг ўтказилаётган иккинчи парламент сайловидир.

Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.

Сайловда бирорта ҳам мухолиф партия иштирок этмаяпти.

Мирзиёев сиёсатини қўллаб келаётган, халқ орасида “чўнтак партиялар”, “қўғирчоқ партиялар” номини олган бешта партия сайловда ўзаро курашмоқда.

МСК Либерал-демократик партия, “Миллий тикланиш”, Экологик партия, Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашишга рухсат берган.

Озодлик сайлов жараёнига оид қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилиб боради.

ЕХҲТ: Ўзбекистоннинг парламент сайловларида сайловчига чинакам танлов бўлмади

Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари давом этаётган ислоҳотлар, жумладан, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар манзарасида ўтказилди. Бироқ, сиёсий муҳит чекланган бўлиб қолаверди ва сайловчиларга ҳақиқий танлов имконияти берилмади, дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари.

28 октябрь куни ЕХҲТ Ўзбекистондаги парламент сайловига доир дастлабки баёнотини эълон қилди.

Президент Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59-сайлов участкасида
Президент Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59-сайлов участкасида

"Ушбу сайловлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида муҳим конституциявий ўзгаришлар ва қайта кўриб чиқилган сайлов кодексини ўзида акс эттирган янги аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди," дейди EХҲТнинг махсус мувофиқлаштирувчиси ва қисқа муддатли кузатувчилари раҳбари Азай Гулиев. "Ушбу ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари қоидаларини такомиллаштиришда олға қўйилган қадам бўлса-да, асосий эркинликларни, хусусан, уюшиш, тинч йиғилишлар ва сўз эркинлигини таъминлашда жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда".

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистонда сайловга оид қонунлар босқичма-босқич такомиллашиб, сайловлар техник жиҳатдан пухта тайёрланган бўлса-да, сиёсий партияларни рўйхатга олиш, сайловда иштирок этиш ҳуқуқи, сайловолди кампаниясини молиялаштириш шаффофлиги, фуқароларнинг кузатуви ва сайлов участкаларидаги натижаларни эълон қилиш каби соҳаларда халқаро стандартларга жавоб беришда жиддий муаммолар мавжуд.

ЕХҲТ кузатувига кўра, рўйхатга олинган бешта сиёсий партиянинг барчаси сайловолди

кампаниясини эркин ва қонун доирасида тенг шароитларда олиб боришга муваффақ бўлган. Бироқ уларнинг тарғиботи суст ва ҳукумат сиёсатига ёки бир-бирига қарши ҳақиқий танқидлардан холи бўлгани, оммавий ахборот воситалари томонидан сайловолди жараёнларининг ёритилиши чекланганини таъкидлашади ЕХҲТ кузатувчилари.

"Рўйхатдан ўтган беш партия ҳукумат сиёсатини умумий қўллаб-қувватлагани сабабли сайловчиларга ҳақиқий муқобил вариантлар тақдим этилмади. Бу фуқаролар овозини чинакам ифодалаш учун янада фаол ва рақобатбардош сиёсий муҳитни яратиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди," дейди ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси раҳбари Саргис Ханданян.

Халқаро кузатувчиларга таъкидича, давлат телерадио ва босма оммавий ахборот воситалари қонунга мувофиқ номзодларга бепул эфир вақти ажратган, хусусий телеканаллар сайловолди мунозараларини ташкил қилган, бироқ янгиликлар чекланган ва сайловолди кампанияси таҳлили деярли берилмаган.

Президент Мирзиёев сайловда овоз бериш пайти
Президент Мирзиёев сайловда овоз бериш пайти

Сайлов куни тинч ва тартибли ўтганини таъкидлаган кузатувчилар, айни пайтда кўплаб қоидабузарликлар, ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, процессуал ва техник муаммолар кузатилганини аниқлашган.

“Овоз бериш, овозларни санаш ва якунлаш жараёнида муҳим кафолатлар бир неча бор эътибордан четда қолди, бу эса жараённинг яхлитлиги ва шаффофлигига путур етказди”, дейилада ЕХҲТ ҳисоботида.

Рўйхатдан ўтган бешта сиёсий партиядан жами 875 нафар номзод рўйхатга олинган. Қонунларда партияларни рўйхатга олиш учун оғир талаблар, шунингдек, рўйхатга олишни рад этиш ва партия фаолиятини тўхтатиб туришнинг кенг қонуний асослари сақланиб қолган. Қонунчилик базаси мустақил номзодларга йўл қўймайди, бу эса плюрализм ва сиёсий рақобатни чеклайди.

Халқаро ҳисоботда сайловда номзодлар орасида аёлларнинг яхшироқ иштироки таъминлангани

олқишланиб, айни пайтда қарор қабул қилиш лавозимларида аёллар иштироки пастлигича қолаётганини таъкидланган: 27 вазирдан атиги 2 нафари ва Судьялар олий кенгашининг 12 аъзосидан 3 нафари аёллардир. Барча вилоят ҳокимлари эркаклар ҳисобланади.

ЕХҲТ кузатувчилари сайловолди кампаниясини молиялаштириш масаласига ҳам эътибор қаратган.

«Сайловолди кампаниясини молиялаштириш қоидалари аниқ ва шаффоф эмас, самарали назорат ва жамоатчилик назорати етишмайди. Сайловолди кампаниясини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан ва фақат номзодлар рўйхати тасдиқланган, рўйхатга олинган сиёсий партияларга ажратилади».

МСК раиси: Сайловда давомат 74,72 фоизни ташкил қилди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Тошкентда ўтказилган брифингда 27 октябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловида рўйхатларга киритилган сайловчиларнинг 74,72 фоизи овоз берганини билдирди.

Мулозимга кўра, якшанба кунги овоз беришда сайлов рўйхатига киритилган 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчидан 15 миллион 27 минг 529 нафари участкаларга келиб овоз берган.

МСК матбуот хизмати эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, парламент қуйи палатаси депутатлиги учун сайловда 150 та ўриндан 64 тасини (42,7 фоиз) ЎзЛиДеП , 29 тасини (19,3 фоиз) “Миллий тикланиш” партияси , 21 тасини (14 фоиз) “Адолат” партияси, 20 тасини (13,3 фоиз) ХДП, 16 тасини (10,7 фоиз) эса Экологик партия эгаллашга муваффақ бўлган.

Аммо тармоқлардаги постлар ва Озодликнинг жойлардаги манбалари хабарига кўра, сайловга қизиқиш расмийлар иддаосидан кескин фарқ қилади.

Жумладан, тармоқ фойдаланувчиси Бобуржон Раҳмонбердиев “Негадир бу сафар сайловчилар жуда сийрак, чўғи паст”, дея ёзди.

Комил Алламжонов сайловда овоз берди

Ўзбекистон президенти администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов парламент сайловида овоз берди.

27 октябрь куни Алламжонов сайловда қатнашгани акс этган суратни тармоқлардаги саҳифаларига жойлади ва “Ўз танловимни қилдим” дея пост қолдирди.

Бу Алламжоновнинг 26 октябрь куни Қибрай туманида юз берган суиқасддан сўнг жамоатчиликка биринчи кўриниши.

Бош прокуратура 27 октябрь куни жиноятга алоқадор шахслардан бири гумонланувчи сифатида ушланганини маълум қилган.

Алламжоновнинг ўзи ҳозиргача суиқасд ҳодисасини шарҳлагани йўқ.

Бош прокуратура 26 октябрь тунида Алламжоновнинг Қибрай туманидаги уйи яқинида юз берган ҳодиса юзасидан “суиқасд” бўйича жиноят иши очган, Озодлик суҳбатлашган экспертлар парламент сайлови арафасидаги қотиллик уринишини сиёсий суиқасд дея баҳолашган.

Бош прокуратура ҳодиса юзасидан ҳеч қандай дастлабки фаразни илгари сургани йўқ.

Суиқасд ҳақида Озодлик тайёрлаган видеони томоша қилинг:

Флэшмоб: "Мен бормадим ва тўғри қилдим"

Шоир ва таржимон Фахриддин Низомовнинг парламент сайловига бормагани ҳақида Facebook саҳифасига жойлаган пости ортидан кичик флэшмоб бошланди.

27 октябрь туш пайти Низомов "Мен бормадим ва тўғри қилдим" дея пост қолдирди.

Тармоқ фойдаланувчилари бу пост тагида изоҳ қолдиришар экан, ўзлари ҳам сайловга бормаганликларини ёзишди.

Тўрт соат ичида пост тагида қолдирилган 25та изоҳнинг деярли барчасида сайловга бормаганликлари таъкидланган. 60га яқин киши Низомовнинг қарорини қўллаб, унинг постига лайк босишди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG