Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:44

Ишдан олинган Самарқанд вилояти ҳокими Туроб Жўраев жиноий иш фигурантига айланди


Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев
Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев

12 июль куни бир-биридан мустақил расмийлар ва тадбиркорлар Озодликка Самарқанд вилоят ҳокими 52 яшар Туробжон Жўраев ҳамда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаевнинг 10 июль куни қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган республика ҳуқуқ тизими расмийси Самарқанд ҳокими устидан жиноят иши очилганини тасдиқлади.​

Айни пайтда¸ Озодлик ҳозирча Жўраевнинг жиноят иши фигурантига айланганини тасдиқловчи расмий ҳужжатга эга эмас.

Маҳаллий қурилиш ширкати раҳбари ва вилоят ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозимига кўра¸ вилоят ҳокими ва ўринбосари Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудида 7 ва 9 қаватли уйлар қуриш учун қурилиш компанияларидан пора олганликда гумонланмоқда.

Ўзини вилоят ҳокимининг котибаси деб таништирган аëл Озодлик билан суҳбатда Туроб Жўраевнинг ҳибсга олинганини инкор этмади ва 13 июль куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг йиғилишида кадрлар масаласи кун тартибига киритилганлигини билдириш билан кифояланди.

Маҳаллий матбуот ҳокимни "ишдан олди"

Маҳаллий нашрлар¸ хусусан¸ kun.uz нашри Самарқанд вилояти ҳокими ишдан олиниб¸ унинг ўрнини Эркинжон Турдимов эгаллгани ҳақида ëзди. Бу нашрларга кўра¸ “Сурхондарё вилоятига Тошкент вилояти прокурори Баҳодир Пўлатовнинг янги ҳоким этиб тайинланиши” кутилмоқда. Пўлатов мустақилликнинг дастлабки йилларида “Болалар” эстрада гуруҳининг хонандаси сифатида жамоатчиликка танилган эди.

Каримов порахўрликда айблаб ишдан ҳайдаган ҳоким

2017 йилнинг 13 июнида Шавкат Мирзиëев тарафидан Самарқандга ҳоким этиб тайинланган Туробжон Жўраев Ислом Каримов даврида Сурхондарë ва Қашқадарë вилоятларига ҳокимлик қилган¸ шунингдек¸ 2004-2008 йилларда Халқ таълими вазири бўлиб ишлаган.

Жўраев 2013 йили президент Каримовнинг қаттиқ танқиди ортидан Қашқадарë ҳокимлигидан бўшатилиб¸ мамлакат бошқарув тизимидан буткул четлатилган эди. Ўшанда Жўраев коррупция ва порахўрликда айбланган эди.

Каримов ўлимидан кейин давлат раҳбарлигига келган Шавкат Мирзиëев бошқа "урилган раҳбарлар" қаторида Жўраевни ҳам бошқарув тизимига қайтарди ва уни 2017 йил апрель ойида Бекобод туман ҳокими этиб тайинлади.

Самарқанддаги кўп қаватли уйлар можароси

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий қурилиш ширкати раҳбарига кўра¸ “Самарқанд қадимий қисмида кўп қаватли уй қургани учун устидан жиноий иш очилган тадбиркорлар вилоят ҳоким ва ҳокимликнинг бошқа амалдорларига қарши кўрсатма бергани ортидан мулозимлар қўлга олинган”.

ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда ноқонуний қурилган уйлар масаласи Умумжаҳон маданий мероси қўмитасининг июнь ойи охирида ўтган йиғилишида тилга олингани ортидан Ўзбекистон раҳбарияти бу масалага эътибор қаратган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов 23 июнь кунги Самарқандга бориб¸ “пора эвазига изн олиб шаҳарнинг қадимий қисмида қурилган 7 ва 9 қаватли уйларни бузишни буюрган эди. Бош вазир буйруғидан кейин ЮНЕСКО ҳимоясидаги Мироншоҳ кўчасида «Афросиёб Хосият Бегим макони» ширкати тарафидан қурилган 7 қаватли бино бузила бошланди.

Бино демонтажини амалга оширган «Умар» ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги Бўстонсарой, Шоҳруҳ, Орзу Маҳмудова кўчаларида изнсиз қурилган кўп қаватли бинолар ҳақида маълумот берган эди.

Вилоят ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозимига кўра¸ айни бинолар масаласи ҳам 23 июнь куни Бош вазир тарафидан кўриб чиқилган ва уларни қурган ширкат раҳбарлари устидан жиноий иш очилган.

Маҳаллий қурилиш ширкати раҳбарининг Озодликка айтишича¸ вилоят ҳокимлигида кўп-қаватли уйлар учун рухсат олишнинг коррупцион схемаси мавжуд:

- Ҳар бир ширкат "бегунок" (қарор чиқунга қадар барча идоралар розилиги олингани ҳақидаги ҳужжат - таҳр.) учун 20 минг АҚШ доллари бериб келган. Кейин қуриладиган уйимнинг ҳар бир подъезди учун 25 минг доллардан такса белгилашган. Масалан¸ 8 подъездли 7 қаватли уйга рухсат олиш¸ "бегунок" билан қўшганда 220 000 АҚШ доллар бўлди. Бу пулларнинг асосий қисми ҳоким ва унинг қурилиш бўйича ўринбосарига кетган¸ дея иддао қилди қурилиш ширкати вакили.

Озодлик Туроб Жўраев ва унинг ўринбосарлари¸ жами 10 нафардан ошиқ Самарқанд вилояти бошқарувидаги амалдорлар устидан суриштирув бошлангани ва уларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритишни сўраб Ўзбекистон президенти ва Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Мутасадди идоралар ҳозирча бу хабарни на инкор қилди¸ на тасдиқлади.

Озодлик Самарқанддаги кадр ўзгаришлари ва коррупция текширувлари жараëнини кузатишда давом этади.

(Бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ билганларингизни Озодликнинг Telegram каналига юборинг.)

XS
SM
MD
LG