Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Самарқанддаги Шайх-ул-Ислом мажмуаси музқаймоқхонага айлантирилиши мумкинми?


Самарқанд обидалари
Самарқанд обидалари

Самарқанддаги 6 та тарихий масжид ва мажмуа тадбиркорларга ижарага берилишидан Ўзбекистон маданият вазирлигининг хабари йўқлиги маълум бўлди. Ўзини "Ўзбекистон Маданият вазирлигининг маданий мерос қўмитаси бошлиғи Анвар Эргашевнинг ëрдамчисиман", деб таништирган мулозим Озодликка Самарқанддаги бир нечта обиданинг тадбиркорларга ижарага берилишига оид махсус рухсатнома расмийлаштирилмаганлигини айтди. Расмийга кўра¸ маданий мерос рўйхатига кирган обидалар таъмири билан давлат шуғулланади.

31 июль куни маҳаллий нашрлар, Давлат рақобат қўмитасига таянган ҳолда, Самарқанддаги мажсидлардан баъзилари тадбиркорларга текинга ижарага берилиши тўғрисида хабар қилди.

Айтилишича, тадбиркорлар Янги Хайробод масжиди, Шайх-ул-Ислом мажмуаси, Ёмини мажмуаси, "Кўк масжид", "Ургут" масжидлари, "Маҳмуд Хоразмий" масжидини 5 йилгача бўлган муддатга ижарага олиб, улардан тижорат мақсадида фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг маданий мерос қўмитаси мулозимларидан бири Ҳасанбой Ҳолмуротовнинг Озодликка айтишича, ижарага берилиши назарда тутилаётган масжид ва мажмуалар маданий мерос рўйхатига киритилган.

Мулозим таъкидига кўра¸ обидага зарар етиши мумкин бўлмаган тадбиркорлик фаолиятини маданий мерос рўйхатига киритилган биноларда олиб бориш қонун билан тақиқланган.

Озодлик бу мавзу юзасидан Самарқанд вилоят маданият бошқармаси билан боғланди. Ўзини таништиришни истамаган мулозим¸ ҳали вилоят маданият бошқармаси обидаларни тадбиркорларга ижарага бериш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқмаганлигини билдирди.

Айни пайтда мулозим тарихий обидалар, хусусан, Шайх-ул-Ислом мажмуасида «ошхона¸ музқаймоқ кафеси ëки пиво бар» очиш бўйича келиб тушган таклифлар рад қилинганлигини айтди.

Мулозимга кўра, Самарқанддаги масжид ва мажмуаларни ижарага бериш ташаббуси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июнида қабул қилинган 450-сонли "2017-2019 йилларда Самарқанд туристик салоҳиятини ривожлантириш тўғрисида"ги қарори асосида юзага чиққан.

Ўзбекистондаги маданий мерос обидалари ҳақидаги қатор мақолалар муаллифи¸ Акмал Ризев тахаллуси билан ижод қиладиган тошкентлик санъатшунос Озодлик билан суҳбатда «ўзини ҳурмат қилган давлат ўз тарихий обидасини бу қадар эътиборсиз қолдирмайди», деб айтди:

- Маданий мерос обидасини таъмирлашга пул бўлмагани учун тадбиркорга ижарага бериш цивилизациялашган мамлакатда мутлақо имконсиздир. Реставрация учун спонсорларни жалб қилишнинг бошқа кўплаб вариантлари мавжуд. Билишимча, Давлат рақобат қўмитаси Маданий мерос қўмитасини айланиб ўтиб, бу қарорга келган. Бу эса мавжуд ҳолатнинг қонунсиз ва сурбетликдан иборат эканини билдиради. Бу одамларнинг ғами - фақат пул ишлаш¸ деди санъатшунослик фанлари номзоди Акмал Ризаев.

Суҳбатдош маҳаллий тадбиркорларнинг «таъмир баҳонасида қадимий обидани талаб вайрон қилганига оид бир нечта мисолларни келтирди:

- Хивадаги Нуруллабой саройини кетма-кет тўртта пудратчи таъмир қилди. Бу тўрттала пудратчи устидан кетма-кет жиноий иш очилди. Судга ўзим эксперт ҳулосасини бердим. Қадимий эшик ва кошинкор каминларни ўмаришган. Ўзбекистон шароитида маданий обидани тадбиркорга ишониб бўлмайди. Карамни қуëнга ишониб бўлмагани каби¸- дейди санъатшунос.

Айни пайтда санъатшунос Ғарб мамлакатларида маданий обидалар таъмирига пул ажратганлар солиқдан озод қилинишига ҳам эътибор қаратди:

-Тадбиркор ўз пули билан давлат қилаëтган таъмир ишига ҳисса қўшиши мумкин. Келинг, уларга бу иши учун Ғарбдаги каби солиқ имтиëзи берайлик. Таъмирга ҳисса қўшган тадбиркорлар номини кумуш тахтачаларга ëзиб, обида ëнига осиб қўяйлик. Аммо бунга ҳали анча бор. Рақобат қўмитасининг обидаларни ижарага бериш қароридан ҳосил бўлган хавф катта. Маданий қимматга эга ëдгорлик сариқ чақа эвазига тадбиркор қўлига ўтади. Уни қандай таъмир қилишини тасаввур қилишдан ҳам қўрқаман. Зотан бизда реставрация бўйича экспертлар йўқ. Реставратор сифатида оддий қурилиш фирмалари иш қилмоқда. Улар маданий обьектни вайрон қилишади ва уни ўз мулкига айлантиришади¸ - дейди мунаққид.

Ўзбекистондаги маданий обидfларнинг ўғрилар нишонига айлангани ҳақида маълумотлар кўп.

Масалан, Бухоронинг Вобкент туманидаги 800 йиллик қадимий обида қолдиғининг кошин ўғирланиб¸ Лондонда ким ошди савдосига қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG